Линклар

Саддам Ҳусайн ўғиллари ўлими учун қасосга чорламоқда

  • Замира Шукур

“Ироқ собиқ диктатори Саддам Ҳусайн бўйнига ташланган сиртмоқ тобора торайиб бормоқда!” АҚШ раҳбарлари ҳар куни шу каби баëнотни қайта-қайта такрорлаëтган бир кезда, ўзини Саддам Ҳусайн деб тақдим этган шахснинг ироқликлар ва араб дунëсига яна бир мурожаати пайдо бўлди. Сешанба куни ал-Арабия телевидениеси тақдим этган аудиоëзувда нотиқ, ўғиллари Удай ва Қусай, 14 яшар невараси Мустафо ўлими учун мотамда эканини айтади, уларни Оллоҳ йўлидаги шаҳидлар деб атайди.

Саддам Ҳусайн: “Эй Ироқ халқи, мен чуқур мотамда қардошларингиз Удай, Қусай ва Мустафо ибн Қусайнинг ўлдирилганини билдираман. Улар дўстларни шод, душманни эса ҳасаднок қилиб, Ум Римаҳ, Мосулдаги жиҳодда Оллоҳ хоҳиши билан ҳақиқий мусулмонлар каби жон бердилар.“

Қуръони Карим оятлари билан бошланиб, бутун мурожаат давомида ҳам асосан муқаддас суралардан парчалар келтирилган мурожаатдаги овоз имомларга хос босиқлик билан Удай ва Қусай ўлими тафсилотларини тасвирлаб беради.

Саддам Ҳусайн: “Улар душман билан олти соат давом этган шиддатли жангдан сўнг жон бердилар. Душман улар ўтирган уйга учқичлардан ҳужум қилишга ўтмагунича, Удай ва Қусайни ўлдира олмади. Улар Оллоҳ йўлида урушдилар. Оллоҳ уларни шаҳидликка олиб, бизни сийлади. Энди Оллоҳдан уларни ҳам бошқа шаҳидлар қаторида ўз марҳаматига олишни сўраймиз.”

“Биз Оллоҳ, она ватан Ироқ, халқ ва миллат йўлидаги жиҳодга жонимиз, молимиз, фарзандларимизни тикдик. Агар Саддам Ҳусайннинг икки эмас, юз ўғли бўлганида ҳам, уларни Удай ва Қусай каби жиҳод йўлида қурбон қилган бўларди”, - деб давом этади мурожаатдаги нотиқ.

Ҳозирча гапнинг ўртасида узоқ сукут сақлаб, Ироқ ва араб дунëсини ўз ерини босқинчилардан озод қилиш учун жиҳодга даъват этган бу мурожаат эгаси Саддам Ҳусайн эканини биров инкор ҳам этгани, тасдиқлагани ҳам йўқ. Аммо уни эшитган аксарият ироқликлар овознинг Саддамники эканига ишонишларини айтмоқдалар.

Ироқни америкаликлар ишғол қилганидан бери Саддам Ҳусайн номи остида пайдо бўлган тўртинчи аудиомурожаат билан айни куни, АҚШ қўшинлари ҳам Саддам Ҳусайнни овлаш жараëнини кучайтириб юбордилар.

Сешанба тунда, чоршанба эрта саҳарда Саддам туғилган Тикрит шаҳрида ўтказилган оммавий рейдлар давомида 175 дан ошиқ одам ҳибсга олинди. Улар орасида Саддам тан қўриқчилари деб тахмин қилинаëтган уч шахс ҳам бор. Бундан ташқари, ўказилган 60 дан ошиқ рейд давомида Америка ҳарбийлари Саддамга хайрихоҳ ва садоқатли деб шубҳа этилган қишлоқ ва фермалардаги уйларни бирма-бир элакдан ўтказдилар.

Айни пайтда, АҚШ қўшинлари Ироқдаги энг қудратли қабила бошлиқларидан бири ҳисобланган Эмир Рабия Муҳаммад ал-Ҳабибнинг Бағдоддаги уйига ҳам бостириб кириб, Саддам Ҳусайнни қидирдилар. Чоршанба куни мазкур босқинга норозилик тариқасида Ироқдаги 200 га яқин қабила бошлиқлари ал-Ҳабиб уйи олдига йиғилдилар.

Ўз уйи олдида тўпланганларга Саддамнинг қаерда эканини билмаслигини таъкидлай туриб, ал-Ҳабиб, уни Ислом ақидаларига хилоф бўлса-да, очиқчасига америкаликлар хўрлигига чап бериш мақсадида, ўз жонига қасд қилишга ундади.


Ал-Ҳабиб: ”Мен Саддам Ҳусайн ўз жонига қасд қилса қиладики, америкаликларга таслим бўлмайди, деб ишонаман. Мен унинг ўз-ўзини хўрлик ва ҳақоратга мубтало қилмасдан, умрига ўз қўли билан чек қўйишига ишонаман.”

Саддам Ҳусайннинг ўликми-тирик, тез кунлар ичида қўлга тушажагини таъкидлаëтган АҚШ қўмондонлари, бошига 25 миллион доллар тикилган Саддамнинг қаердалиги ҳақида маълумот олиб келаëтганлар сони Удай ва Қусай ўлдирилганидан сўнг кўпайганини айтмоқдалар.
XS
SM
MD
LG