Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:39

Қозоғистон Жаҳон савдо ташкилоти эшигини қоқмоқда


Қозоғистон ҳукумати Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишга юксак иштиёқ билан қарамоқда. Яқинда ҳукумат мажлисида Қозоғистон Бош вазири Даниел Ахметов бу ҳақда гапирар экан, Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик Астана учун бош мақсад эканини урғулади. Ахметовга кўра, бундай аъзолик мамлакатдаги иқтисодий ислоҳотларга туртки бўлиши мумкин.

Ўз навбатида Жаҳон савдо ташкилоти ҳам айни фикрда. 146 давлат аъзо бўлган бу ташкилот мақсади маҳсулот ишлаб чиқарувчи ва экспорт қилувчи давлатларга техникавий кўмак беришдан иборатдир. Жаҳон савдо ташкилоти вакили Жозеф Бошнинг айтишича, Қозоғистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзолиги борасидаги сўзлашувлар амалий босқичда. "Қозоғистон ҳукумати музокараларни тезлаштириб, ташкилотимизга иложи борича тезроқ аъзо бўлишга иштиёқ билан қарамоқда. Ўтган ойги учрашувлар чоғида ҳам қозоқ расмийлари бу ҳақда таъҳкидлашди ва ислоҳотлар борасида мажбуриятлар олдилар. Бу жуда муҳим. Очиқ, барқарор ва экспортбоп иқтисодни шакллантиришга қаратилган ислоҳотлар қандай амалга оширилаётгани музокаралар чоғида, албатта, инобатга олинади", - дейди Жозеф Бош.

Бошнинг айтишича, Қозоғистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш учун ташкилот талаблари доирасида савдо соҳасига оид қонунчиликни тубдан ўзгартириб, уларни халқаро нормаларга уйғунлаштириши керак. Гап эса божхона, хорижий ширкатларга лицензиялар бериш ва чет эл сармояси учун қулай шароит яратилишини кўзловчи қонунлар ҳақида бормоқда. Бошга кўра, қозоқ қонунчилигидаги бундай ўзгаришлар мамлакатнинг экспорт ва импорт салоҳиятини оширади.
Бироқ, мустақил кузатувчилар қозоқ иқтисоди Жаҳон савдо ташкилотига аъзоликдан жиддий манфаат кўришига шубҳа билан қарашмоқда. Лондонда жойлашган ("Economic Intelligence Unit") Иқтисодий тадқиқотлар маркази таҳлилчиси Дафне Тер-Сакарян фикрича, бундай аъзоликнинг Қозоғистон иқтисодига таъсири қўшни Қирғизистондаги каби жуда ҳам оз бўлиши мумкин. Қирғизистон Жаҳон савдо ташкилотига 1998 йилда аъзо бўлган эди."Марказий Осиё бозорлари жуда изоляцияланган. Бу давлатлар орасида ўзига хос норасмий савдо-сотиқ алоқалари мавжуд. Улар геосиёсий сабаблар боис, фақат ўз ораларида савдо-сотиқ қилишга қодирлар. Қолаверса, минтақадаги ёпиқ иқтисод ва ёпиқ режимлар вазиятни янада қийинлаштириб юборган. Шундай экан, бу давлатлар расман Жаҳон савдо ташкилоти талабларига бўйсунишлари мумкин. Аммо, коррупцияга муккасидан кетган амалдорлар божхона ва бошқа идораларда қолар экан, ҳамма нарса эски ҳаммо эски тос қабилида давом этаверади", - дейди британиялик таҳлилчи.

Дафне Тер-Сакаряннинг айтишича, Қозоғистонда Жаҳон савдо ташкилоти меъёрларига амал қилинган тақдирда ҳам бунинг мамлакат иқтисодига ижобий таъсири бўлмаслиги мумкин. Британиялик таҳлилчи буни қозоқ саноатининг рақобатбардош эмаслиги билан изоҳлайди. "Қозоғистон, ҳатто ўз иқтисоди қайси соҳада рақобатлаша олишини ҳам билмайди. Чунки, мамлакатнинг нефт ва металлургия саноатидан ташқари бошқа секторлари жуда заиф. Шундай экан, Жаҳон савдо ташкилоти механизмлари Қозоғистонда ишлай бошлаган тақдирда ҳам, бунинг таъсири ёмон бўлиши мумкин."

Қароргоҳи Лондонда жойлашган ("Economic Intelligence Unit") Иқтисодий тадқиқотлар маркази таҳлилчиси Дафне Тер-Сакарян фикрлари эди. Айни пайтда, қозоқ расмийлари ҳам Сакарян айтган муаммоларни идрок этмоқдалар. Қозоғистон парламентининг Иқтисод, молия ва бюджет масалалари бўйича қўмитаси аъзоси Бақберген Досмамбетов, ҳам мамлакат ишлаб чиқариш саноати ривожланмагунча, Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик самарасиз бўлишини айтади. "Ишлаб чиқараётган махсулотларимиз сифат ва нарх жиҳатдан импорт қилинаётган маҳсулотлар билан рақобатлаша оладиган даражада бўлиши керак. Афсуски, ҳозирча маҳсулотларимиз бундай эмас. Бу мақсадга етишиш учун камида икки йил керак бўлади. Шу боис махсулотларимиз сифатини оширмай туриб, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бизга фойдадан кўра, кўпроқ муаммо келтиради", - дейди қозоқ депутати.
XS
SM
MD
LG