Линклар

logo-print

Ўзбекистон-Россия: Самарқанд саммити нимадан дарак беради?


Фарангис Саид Ўзбекистон мустақиллик даврининг илк кунлариданоқ ўзининг Россиядан узоқлашишга қаратилган сиёсати билан қолган пост-совет республикаларидан ажралиб турди. МДҲга қўшилганига қарамай, расмий Тошкент, Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларидан фарқли ўлароқ, мустақил сиёсат олиб боришга ҳаракат қилди. Бу ҳаракатлар, хусусан, ҳамкорлик гуруҳларида қатнашмаслик, давлатлараро муносабатларни кўп томонлама асосга қурмаслик, бу ҳақдаги ҳужжатларни имзоламаслик, ёки имзолаб, уларни бажармасликдан иборат бўлди.

Бундай фикрни кўплаб мутахассислар, шу жумладан Алекс Ватанка ҳам билдиради. У Лондонда нашр этиладиган “Жейнс Сентинел: Россия ва МДҲ” журнали бош муҳарриридир:

- Марказий Осиёнинг беш раҳбари орасида Каримов Москвадан узоқлашишга иложи борича ҳаракат қилиб келди. Маълум маънода, у бунга муваффақ бўлди. Айниқса, 2001 йил 11 сентябр ҳодисалари натижасида Ўзбекистон жуғрофий жойлашувининг муҳимлиги аён бўлди ва унинг ҳудудида АҚШ қўшинлари жойлаштирилди. Буни эса, Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги ижобий ўзгариш, деб баҳолаш мумкин.

Шу билан бирга Алекс Ватанка ҳозирги кунда расмий Тошкент бир тарафдан АҚШ, бошқа тарафдан эса Россия ва Хитой ўртасидаги мувозанатни сақлаб қолишга уринаётгани, бу Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устивор масаласи эканини таъкидлайди.

Балки айнан шу сабабдан Ислом Каримов Путин билан Самарқанддаги учрашуви чоғида Россия аҳамияти ва унинг қайта тикланаётган роли ҳақида гапирди:

- Биз Россиянинг нафақат икки томонлама алоқалар, балки МДҲ доирасидаги роли ва аҳамиятини яхши тушунамиз. Бугунги кунда Россия қайта тикланаяпти ва жаҳон сиёсатида ўзига лойиқ ўринни қайта эгалламоқда. Буни биз ҳам, жаҳон ҳамжамияти ҳам эътироф этамиз.

Мутахассислар, Ўзбекистон раҳбари шу каби баёнотлар қилишга, яъни Тошкентга (ёки, бу сафаргидек, Самарқандга) борган ҳар бир меҳмонга шу тарзда мулозамат кўрсатишга тайёрлигини айтадилар. Яхши бузоқ икки онани эмади деганларидек, Ўзбекистон ҳам Россия, ҳам АҚШ билан ҳамкорлик қилишга ва ёрдам олишга интилмаяптимикан? Ёки Ислом Каримовнинг Россияга қаратилган мақтовлари Газпром билан тузилган шартнома натижасими? Эслатиб ўтаман, 23 июл куни Тошкентда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Россиянинг Газпром компанияси раҳбари Алексей Миллерни қабул қилиб, Ўзбекистон газининг Россия ва Россия орқали Европа мамлакатларига экспорт қилиниши масаласини муҳокама қилган эди.

Ўша вақтда Россиянинг “Независимая газета”си ушбу муҳокамаларни Путин ташрифига тайёргарлик, деб баҳолаган, газетанинг Марказий Осиё бўйича мухбири Виктория Панфилова эса биз билан суҳбатда Россия-Ўзбекистон муносабатларига мана бундай изоҳ берган эди:

- Ўзбекистон азалдан ўзининг ниҳоятда мустақиллиги билан Кремл жиғига тегиб келган. Тошкент МДҲ доирасидаги Муштарак хавфсизлик шартномаси, Евразэс ва бошқа тузилмаларга қўшилмаган. Бундан ниҳоятда ранжиган Кремл Ўзбекистон билан муносабатларда Газпромдан воситачи сифатида фойдаланмоқчи. Бу орқали Москва Марказий Осиёдаги таъсирини кучайтирмоқчи.

Хўш, Россиянинг МОга, хусусан Ўзбекистонга муносабати қандай? У, баъзи кузатувчилар қайд этаётган каби, ўзининг империалистик сиёсатига қайтаяптими?

Ўзбекистон бўйича мутахассис, Индиана университети профессори Мартин Спеклер фикрича, Россия собиқ совет республикаларини бошқа давлат таъсир доирасига бериб юборишни хоҳламаяпти, айни вақтда унинг минтақада эски мақомини сақлаб қолиш учун қудрати етмайди:

- Россия турли сабабларга кўра минтақага нисбатан империалистик сиёсатидан қайтди. Унинг Марказий Осиё республикаларига таъсир кўрсатиш имконлари унчалик катта эмас. Марказий Осиёдаги руслар сони тобора камайиб бормоқда. Бундан ташқари Москва улар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қодир эмас, ёки бундай қилишни истамайди.

Марказий Осиё бўйича яна бир мутахассис, Швеция пойтахти Стокголмда жойлашган Халқаро алоқалар институти ходимаси Лена Йонсон Мартин Спеклер фикрига қўшилмайди. Унинг таъкидлашича, Путин президент этиб сайланганидан буён Россия ташқи сиёсатида ўзгариш юз берди: Кремл собиқ биродарларини ўз таъсир доирасига қайтариш сиёсатини олиб бормоқда:

Путиннинг ўзи бир неча маротаба Марказий Осиёда ўз таъсирини сақлаб қолиш ниятини баён этган ва у амалда ҳам бунга қаратилган сиёсатни олиб бормоқда.

Аммо, дея давом этади Лена Йонсон, 2001 йил 11 сентябр ҳодисаларидан сўнг Марказий Осиёда АҚШ қўшинлари жойлаштирилди, минтақанинг НАТО ташкилоти билан алоқалари чуқурлашмоқда. Бу эса Россия сиёсатига тўсиқ бўлиши мумкин.
XS
SM
MD
LG