Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 14:10

ЎЛГАНГА ҚИЙИН БЎЛДИ


Сарвар УСМОН Августнинг биринчи кунида Қирғизистоннинг Ўшида Марказий Осиё ҳамкорлиги ташкилотига аъзо давлатлар - Тожикистон, Ўзбекистон, Қозоғистон ҳамда Қирғизистоннинг хавфсизлик хизматлари ва ҳуқуқ-тартибот органлари раҳбарлари учрашганлари, улар терроризм, экстремизм ва наркотиклар ғайри-қонуний савдосига қарши ҳамкорликда курашиш масалаларини муҳокама қилганлари тўғрисида ўз вақтида Сизга хабар қилган эдик.

Мазкур учрашув минтақадаги мамлакатлар орасидаги чегаралар билан боғлиқ муаммо ўта чигал эканлигининг яққол далили бўлган Қорасув фожиасидан - ўзбекистонлик чегарачи қирғизистонлик ўзбек йигит Одилжон Уркимбоевни отиб қўйганидан сўнг бир неча кун ўтибоқ ўтказилди.

Хўш, Уркимбоев иши нима бўлаяпти?

Унга қараб ўқ узган чегарачи жазоланадими?

Ўш учрашувига қатнашган раҳбарларнинг эсига келдими бу инцидент?

***
Қирғизистоннинг расмий "Қабар" ахборот агентлиги хабарига кўра, Ўш учрашувининг якуний ҳужжати сифатида томонлар терроризм, экстремизм ҳамда наркотиклар ғайри-қонуний савдосига қарши кураш бўйича ҳамкорликни кучайтириш тўғрисида Баённома имзолаганлар.

Минтақадаги тўрт қўшни мамлакатнинг хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари қўшма машқлар, илмий тадқиқотлар ўтказадилар, бир бирларига маслаҳатлар берадилар, биргаликда билимларини оширадилар, дейилади "Қабар" агентлиги хабарида.

Қирғизистон президенти маъмурияти Мудофаа ва хавфсизлик бўлими бошлиғи Бўлўт Жанузақов
4 август куни Бишкекда ўтказган матбуот анжуманида "Ўш учрашуви иштирокчилари учрашувларда гапирган гапларимиз қоғозда қолиб кетавермай, уларни амалга ҳам оширайлик деган фикрни билдирдилар", - деди.

Тўрт қўшни мамлакат хавфсизлик ва ҳуқуқ- тартибот органлари раҳбарлари терроризм ва экстремизмга қарши курашда чиндан ҳам ҳамкорликни кучайтирарлар, бироқ, оддий андижонлик, ўшлик ёки қорасувликни ташвишга солаётган оддий чегара масалаларичи? Бу масалага уларнинг муносабати қандай?

Келинг, аввал қирғизистонлик ўзбек йигит Одилжон Уркимбоевнинг ўзбекистонлик чегарачи томонидан отиб қўйилиши туфайли очилган жиноий иш қайси босқичга етганига қизиқиб кўрайлик.

Ўш вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи муовини полковник Эркин Эсеналиев Озодлик мухбирига берган интервюсида бу ҳақда мана бу маълумотни берган:

- Ҳозир тергов кетаяпти. Халқаро қоидаларга асосан, биз ўқни ким ва нима сабабдан отганини ўрганаяпмиз, текшираяпмиз. Тергов битганидан сўнг, масала бундай ҳал қилинади: биз жиноий иш бўйича материалларни Ўзбекистонга тақдим этамиз. Улар ўқ узган кишини ўзлари топиб, унинг ҳаракатларига баҳо бериб, жавобгарликка тортадилар, - дейди қирғизистонлик полковник Эсеналиев.

Демак, ўқ узган чегарачи топилади ва Ўзбекистон томони уни жавобгарликка тортади. Шундай хулоса чиқади милиция полковниги жавобидан. Қолаверса, полковникка кўра, ўқ узган аскарнинг кимлиги ҳам аниқланган.

Бироқ, Ўшдаги учрашувда Озодлик мухбирининг мана шу инцидент юзасидан саволига Ўзбекистон республикаси Ички ишлар вазири Зокиржон Алматов берган жавобдан бундай хулоса қилишга эртага ўхшайди:

- Чегарадан ноқонуний равишда қўлбола кўприклардан ўтаётган бўлишса, ноқонуний товарларни олиб ўтаётган бўлишса, чегарачига ҳужум қилишса, кечирасиз, биз нима қилишимиз керак?! Ўзбекистоннинг давлат чегарасини бузиб ўтишган, чегарачига ҳужум қилишган, шунинг учун чегарачи қурол ишлатган, шунинг учун одам ўлган,- деган гапни айтди Ўзбекистон Ички ишлар вазири Зокиржон Алматов Озодлик мухбирининг Қорасувдаги фожиа юзасидан берган саволига жавобан.

Ўшдаги мухбиримиз жаноб Алматовнинг бу гапларини эслатиб, нима учун мазкур инцидент бўйича Ўзбекистон Қирғизистон томонини айблаяпти, деган саволни полковник Эсеналиевга берди. Мана полковникнинг жавоби:

- Бу нима қилиб бўлсаям, ўқ отган ўз фуқаросини ёқлашга ҳаракат бўлиши мумкин. Ёки органлар вакиллари воқеа рўй берган жойни билишмас.

Ўзбекистон Ички ишлар вазири Зокиржон Алматовнинг мухбиримизга айтган гапидан, қирғизистонликлар Ўзбекистонга ўтиб чегарачига ҳужум қилган, деган маъно чиқиб келаяпти.

Одилжон Уркимбоевнинг ўлими сабабларини ўрганаётган Ўш вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи муовини полковник Эркин Эсеналиев эса, мутлақо бошқача маълумот берди:

- Бугунги кунгача олиб борилган тергов ишлари асосида бизда Қирғизистон фуқаролари воқеа юз берган жойда чегарани бузиб, Ўзбекистон ҳудудига ўтиб, уларга қурол билан ҳужум қилишган, деган маълумот йўқ.

Минтақа мамлакатлари хавфсизлик ва ҳуқуқ тартибот органлари раҳбарларининг Ўш учрашуви муносабати билан 4 август куни Бишкекда ўтказган матбуот анжуманида Бўлўт Жанузақов ҳам Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасидаги инцидентларга тўхталиб жумладан шундай деди:


- Қирғиз-Ўзбек чегарасида кейинги пайтларда нохуш воқеалар юз бериб турибди. Бу масала оғир-босиқлик билан, сиёсий йўллар билан ҳал қилиниши лозим. Шу кунда бу масаланинг катта жанжалга айланиб кетиши олдини олиш учун дипломатик йўллардан фойдаланаяпмиз. Бу масала олий даражадагина ҳал қилинадиган масаладир.
XS
SM
MD
LG