Линклар

Россияда ноқонуний миграция муаммоси.

  • Ҳасанжон

Россия Ички ишлар вазирлиги “Россия Федерацияси фуқароси” ва “Чет эл фуқароларининг Россия Федерацияси ҳудудидаги ҳуқуқий ҳолати ҳақидаги” қонунларга қатор тузатишлар киритишга тайёргарлик кўрмоқда. 4 август куни Москвада ўтказилган матбуот конференциясида Ички ишлар вазирлигининг Федерал миграция хизмати бошлиғи Игор Юнаш шу ҳақда журналистларга атрофлича маълумот берди.

Россияда 2004 йилдан бошлаб мамлакатга кириб келаётган чет элликлар ҳақидаги умумий маълумот базаси тизими ишга тушади. Ички ишлар вазирлиги расмийсига кўра, бу чет элликларни тўлиқ рўйҳатга олиш ҳамда миграция карточкаларнинг ноқонуний равишда берилиши олдини олади. Федерал миграция хизмати маълумотига кўра, 2003 йил бошидан бери Россиядаги чет эл фуқароларига беш миллиондан ортиқ пластик миграция карточкалари берилган. Бундай карточкалар ҳозирча фақат Москва шаҳри ва вилоятида берилмоқда. Россиянинг бошқа минтақаларида эса ҳужжатнинг қоғоз нусхаси берилмоқда.

Федерал миграция хизмати бўлими бошлиғи Игор Юнаш, Россия қонунларини бузгани учун 2003 йил бошидан бери 7000 ноқонуний ишчи мигрант мамлакатдан чиқариб юборилганини маълум қилди. Улар, асосан, Тожикистон, Украина, Молдавия, Ўзбекистон ва Беларус фуқароларидир. Юнашга кўра, Россияга пул ишлаш учун келган аксарият чет элликлар расмий рўйхатдан ўтмай ишламоқдалар. Россия ички ишлар вазирлиги расмийси, ноқонуний ишчи мигрантлар Россия Федерацияси вилоятлари, шунингдек, уларни иш билан таъминлаган корхона ва ташкилотлар ҳисобидан ўз ватанларига қайтариб юборилаётганини айтди.

Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, ҳозирда Россияда бир ярим миллионгача ноқонуний мигрант бор. Бундан ташқари 3.5 миллиондан 5.5 миллионгача ишчи мигрант бор. Игор Юнаш ишчи мигрантларга карточкалар бериш, чет эллик ишчи кучларидан самарали фойдаланишни тартибга солишини ҳамда жиноятчиликнинг олдини олишда ёрдам беришини алоҳида урғулади.

Марказий Осиё давлатларидан Россияга пул ишлаш учун борган фуқаролар маҳаллий кишилар томонидан таҳқирланмоқда, уларга турли тазйиқлар ўтказилмоқда. Айрим ҳолларда ноқонуний ишчи мигрантлар дала ҳовлиларга қамаб қўйилиб, бепул ишлашга мажбур қилинмоқда. Буйруқни бажармаган мигрантлар эса калтакланмоқда ва ҳатто ўлдирилмоқда.

Чунончи, Тожикистон Транспорт прокуратураси ходими Қурбонали Муҳабатов яқинда Озод Европа – Озодлик радиосига берган интервюсида Россияга пул ишлаш учун борган Тожикистон фуқаролари ўлдирилаётгани ҳақида шундай деди: “Жорий йилнинг биринчи олти ойи давомида Тожикистон фуқароларидан 211тасининг жасади мамлакатга олиб келинди. Улардан 42 нафари ўлдирилган, 61 нафари турли бахтсиз воқеаларда нобуд бўлган ва 81 нафари ҳар хил касалликлар сабабли оламдан ўтган”.

Елена Буртина Россиядаги қочқинларга ёрдам кўрсатувчи “Фуқаровий ёрдам қўмитаси” номли нодавлат ташкилоти фаоли. Буртина рус миллатига мансуб бўлмаган Кавказ ва осиёликлар россиялик миллатчиларга нишон бўлаётганларини айтди: “Тожиклар, милиция ҳодимлари томонидан сиқувга олинаётган гуруҳлардан бири. Милициядан ташқари, Кавказ халқлари вакиллари сингари тожиклар ҳам россиялик миллатчилар ҳужумига учраяптилар”.

Рўзғор тебратиш учун ўз юртида етарли пул топа олмаётган минглаб ўзбекистонликлар ҳам, бундай хавфу хатарга қарамай Россияга кетмоқдалар. Уларнинг айримларига омад кулиб боқаётган бўлса, бошқалари катта қийинчиликларга дуч келмоқдалар. Россиядаги ўзбекистонлик ишчи мигрантлар вазиятига оид тафсилотларни Тошкентдаги ҳамкоримиз Отабек давом эттиради.
XS
SM
MD
LG