Линклар

Моздокдаги портлаш – Кремл сиёсати маҳсулими?


Фарангис Саид Моздок шаҳридаги ҳарбий касалхонада портлаш юз бергани маълум бўлиши билан у ерга 1000дан зиёд қутқарувчи етиб борди. Изқувар итлар ёрдамида улар портлашдан омон қолганлар, ярадорлар ва жасадларни қидира бошладилар. Ҳодиса жойига етиб борган расмийлар вайрон бўлган бино остида қарийб 25 одам қолиб кетганини маълум қилдилар. Портлаш юз берган дамда касалхонада 98 нафар бемор ва 21 ходим бўлгани тахмин қилинмоқда.

Россия расмийларига кўра, Камаз юк машинаси касалхона дарвозасини бузиб кирган ва қабулхонагача бориб, портлаган. Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходими Михаил Разанов ҳужумни шундай изоҳлади:

- Соат 19да ҳарбий касалхона ёнида автомобилнинг портлаши натижасида касалхона биноси, қарийб 300 квадрат метрга тенг келадиган жой вайрон бўлди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, касалхонада 115 одам бўлган.

Моздок портлаши гувоҳи кўрганларини мана бундай ҳикоя қилади:

- Биринчи бўлиб дарвоза томонидан шовқин эшитилди. Кейин қасир-қусир товушлар, сўнг эса ҳамма нарса бузила бошлади. Бир неча сония давомида чангдан ҳеч нарсани кўриб бўлмади. Бироз ўзимга келганимда, ҳамширани чақирдим. У жавоб берди. Кўп ўтмай иккаламиз жарроҳлик операциясидан сўнг хонада ётган кекса аёлни қутқариш учун у ерга чопдик. Лекин кўз олдимизда хона девори қулаб тушди, деб ҳикоя қилади Моздокдаги портлаш гувоҳи.

Портлашни ҳеч бир тараф ўз зиммасига олмади. Аммо Москва расмийлари унинг чечен исёнчилари томонидан амалга оширилганига шубҳаланмаяптилар. Чеченистоннинг сепаратчи ҳукумати раҳбари Аслан Масхадов вакили Саламбек Маигов Рейтер ахборот агентлигига ҳукуматнинг портлашга алоқаси йўқлигини айтар экан, айни вақтда уни бошқа чечен гуруҳлари уюштирганлари эҳтимолини инкор этмади.

Сўнгги уч ой давомида бу Россияда юз берган олтинчи портлашдир.

Россия президенти Владимир Путин Мудофаа вазири Сергей Ивановни Моздокка юборди. Моздокда Иванов ҳарбий гарнизон раҳбарини ишдан бўшатиб, ҳодиса сабабларини ўрганишга киришди.

Россия ҳарбийлари қароргоҳи бўлмиш Моздок шаҳри илгари ҳам ҳужумлар нишони бўлган. Шу йилнинг июн ойида бир аёл ичида аскарлар ва фуқаролар бўлган автобус ёнида ўзини портлатган, натижада камида 16 одам нобуд бўлган эди.

Жума кунги портлаш қурбонлари – қарийб 80 одам Санкт-Петербург ва Ростов-на-Дону шаҳарлари касалхоналарига етказилди.

Кузатувчилар фикрича, ушбу ходиса Россиянинг Чеченистонга нисбатан олиб бораётган сиёсатини баҳолаш имконини беради. Чунки сешанба куни Кремл Чеченистонда тинчликни таъминлаш вазифасини Федерал хавфсизлик хизматидан Ички ишлар вазирлиги зиммасига юклаган ва бу билан Чеченистондаги уруш тугаганини намойиш қилмоқчи бўлган эди. Бу чечен урушини тезда якунлаш ваъдалари билан президентликка сайланган Владимир Путин учун келаси сайловларда ғалаба қозониш имконини яратиши кутилаётган қадам эди. Сешанбадан буён Ингушетия, Доғистон ва мана энди Шимолий Осетияда Москва назоратидаги федерал қўшинларга қарши ҳужумлар амалга оширилди.

Кремл расмийлари барча ҳужумларга чечен сепаратчилари масъуллигини айтиб, Чеченистондаги вазият нормаллашаётганини таъкидлашда давом этмоқдалар.
XS
SM
MD
LG