Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:02

Пхенян кўп томонлама музокараларга рози бўлди


Фарангис Саид Кеча Шимолий Корея ҳукумати ядровий муаммони ҳал этиш учун олти томонлама сўзлашувлар олиб боришга рози бўлганини бизга маълум қилди.

Жума куни Сеулдаги матбуот анжуманида Жанубий Корея Ташқи ишлар вазири муовини Ли Су-Хюк Пхенян қарорини айнан шу сўзлар билан маълум қилди.

Демак, эндиликда Шимолий Корея ядровий дастури масаласини ҳал этишда нафақат Пхенян ва Вашингтон, балки Жанубий Корея, Япония, Хитой ва Россия иштирок этадилар.

Музокаралар қачон бошланиши ва қаерда бўлиб ўтиши ҳозирча номаълум. Буни АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Ричард Баучер пайшанба куни Вашингтондаги брифингда айтиб ўтди. Япония Ташқи ишлар вазири Тошимицу Мотеги жума куни Токиода айни шу фикрни билдирди:

- Биз Шимолий Корея қарорини ижобий баҳолаймиз. Лекин ҳозирча кўп томонлама музокаралар қачон бошланиши ва қай йўсинда олиб борилиши хусусида қатъий фикрга келганимиз йўқ.

Пайшанба куни АҚШ ва Хитой президентлари Жорж Буш ва Ху Цзинтао ўртасида мазкур масала юзасидан телефон суҳбати бўлиб ўтди. Буни назарда тутса, масаланинг қанчалик муҳимлигини тушуниш қийин бўлмайди.

Пхенян қарори, ҳақиқатан ҳам, жуда жиддий ўзгариш, дейишмоқда кузатувчилар. Чунки у Корея яриморолидаги бўҳронни бартараф этиш жараёнининг биринчи муҳим қадами бўлиши мумкин.

Хавайида жойлашган Хавфсизлик тадқиқотлари Осиё-Тинч океани маркази ходими, Шимолий Корея бўйича таниқли мутахассис Александр Мансуров Пхеняннинг ушбу қарорни қабул қилишида АҚШ ёки Жанубий Корея эмас, балки Россия асосий рол ўйнаганини таъкидлайди:

- Путин ва Ким Чен Ир ўртасида уч йилдан буён давом этаётган муносабатлар жуда яқин, уларни дўст, деб аташ ҳам мумкин. АҚШ Хитойга эътибор қаратаётган бир пайтда Путин Ким Чен Ир билан мулоқотни давом эттирди. Мулоқот шахсий мактублар шаклида олиб борилди. Матбуотда бу ҳақда кўп гапирилмаяпти. Лекин аслида айнан Россия - кўп томонлама музокаралар олиб борилиши кераклигини таъкидлаб келган тарафдир.

Вашингтон ҳам азалдан Пхенян билан икки томонлама музокаралар олиб боришдан бош тортган. Чунки АҚШ расмийлари Шимолий Корея уларни шантаж қилиши эҳтимолидан хавотирланганлар. АҚШ Давлат департаменти расмийси Жон Болтон пайшанба куни Пхенян қарори маълум қилинганидан сўнг “Ким Чен Ир учун шантаж қилиш даври ниҳоясига етди”, деб айтиб:

- Ким Чен Ир Пхенянда шоҳона ҳаёт кечираётган бир вақтда юз минглаб одамлар қамоқда чиримоқда, миллионлаб кишилар қашшоқликда кун кечиришга мажбур. Шимолий кореяликларнинг аксарияти учун ҳаёт жаҳаннамга айланган.

АҚШнинг аксарият расмийлари ва қатор мутахассислар бундай кескин баёнотлар Ким Чен Ирни муросага боришга мажбур қилади, деб ҳисоблайдилар.

Хўш, муроса нимадан иборат бўлиши мумкин? Шимолий Корея масаласига жалб этилган давлатлар манфаатлари қандай?

АҚШнинг Филаделфия штатида жойлашган Корея-Америка тадқиқотлари институти ходими Сан-Жу Ким фикрича, АҚШ президентининг бирламчи мақсади – президентликка қайта сайланишдир. “Муродига етиш учун Буш истаган нарсангизни ваъда қилишга тайёр”, - дейди мутахассис. “Буш Корея яриморолида тинчликни сақлаб қолиш ҳақида гапиради, Шимолий Кореяга унга ҳужум қилмасликни ваъда қилади”.

Сан-Жу Ким фикрича, Жанубий Корея, Япония, Хитой ва Россия учун энг муҳими тинчлик бўлиб, улар урушнинг олдини олишга ҳаракат қиладилар.

Шимолий Кореянинг мақсади эса - Бушдан президентликка қайта сайланишидан олдин маълум кафолатлар олишдир. Чунки иккинчи марта президент этиб сайланган Буш Шимолий Кореяга ҳужум қилишга мойил бўлади, деб ҳисоблайди Сан-Жу Ким.
XS
SM
MD
LG