Линклар

logo-print

Гуантанамодаги россиялик махбусларнинг оналари ўғиллари Россияга қайтарилишини хоҳлашмайди.


Акрам Файзулло Афғонистонда террорчилик билан шуғулланганликда айбланиб¸ қўлга туширилган 600 киши ҳозир Гуантанамодаги АҚШ ҳарбий базасида ҳибсда сақланмоқда. Улар орасида саккиз нафар Россия фуқароси ҳам бор. Расмий Москва Вашингтон маъмуриятидан Россиянинг ушбу фуқароларини экстрадиция қилинишни сўрамоқда.

Аммо ҳибсдагиларнинг оналари ўғиллари Россияга қайтарилишини хоҳлашмайди. Бу оналар¸ агар ўғиллари Россияга экстрадиция қилинса¸ улар оғир жазога тортилишидан хавотирланишмоқда. Шундай оналардан бири татаристонлик Амина Ҳасановадир. У ўғли Чеченистонда бўлиб қайтгандан кейин Россия хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан турли таъқиб-тазйиқларга учрайвериб¸ охири Афғонистонга қочиб кетишга мажбур бўлганини айтади. Ҳасанова мактуб орқали ўғлининг аҳволидан хабардор бўлиб турганини гапиради:

“Ҳибсдаги ўғлим мактубида ўзига нисбатан яхши муносабатда бўлишаëтганини¸ овқатлар яхшилигини ва ҳамма нарса тозалигини ëзмоқда. Ўғлимга кўра¸ ҳибсхонадаги шароитлар¸ ҳатто¸ Россиянинг энг машҳур дам олиш саноториясидагидан яхшироқ экан”¸ - дейди Амина Ҳасанова. Аммо у айни пайтда¸ ўғлининг Россияга экстрадиция қилиниши эҳтимолидан жиддий хавотир олаëтганини айтади:

“Ўғлимнинг Россияга қайтарилиши ва Россия қамоқхонасига ташланиши мумкинлигидан даҳшатга тушаяпман. Бундай қилиниши мен учун ва барча мусулмонлар учун ëмон бўлади. Россия қамоқхоналаридан жуда қўрқаман. Ўғлим Россия қамоқхонасига ташлангандан кўра¸ Гуантанамода қолгани маъқулроқ¸ деб ўйлайман”¸ - дейди Амина Ҳасанова.

Қабардин-Балкариялик Нина Адижеванинг ўғли ҳам Гуантанамодаги ҳибсда сақланмоқда. У ҳам¸ ўғли Россияда диний фаолиятлари учун тазйиққа учраганидан кейин¸ Афғонистонга жўнаб кетганини айтади. Нина Адижева ҳам¸ агар ўғли Россияга экстрадиция қилинса¸ у қийноққа солиниши ва қатл этилишидан ташвишланмоқда.

“Мен Қўшма Штатлар маъмуриятидан ўғлимни Россияга экстрадиция қилмасликни сўрайман. Чунки менинг ўғлим 11 сентябрдан аввал Афғонистонга борган. У террорчи эмас¸ балки сиëсий репрессия қурбонидир. Мен Европа Иттифоқига аъзо мамлакатлардан ўғлимга сиëсий бошпана беришларини илтимос қиламан. Агар ўғлим Россияга қайтарилса¸ унинг ҳаëти жиддий тахлика остида қолади”¸ - дейди Нина Адижева.

Айни пайтда¸ Халқаро Амнистия ташкилоти Қўшма Штатлар маъмуриятини Гуантанамода сақланаëтганлар ҳуқуқларини бузаëтганликда айбламоқда. мазкур ташкилот яқинда ëйинланган баëнотларининг бирида Гуантанамода ҳибсда сақланаëтганлар судга мурожаат қилиш¸ адвокатлар ëки яқинлари билан кўришиш имкониятидан маҳрум этилгани¸ шунингдек улар умрининг охиригача озод қилинмаслиги ëки ҳарбий трибунал уларга ўлим жазоси бериши мумкинлигини билдирди.

Шунга қарамай¸ Гуантанамодаги россиялик махбусларнинг оналари ўғиллари Россияга қайтарилишидан кўра¸ бундай тақдирни раво кўришмоқда.
XS
SM
MD
LG