Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:16

Индонезия суди Бали ҳужумига алоқадорликда айбланган шахсни олий жазога ҳукм қилди.


Ўтган йил октябр ойида Балида содир этилган террор ҳужумлари қурбонларининг оила-аъзолари пайшанба куни Бали суди чиқарган қарорга турлича муносабат билдирдилар.

Индонезиядаги суд мусулмон жангариси Амрўзи бин Нурхошимни, 202 одамни ҳаётдан бевақт олиб кетган ва иккита тунги клубни вайрон қилган бомба ҳужумини уюштиришга алоқадорликда айбдор деб топди.

Ҳакам Мейд Карна Бали судида жиноятчи устидан чиқарилган ҳукмни шундай эълон қилди: “Ҳакамлар ҳайъати судланувчи Амрўзини террор ҳужумларини амалга ошириш билан боғлиқ жиноий ҳаракатларда айбдор деб топди ва уни олий жазога ҳукм этади”.

Амрўзи ҳужум уюштириш учун бомба юкланган кичик ҳажмдаги юк машинасини сотиб олганига иқрор бўлди. Маҳкама жараёнида Амрўзига ҳимоячилик қилган адвокат Вираван Аднан фикрича, бундай иқрор ҳали уни ўлимга ҳукм этиш учун етарли эмас: “Ҳукм чиқаришда ҳайъат назарга олган кўпгина жиҳатлар далиллар эмас, тахминларга асосланган. Биз ҳужумнинг асосий ижрочиси Амрўзи эканига ишонмаймиз. Зотан Амрўзи бомба ҳужуми уюштириш даражасидаги ақлга эга эмас. Шу боис, унинг айби ўлим жазосига лойиқ эмаслигига ишонамиз”.

Индонезия полицияси Амрўзидан ташқари яна 30 шахсни Бали ҳужумини уюштирганликда гумон қилмоқда. Суд чиқарган олий жазо юзасидан Амрўзининг юқори суд органларига шикоят аризаси ёзиш-ёзмаслиги ҳозирча ноаниқ.

Индонезияда суд ҳукми юзасидан ёзилган ҳар қандай аризани кўриб чиқиш учун одатда йиллаб вақт кетади. Охири бундай сўровлар афв этиш учун президентга мурожаат қилиш билан тугайди. Индонезиянинг ҳозирги президенти Мегавати Сукарнопутри эса Бали иши бўйича ўлим жазоси берилишини қўллаб-қувватлади. У жорий йил бошида 6 ўлим жазосини афв этиш ҳақидаги мурожаатга рад жавобини берди.

Бали ҳужумида нобуд бўлганларнинг оила аъзолари суд чиқарган биринчи ўлим жазосини адолатли деб ҳисоблаётган бўлсалар, ҳавфсизлик идоралари, Индонезияда яна террор ҳужумлари амалга оширилиши эҳтимолдан ҳоли эмаслигини қайд этмоқдалар. Индонезия полицияси сешанба куни Жакартадаги Марриот меҳмонҳонасига уюштирилган бомба ҳужуми Бали портлашларига алоқадор шахслар томонидан уюштирилган бўлиши мумкинлигини билдирди. Мазкур ҳужум оқибатида 10 киши нобуд бўлди.

Индонезия Хавфсизлик ва сиёсий масалалар вазири Сусило Бамбанг Юдхоёно, Жакартада уюштирилган бомба ҳужуми Бали портлашлари юзасидан суд ўз қарорини эълон қилиши арафасида атайлаб уюштирилган бўлиши мумкинлигини билдириди: “Ҳозир Индонезияда нозик вазият ҳукм сураётганини била туриб, яъни, Бали иши юзасидан суд ҳукми эълон қилиниши ва бошқа шароитларни ҳисобга олиб, биз хавфсизлик масаласида қўшимча чоралар кўрамиз”.

Бали ҳужуми юзасидан текшириш олиб борилишида амалий ёрдам кўрсатган Австралия ҳукумати ҳам чоршанба куни Индонезияда яна террор ҳужумлари уюштирилиши мумкинлиги ҳақида яна бир бор огоҳлантирди.

Пайшанба куни Австралия Бош вазири Жон Ховард Бали суди чиқарган қарорни қутлади. Аммо кузатувчилар фикрича, Марриот меҳмонхонасига уюштирилган бомба ҳужуми ва 7 август куни Амрўзининг ўлим жазосига ҳукм этилиши - ҳам террорчи гуруҳлар, ҳам Жакарта расмийлари ҳозирда бир-бирларига қарши узоқ йиллар давом этиши мумкин бўлган шафқатсиз урушга киришганидан далолат бўлиши мумкин.
XS
SM
MD
LG