Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:30

ҚОЗОҚЧА “МАСЛАҲАТ”


Қозоғистонда бу йил - сайловлар йили. 20 сентябрда мамлакатнинг маҳаллий вакиллик органлари - туман ва вилоят МАСЛАҲАТларига сайловлар бўлиб ўтади.

Республикадаги сиёсий партиялар, қозоғистонлик сиёсатшунослар фикрича, бу йилги сайловларга ошиғич қизиқиш билан қараётирлар.

Маслаҳат - туманлар ва вилоятларнинг вакиллик, қонун чиқарувчи органи. (Совет даврида маҳаллий кенгаш дейиларди.)

Туманлар маслаҳатига, сайловчилар миқдорига қараб 50-60, вилоятлар маслаҳатига 100-120 нафар атрофида депутат сайланади.

Сайловлар пропорционал-мажоритар усулда ўтади. Яъни, сайловга сиёсий партиялар ўз рўйхатлари билан қатнашадилар. Бундан ташқари маслаҳатлардаги муайян ўринлар бир мандатли округлардан сайланувчи "яккахон" депутатларга ажратилади.

Куни кеча бутун республика бўйлаб маслаҳат депутатлигига номзодларни рўйхатга олиш босқичи якунига етди. Шу кунларда сайлов марафонининг навбатдаги босқичи бошланди. Ҳар бир номзод, ёки номзодлари рўйхатини эълон қилган сиёсий партиянинг сайловчилар билан учрашувлари, уларнинг овозларини олиш учун беллашувлари бошланди.

Маслаҳатга бўладиган сайловларда овоз олиб қолиш учун ҳокимият партиялари ҳам, мухолифатдаги ҳаракат ва партиялар ҳам "от солишган". Қозоғистонлик сиёсатшунослар ҳокимият партиялари сифатида "Отан", "Азаматтик", партияларини, аграр партияни тилга олишади.

Маҳаллий ижроия ҳокимият органлари сайловолди курашида бу партиялар учун керакли шароитларни яратиб, мухолифатчи партияларга эса босим ўтказмоқдалар, дейишади Озодлик мухбири билан суҳбатда бундай партиялар вакиллари.
"Ақ жол" демократик партияси - ўшандай босим остидаги партиялардан бири. Унинг лидери Алихан Байменов шундай дейди:

- Жойларда биз ўта қаттиқ босимга дуч келаяпмиз. Масалан, Павлодар вилоятидаги бир туман ҳокими: "Мен ҳоким эканман, бизнинг туманда "Ақ жол" партиясидан битта ҳам номзод маслаҳатга депутат бўлмайди", деган, - дейди Алихан Байменов.

"Қозоғистоннинг демократик танлови" ҳам маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари босимига учраётган сиёсий ташкилотлардан бири. Бироқ, биз барибир сайловда қатнашамиз, чунки маслаҳатларга бўладиган сайловлар ўзимизни халққа кенгроқ танитиш, ғояларимизни ёйиш учун бир имкониятдир, дейди ҳаракатнинг Олмаота шаҳар бўлими раҳбари Маржан Асфандиёрова:

- Бўлажак сайловлар ҳақида турли гаплар айтилмоқда, сайловлар олдингиларига ўхшаб адолатсиз бўлади, қонунбузарлик бўлади, деганлар кўп. Бу, албатта, бор гаплар. Бироқ, сайловлар халқнинг фаоллигини орттириш, халқ билан мулоқот қилиб олиш учун бир имкониятдир ва биз бу имкондан фойдаланиб қолмоқчимиз, - дейди Маржан Асфандиёрова.

Маҳаллий ижроия ҳокимияти босимига учраётган партиялар вакилларининг фикрлари билан танишдингиз. Сиёсатшунослар ҳокимият партияси, деб баҳолаётган "Отан" партияси аъзоларининг сайловолди кайфияти қандай?

Партия фаолларидан бири Нукен Абзалов:

- Бўлажак сайловлар биз учун улкан имтиҳон бўлади. Чунки олдинда парламент Мажлиси сайловлари, кейин президент сайловлари турибди. Биз ўз олдимизга халқнинг муаммоларини вакиллик органларида ҳал қилиш, унга кўмаклашишни мақсад қилиб қўйганмиз, - дейди "Отан" партияси вакили Нукен Абзалов.

Қозоғистоннинг маҳаллий вакиллик органлари - маслаҳатларга бўладиган сайловларда қатнашишга қарор қилган сиёсий партиялар рўйхати анча катта. Қозоғистон коммунистик партияси, Республика халқ партияси, Қозоғистон фуқаролари партияси... Бу рўйхатдан яна бир неча партия жой олган.

Хўш, маслаҳатларга сайловлар нима учун бу қадар қизиқиш уйғотмоқда?

Бу саволга "Ақ жол" партияси лидери Алихан Байменов қисман жавоб берди:

- Сайлов комиссияларини тузиш ҳуқуқи сайлов тўғрисидаги янги қонунга кўра, маслаҳатларга берилади, - дейди Алихан Байменов.

Бошқа респондентлар эса, гарчи вилоятлар ҳокимларини тайинлаш ҳуқуқи мамлакат президентида бўлсада, маслаҳатларнинг ҳам бази муҳим ваколатлари бор, масалан, маҳаллий бюджетни шакллантириш маслаҳатнинг ваколати, бундан ташқари вилоятлар маслаҳатлари мамлакат парламентининг юқори палатаси - Сенат депутатларини сайлаш ҳуқуқига эга, дедилар.

Қолаверса, маҳаллий вакиллик органлари - маслаҳатларга 20 сентябрда ўтказилиши кутилаётган сайловлар 2004 йилга режалаштирилган парламент сайловлари олдидан бош репетициядир.
XS
SM
MD
LG