Линклар

logo-print

Бали воқеаси юзасидан суд ҳукми кутилаётган бир пайтда Жакартадаги Марриот меҳмонҳонасига ҳужум уюштирилди.

  • Ҳасанжон

“Қизил хоч” ташкилоти 5 август куни Индонезия пойтахти Жакарта жаҳридаги ҳашаматли Марриот меҳмонхонасига қилинган бомба ҳужумида камида 14 одам нобуд бўлгани ва 140дан ортиқ одам тан жароҳати олганини маълум қилди. Индонезия Мудофаа вазири Матори Абдул Жалил Марриот меҳмонхонасида юз берган портлаш бомба ёрдамида содир этилгани ва у террор акти эканини таъкидлади.

“Мен ишлайдиган меҳмонхона ресторани ва меҳмонхона ташқарисидаги ресторан вайрон бўлди. Дераза ойналарининг парчалари одамларга сачради. Мен йўлак яқинида кетаётганимда портлаш овозини эшитдим. Бу портлаш, чамаси, машиналар турган жойда юз берди. Портлашдан икки бинога зарар етди. Меҳмонхонанинг ўнг томонида жойлашган идораларга ҳам талофат етди”.

5 август куни Марриот меҳмонхонасига уюштирилган бомба ҳужуми масъулиятини ҳозирча ҳеч қайси гуруҳ ўз зиммасига олмади.

Ўтган йил октябр ойида Бали курорт оролида террор ҳужуми уюштирилгани оқибатида 202 одам нобуд бўлган эди. Индонезия ҳукумати “Жамоа Исломия” жангари гуруҳи бундай ҳаракатни такрорлаши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириб келаётган эди. Маълумотларга кўра, “Жамоа Исломия” гуруҳи Усама Бин Ладеннинг ал-Қайда тармоғи билан алоқаси бор.

Ўтган ҳафта Индонезия президенти Мегавати Сукарнопутри парламентнинг ялпи йиғилишида қилган чиқишида мамлакатдаги террор тармоғини таг-томири билан йўқ қилишини айтган эди.

Ҳозирда Индонезияда Бали воқеаси юзасидан маҳкама жараёни бормоқда. Суд мазкур масала юзасидан 7 август куни ўзининг биринчи ҳукмини эълон қилиши кутилаётган эди. Агар судланувчи Амрўзи бин Нурхасим Балида бомба ҳужуми уюштирганликда айбдор деб топилса, унинг олий жазога ҳукм этилиши кутилмоқда.

Австралия Ташқи ишлар вазири Александр Довнер Марриот меҳмонхонасига уюштирилган ҳужум Бали воқеаси билан алоқадор бўлиши мумкинлигини айтди: “Мен разведка маълумотлари билан қайта танишиб чиқаяпман. Бироқ, биз ҳозирча Марриот меҳмонхонасига уюштирилган ҳужум ва Бали воқеаси ўртасида алоқадорлик борлиги ҳақида далилга эга эмасмиз. Эҳтимоли бўлган ҳужумдан хавотирланган эдик. Маслаҳатчиларимиз австралияликларни Индонезияга зарур бўлмаган сафарларини бекор қилиш, террор ҳужумлари, жумладан халқаро меҳмонхоналарга ҳам ҳужум уюштирилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирганлар”.

Ўтган ҳафта Вашингтон расмийлари ал-Қайда аъзолари АҚШ ва бошқа мамлакатларда самолётларни ўғирлашни режалаётгани ҳақида огоҳлантирган эдилар. Бомба ҳужуми уюштирилган Жакартадаги меҳмонхона ҳам дунё мамлакатлари бўйлаб қурилган АҚШга тегишли Марриот меҳмонхоналари тармоғига қарашли.
XS
SM
MD
LG