Линклар

КЕЛДИЮ КЕТДИ


Сарвар УСМОН 6 август куни Россия президенти Владимир Путин Малайзияга қилган расмий сафаридан қайтаётиб Самарқандда тўхтагани, бу ерда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан учрашиб, сўзлашувлар ўтказгани тўғрисида Сизга маълумот берган эдик. Бугун бу учрашув тафсилотлари Россия матбуотида қандай ёритилганлиги билан таништирмоқчимиз.

Ҳам бир оддий газетхон сифатида, ҳам хизмат тақозоси билан Россияда чиқадиган газеталарнинг ёзмишларини мунтазам кузатиб келаман. Шунинг учун ишонч билан айтиш мумкинки, рус газеталари 7 август кунгидек ёппасига бир мавзуга ҳеч қачон ёпишиб олган эмас. Тўғрироғи, одатда, газеталар йирикроқ террористик ҳуруж юз берганда мавзу танлашда шундай якдил бўлардилар.

Бироқ, 6 август куни Россияда теракт бўлмади. Хўш, унда нима бўлди? Президент Путин Ўзбекистонга сафар қилди.

Рус газеталарининг "сап-сариқ"лари,
тепса-тебранмаслари ёзмади холос, бу ҳақда. Қолганлари ёзди. Шунинг учун газеталар номларини санаб вақтингизни олмайлик. Гапни сарлавҳалару остлавҳалардан бошлайлик.

"Москва ва Тошкент яқинлашишдан умид узганлари йўқ".

"Россия президенти Ўзбекистон билан ҳамкорлик алоқаларини қайта тиклашга ҳаракат қилди".

"Ўзбекистон Россия билан йўқотиб қўйган савдо иқтисодий алоқаларини қайта тикламоқчи".


Ўқишда давом этаверсак, сарлавҳалару остлавҳалардан иккала мамлакат ҳам иқтисодиятини ўнглаш йўлида бир-биридан умидвор, деган маъно келиб чиқади:

"Ўзбекистон ўзининг авиасозлик саноатини тиклашда Россиянинг сармояларига умид қилмоқда".

"Владимир Путин Ўзбекистондан сотиб олинадиган газ ҳажмини кўпайтириш ғамини еди".


Рус газеталари ёзмишларининг мухтасар мазмуни билан танишдик.

Энди мақолаларнинг сарлавҳаларию биринчи сатрларига чиқарилган фикрларга асос бўлган рақамлару фактларга эътибор берамиз.

"Ведомости" нашрига кўра, Россия билан Ўзбекистон ўртасидаги савдо обороти 2002 йили 20% га қисқариб, 793 млн долларга тушиб қолган. 2003 йилнинг дастлабки 4 ойида яна 5% га пасайган.

Икки мамлакат ўртасида олди-сотди бўладиган асосий товарлардан бири пахтадир. Президент Путиннинг Ўзбекистон сафарини ёритган журналистлардан бири, Время новостейнинг мухбири Аркадий Дубновга кўра, Россия ва Ўзбекистон президентлари Самарқандда Россияга пахта сотиш масалаларини ҳам муҳокама қилдилар.

- Тўқимачилик саноати учун ҳаёт-мамот масаласи бўлган пахтани Россия кейинги йилларда Ўзбекистоннинг ўзидан эмас, иккинчи, учинчи қўлдан сотиб олаяпти, - дейди Аркадий Дубнов.

Қолаверса, деб ёзди бошқа бир газета, Ўзбекистонда мана тўрт йилдирки, мўлжалдагидан оз пахта териб олинаяпти.

Россия газеталарининг хабарига кўра, президент Путин сафари чоғида Ўзбекистондан ундирадиганини ундириб олди: Ўзбекистондан сотиб олаётган гази ҳажмини икки бараварга ошириб қайтди Москвага. Яъни 2003 йили 5 млрд. куб. метр газ олиши керак бўлса, бу рақам 2010 йилга бориб 10 млрд. куб. метрга етади. (Албатта, газни сотгани ёмон эмас, бироқ, неча пулдан сотаяпти, уни сотишдан республика ва ҳар бир ўзбекистонликка нима фойда бор, деган саволлар ҳам борки, бу саволларга жавоб излаш бугунги шарҳимиз доирасига сиғмайди)

Ҳа¸ президент Путин Ўзбекистондан мўлжаллаганини ундирди, бироқ у президент Каримовнинг сўраганини бермади. Газеталарнинг ёзишича, президент Каримов ИЛ-76 МФ ҳарбий- транспорт самолётларини Тошкентда, Чкалов номли заводда қуриб бериб турайлик, деган. Бироқ Владимир Путин "бу масаланинг иқтисодий ва тижорий жиҳатдан мақсадга мувофиқлигини ўйлаб кўришимиз керак", деб жавоб берган. Рус газеталарининг шарҳича, Путиннинг бу гапини халқ тилига ўгирса, "йўқ, раҳмат, самолётимизни Воронеждаям қуриволўрамиз", дегани бўлади.

Самарқандда ўтказган хос суҳбатларидан сўнг, президентлар икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш тўғрисида келишиб олганлари ҳақида гапирдилар. Бироқ, рус газеталари, жумладан "Коммерсант" газетасига кўра, томонлар протоколда белгиланганидан 3 соат кўпроқ гаплашган бўлсаларда, гурунгаларидан айтишга арзирлик бир натижа чиқмаган.

Коммерсантнинг бу писандасига "Время новостей" мухбири Аркадий Дубнов ҳам қўшилади:

- Қайтаётганимизда Самарқанд аэропорти муҳандисларидан бири учрашувдан қандай натижа чиқди, Россия билан Ўзбекистон яқинлашадиган бўлдими, деб сўраганида орамиздан бирон киши ҳам унга нима деб жавоб беришни билмадик, - дейди Аркадий Дубнов, "Время новостей" мухбири.
XS
SM
MD
LG