Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:08

ЧЕЧЕНИСТОН: МИЛТИҚЛИ КИШИ ЎЗГАРДИ. МИЛТИҚ ЎША-ЎША


Сарвар УСМОН 29 июл куни Чеченистонда олиб борилаётган ҳарбий амалиётларга қўмондонлик қилиш вазифаси Федерал хавфсизлик хизматидан Ички ишлар вазирлигига ўтказиб берилди. Хўш, бу ўзгариш нимадан дарак? Чеченистонда 4 йилдан буён олиб борилаётган ҳарбий ҳаракатлар янги босқичга ўтдими?

Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) бошлиғи Николай Патрушев ва Ички ишлар вазири Борис Гризловлар Хонқала шаҳридаги бош ҳарбий базада Чеченистондаги куч ишлатиш салоҳиятига эга бўлган барча идораларнинг фаолиятини мувофиқлаштирувчи минтақавий тезкор штабнинг янги бошлиғини таништирдилар. Шу пайтгача штабни Федарал хавфсизлик хизмати генерал полковниги Анатолий Ежков бошқариб келаётган эди. Бундан буён эса штабга Ички ишлар вазири муовини Юрий Мальцев раҳбарлик қилади.

Бу ўзгаришни изоҳлар экан Ички ишлар вазири Борис Гризлов бундай деди:

- Ҳал қилиниши лозим бўлган вазифа - жамоат тартибини сақлаш, Чеченистон республикаси аҳолиси хавфсизлигини таъминлашдир. Менимча, бу вазифалар айнан милициянинг, Ички ишлар вазирлигининг вазифасидир.

Федерал хизмат хизмати раҳбари Николай Патрушев эса: "Менимча, муносиб тартибни сақлаш учун бир-икки идоранинг ҳаракати етарли эмас. Бу иш билан шуғулланаётган идораларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш лозим ва бу иш билан Ички ишлар вазирлиги шуғулланади",- деди.

- Шу кунда Чеченистондаги вазият мутлақо ўзгача. Йирик жиноятчи гуруҳлар йўқ, борлари эса кичик гуруҳлардир. Шунинг учун ҳам биз "аксилтеррор амалиётлар", деган тушунчадан "жамоат тартибини сақлаш", деган тушунчага ўтаяпмиз, - деди Николай Патрушев, Чеченистондаги ҳарбий кучларга умумий раҳбарлик қилишни Ички ишлар вазирлигига ўтказиб беришни шарҳлар экан.

Россиянинг куч ишлатиш салоҳиятига эга бўлган идоралари раҳбарлари Чеченистонда жамоат тартибини ўрнатишга бел боғлаганлари ҳақида гапирар эканлар, уларнинг бу ҳаракатларини шарҳлаган оммавий ахборот воситалари Федерал хавфсизлик хизмати ҳамда Ички ишлар вазирлиги ходимларининг ўзлари Чеченистонда йўл қўйган қонунбузарликлар ҳақида ёзмоқдалар.

Масалан, Германиянинг "Де Велт" газетаси ўзининг сўнгги сонида Федерал хавфсизлик хизматининг бу республикадаги фаолияти ҳақида мана бундай деб ёзди:
- Федерал хавфсизлик хизмати, энг аввало, Чеченистон қишлоқларида шафқатсизлик билан ўтказган тозалаш амалиётлари (зачисткалари) билан танилди. Бу идоранинг ходимлари юзларига қора ниқоб тақиб, номерларига қора бўёқ чапланган бронетранспортерларда юрадилар ва уруш бошланганига тўрт йил бўлибдики, тинч аҳолини террор қилиш билан бандлар. Маҳаллий аҳоли уларни "ўлим эскадронлари", деб атайди. Кремл эса бундай гапларни инкор этади.

Худди шундай гапларни Москвадаги инсон ҳуқуқлари "Мемориал" маркази ҳамда бошқа қатор халқаро ташкилотларнинг Чеченистон бўйича ёйинлаган баёнотларида ўқиш мумкин.

Федерал хавфсизлик хизмати ходимларидан Ички ишлар вазирлиги қўшинлари сафларида хизмат қилаётганлар ҳам асло қолишмайди, деди бизга берган интервьюсида чеченистонлик журналист Лёма Чабаев:

- Республикада йўл қўйилаётган тартибсизликларнинг асосан ҳаммаси, жабрланганларнинг, ҳуқуқ ҳимоячиларнинг гувоҳлик беришларича, Ички ишлар вазирлиги қўшинлари аскарлари томонидан амалга оширилган.

Республикадаги куч ишлатиш салоҳиятига эга бўлган идораларга умумий раҳбарлик қилиш Ички ишлар вазирлигига топширилгани бирон-бир самара берадими, деган саволимизга Лёма Чабаев, "ҳеч қандай самара бермайди", деб жавоб берди.
XS
SM
MD
LG