Линклар

КРЕМЛНИНГ, КЎЧАГА ТЎҒРИ КЕЛМАГАН, УЙДАГИ ГАПИ.


Сарвар УСМОН Ўтган ҳафтада Шимолий Осетиянинг Моздок шаҳридаги ҳарбий госпиталнинг худкуш - бомбачи томонидан портлатилиши, портлаш оқибатида 50 кишининг нобуд бўлиши - Москванинг Чеченистонда олиб бораётган сиёсатидан бир иш чиқмаётганини яна бир бор намойиш қилди. Чеченистоннинг янги конституциясини қабул қилиш билан, кремлдагилар ўйлаганидек, республикадаги вазият изга тушиб қолмади.

Бу йилги ёз Рус аскарлари учун ҳам Чечен сепаратчилари учун ҳам қонли келди. Икки ўртадаги муҳорабага бу йил худкуш-бомбачилар ҳам қўшилди.

Россия расмийлари Шимолий Осетиянинг Моздок шаҳридаги ҳарбий госпиталга қилинган ҳужум қўшни Чеченистондаги сепаратчилар томонидан уюштирилган, деб ишонмоқдалар.

Шу йилнинг баҳори ва ёзида уюштирилган ҳужумлар Кремл Чеченистонда ўз назоратини тўла ўрната олмаётганидан далолат бериб турибди. Масаланинг киши диққатини ўзига жалб этадиган томони шундаки, ҳужумларнинг аксарияти Чеченистондан ташқарида уюштирилмоқда.

Айниқса, худкуш-бомбачилар сифатида
хотин-қизлар ҳаракат қилаётгани эътиборни тортади. Бундай воқеаларни бир чеккадан санаш мумкин.

Энг сўнгги воқеалардан бири сифатида Москванинг Тушино мавзеида амалга оширилган террористик ҳуружни эсланг. Ўшанда ҳам икки аёл ўзларини портлатган, улар билан бирга атрофдаги тинч аҳолидан 15 киши нобуд бўлган эди.

Бир қарашда Кремл Чеченистондаги вазиятни нормаллаштириш борасида қатор ҳаракатларни қилаётгандай: баҳорда республиканинг янги конституциясини қабул қилиш юзасидан референдум ўтказилди; референдум баҳонасида қисман амнистия эълон қилинди; яқинда республикадаги ҳарбий кучлар фаолиятини мувофиқлаштириш иши Федерал хавфсизлик хизматидан Ички ишлар вазирлигига ўтказиб берилди; шу йил кузда Чеченистон президентлигига сайловлар ўтказилади.

Бироқ, вазият кескинлигича қолавермоқда. Хўш, нега?

Озод Европа / Озодлик радиоси мухбири бу саволни Уруш ва Тинчликни ёритиш институти таҳлилчиси, "Чеченистон. Кавказдаги ҳалокат", деб номланган китоб муаллифи Томас де Ваалга берди.

Де Ваалнинг фикрича, Чеченистондаги вазиятни нормаллаштириш учун бир қатор муҳим муаммоларни ҳал қилиш лозим. Улардан биринчиси коррупциядир. Чеченистондаги Россиянинг ҳам ҳарбий, ҳам дунявий расмийлари Чечен урушидан ўзларига пул ишлаяптилар:

- Менимча, бу ўта муҳим омилдир. Менимча, Чеченистондаги рус ҳарбийларининг криминаллашуви барча муаммолар манбаидир. Нефт маҳсулотлари устидан назорат уларнинг қўлида, улар маҳаллий аҳолини қийноққа солиб пул ундириш билан бандлар. Контрактниклар эса, (шартнома асосида хизмат қилувчи аскарлар) Чеченистонга фақат пул ишлаш учун борадиган кишилардир, - дейди Томас де Ваал.

Жаноб де Ваалнинг фикрига Чеченистон муаммосини яхши биладиган экспертларнинг аксарияти қўшиладилар. Бироқ, Кремл бундай баҳоларни эътиборга олмай келаётир.

Масалан, Германияда чиқадиган Келних Рундшай газетасининг 6 август сонида ёритилган мақолада Чеченистондаги бу йилги вазият ва Кремлнинг сиёсати тўғрисида мана бу гапларни ўқиш мумкин:

"Бу йил ёздан бошлаб, Чеченистондаги хавфли вазият анча кучаймоқда. Кремл сиёсатида ақл бовар қилмайдиган хатолар бор эди, улар бугун ҳам бор. Масалан, ўша хатолардан бири – "Грознийда тинчлик қарор топди", деган баёнотлардир. Айни пайтда Россиянинг минтақадаги зўравонлик тизими, қўрқинчни урчитган тизим яна бир бор жиддий синов олдида турибди".


Хўш, бу синовдан қандай ўтиш мумкин? Чеченистон муаммосини қандай ҳал қилса бўлади?

Бу саволни радиомиз мухбири бошқа экспертлар қатори россиялик журналист, "Московские новости" газетасида Чеченистон мавзуида қатор мақолалар ёритган Санобар Шерматовага берди.

- Россия расмийлари олдида фақат икки йўл қолди. Ё террористик ҳужумларни уюштираётганлар тайёргарликдан ўтказилаётган марказларни батамом йўқ қилиб юбориш, ёки музокаралар бошлаш йўли қолди. Агар бу икки йўлдан бир танланмас экан, москваликлар ва умуман, россияликлар доимий таҳлика остида яшашга мажбур бўладилар. Бу эса учинчи йўлдир, - дейди россиялик журналист Санобар Шерматова.
XS
SM
MD
LG