Линклар

logo-print

БАЛКИ, ФОҲИШАХОНАЛАР ОЧИШ КЕРАКДИР?

  • Сарвар Усмон

Бундан уч-тўрт йил муқаддам Ўшдаги мадраса мударрисларидан бири билан хос суҳбатимиз чоғида, гап айланиб келиб, фаҳш билан боғлиқ муаммоларга тақалган эди. Ўшанда мен, фоҳишалик ва фоҳишабозликни йўқ қилишнинг иложи йўққа ўхшайди, балки фоҳишахоналар очишга давлат расман рухсат бериши керакдир, деб ўсмоқчилаб берган саволимга, суҳбатдошим, "ҳа, рухсат бериши керак", деб жавоб берган эди.

Кутмаган эдим бундай жавобни.

Бугун ўша суҳбатни эслаб, ё кесатиб айтувдимикана, деб ўйлай бошладим.

Кесатмовди шекилли...

Агар, мадраса домласига берган саволим бугун ўзбекистонликларга берилса, қандай жавоб олинган бўлур эди?

"Йўқ, рухсат бермаслиги керак", деган жавоб бўлишини тахмин қилиш мумкин.

Айни пайтда шаҳарларнинг катта кўчаларида гурас- гурас фоҳишалар...

Улар ўз касбларини ҳатто мухбирнинг микрофонига ҳам баралла айта бошлаганларига анча бўлди:

- Йўқчилик, ҳамма нарса қиммат, шунинг учун юрамиз, фоҳишалик қиламиз, - деган эди Тошкент кўчаларидаги аёллардан бири.

Ўз касбларидан уялмай қўйган бундай аёлларнинг, қилаётган ишлари тўғрилигини асослаш учун ўзларига яраша фалсафалари ҳам бор. Фоҳишалигини яширмаётган аёлнинг ҳамкоримиз Садриддиннинг мана бу саволига берган жавобини эшитинг:

- Уялмайсизми, бу иш билан шуғулланишга?
- Нега уялайлик, ўзимизнинг нарсамизни сотамизку?!

Материалимиз мана шундай "сотувчи"ларнинг масаласи бошқа мамлакатларда қандай ечилаётгани тўғрисида.

Буюк Британияда чиқадиган "Экономист" журналининг сўнгги сонида ёритилган бир мақолада Янги Зеландияда фоҳишалик қонуний хизмат кўрсатиш тури сифатида тан олинганлиги айтилади. Бу мамлакатда фоҳишахоналар очишга рухсат берилди. Эндиликда янгизеландиялик қўшмачилар қонуний асосда ишлай бошлайдилар, очган корхоналарида ишловчи ходималарнинг хавфсизлигини таъминлаш масъулиятини ўз зиммаларига оладилар. Ходималарнинг гигиенаси ҳақида ўйлаш масъулияти ҳам корхона эгаси зиммасида.

Гапни узоқ юртлардан бошладик. Ўша юртлардан давом эттирайлик. Австралия унитар давлат бўлишига қарамай, биз ўрганаётган масала бутун мамлакат бўйлаб бирдай ҳал қилинмаган. Масалан, Сиднейда фоҳишахоналар очишга расмий рухсат берилган, Австралиянинг ғарбида эса, рухсат йўқ.

Европага ўтамиз. Мамлакатга бошқа давлатлардан импорт қилинаётган фоҳишалар сони йилдан-йилга ортиб бораётганидан ташвишга тушган Италия Бош вазири Сильвио Берлускони яқинда фоҳишахоналарни қайта очишга рухсат берайлик, деган таклиф билан чиқди. Бу мамлакатдаги фоҳишахоналар 1958 йили ёпиб қўйилган эди.

Чехия парламенти аъзолари фоҳишахоналарга қонуний тус бериш керакми, йўқми, деган савол устида бош қотирмоқдалар. Ҳозирча эса, психология доктори Вацлав Мартинекка кўра,
Чехия республикасида фоҳишалик билан шуғулланишга қонун рухсат бермайди, шунга қарамай фоҳишахоналар бор. Лекин улар фоҳишахоналар, деб эмас, бошқача номланадилар. Масалан, массаж салони ва шунга ўхшаш.
Унинг фикрича, фоҳишахоналар очишга рухсат бериш муаммони, ҳеч йўқ, назорат қилиб туришнинг бир усулидир.

Чехия билан бир қаторда Руминия ҳам фоҳишахоналарга қонуний тус бериш керакмикан, деган масала устида бош қотирмоқда.

Айни пайтда фоҳишалик ва фоҳишабозликка қарши курашни кучайтириш йўлидан бораётган мамлакатлар ҳам бор. Масалан, Буюк Британияда кўчаларда мижоз ушлайдиган фоҳишаларга қарши чораларни кучайтириш тўғрисида қонун қабул қилинди.

Айниқса, Швецияда 1999 йили қабул қилинган қонун диққатга сазовордир. Ўша ҳужжатга кўра, бу мамлакатда фоҳишалар эмас, балки уларнинг мижозлари - фоҳишабозлар жавобгарликка тортиладилар. Зино устида ушланган кас 6 ойга озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Бугун сиз билан ўта нозик, ўта уятли масалада бироз суҳбатлашдик. Биз атайлаб, маданияти Марказий Осиё халқлари маданиятидан кескин фарқланадиган юртларда фоҳишалик ва фоҳишабозлик билан боғлиқ муаммолар қандай ҳал қилинаётгани тўғрисида мухтасар маълумотлар бердик.

Маданиятлари қанчалик кескин фарқланмасин, узоқ юртдагиларнинг ташвишлари марказийосиёликларникига қанчалик яқинлигига эътибор бердингизми? Айниқса, биз бугун тилга олган муаммо бўйича?

Ҳа, муаммо бор. Уни ҳал қилиш лозим.

Шаҳарларнинг катта кўчаларида гурас-гурас фоҳишалар юрибди.

Улар қилаётган ишларини ҳечам уят ҳисобламай қўйдилар...
XS
SM
MD
LG