Линклар

logo-print

Сарвар УСМОН Чоршанба куни Туркманистоннинг собиқ Ташқи ишлар вазири Авди Қулиев Москвада калтаклаб кетилди. Хўш, жаноб Қулиевнинг калтакланиши шунчаки бир безорилик маҳсулими ёки расмий Ашхабод томонидан уюштирилган акциями?

Гап нима ҳақда кетаётганлигини дарров илғаб олишингиз учун, Авди Қулиевнинг ким эканлигини эслатиб қўяй. У ҳозир 67 ёшда. Туркманистоннинг собиқ Ташқи ишлар вазири. 1994 йилдан буён Москва яқинидаги Химки шаҳарчасида яшайди. Авди Қулиев муҳожиратдаги туркман мухолифатининг лидери.

Калтакланганидан буён бир кеча-кундуздан кўпроқ вақт ўтди. Озодлик мухбири у билан телефон орқали боғланганида "Соғлиғим яхши, Худога шукур", қабилида гап қилди.

Бироқ, жаноб Қулиев бу жавобни, афтидан, асл аҳволидан келиб чиқиб эмас, таомилдан келиб чиқиб айтган кўринади. Чунки, суҳбат давомидан маълум бўлишича, собиқ вазирни кўрган врачлар унга зудлик билан касалхонага ётишни тавсия қилганлар. Бироқ Қулиев касалхонага ётмаяпти. Хўш нега? Бу масалага бироздан сўнг қайтамиз.

Ҳозир эса, воқеа тафсилотини эшитинг.

Чоршанба куни (6 август) тушдан кейин соат уч яримларда жаноб Қулиев ваъдалашилган бир учрашувда қатнашиш учун автобус бекатига боради. Автобус келиб тўхташи биланоқ, бир йигит пайдо бўладида, "Эй қария, нима ҳадеб туртинаверасиз", деб танбеҳ беради. Қулиев "мен сизни туртганим йўқ", дейди ва шу заҳотиёқ йигит унинг юзига тарсаки тортиб юборади. Қулиев қулаб тушади. Йигит унинг бошига тепа бошлайди. Атрофдагилар Қулиевни ҳимоялаб, милиция чақириш керак, деб қичқира бошлаганларидан сўнг, йигит индамай бурилиб, кетиб қолади.

Қулиев автобусга чиқадию бироз юргач, машинани тўхтатишларини сўраб, тушиб қолади. Уйига қайтади.

- Автобус бекати уйимиздан узоқ эмас эди, бир амаллаб келиб олдим, - деб ҳикоя қилади, жаноб Қулиев, - қарасам, домимизнинг йўлагида бояги йигит турибди. Мени кўрибоқ, яна калтаклай бошлади. Мен яна қулаб тушдим. Яна бошимга тепа бошлади. Охири кетди. Мен зўрға квартирамизга чиқиб олдим, хотиним милиция ва тез ёрдам чақирди.

Юз берган воқеадан Россиянинг марказий газеталари ҳам хабар топдилар. "Известия" газетаси мухбири Авди Қулиевнинг турмуш ўртоғи - Татьяна Қулиева билан боғланган.

- Унинг кўзи жароҳатланган. Ёрилган қошини врачлар тикдилар. Мияси чайқалган. Зудлик билан касалхонага ётиш лозимлигини айтишди. Бироқ, биз касалхонага ётқизишга қўрқаяпмиз. Бундай вазиятда ҳар нарса бўлиши мумкин, - деган Авди Қулиевнинг турмуш ўртоғи.

Худди шундай гапни жаноб Қулиевнинг ўзи ҳам Озодлик мухбирига берган суҳбатида айтди.

Хўш нима учун Татьяна Қулиева эрини касалхонага ётқизишдан қўрқаяпти?

Эр-хотин Қулиевлар чоршанба чунги воқеани Туркманистон хавфсизлик хизматидан кўраяптилар. - Махсус хизмат ходимлари президент Ниёзовнинг буйруғини бажараяпти, Ниёзов бу ишни Туркманистоннинг Москвадаги ваколатхонаси ходимлари қўли билан қилаяпти, - дейишган эр-хотин Қулиевлар журналистларга.

Муҳожиратдаги Туркман мухолифатининг лидери Авди Қулиев яқиндагина Туркманистонга қайтмоқчи эканлиги, у ерда мухолифат фаолиятини қайта тиклаш ниятида эканлиги тўғрисида баёнот берган эди. Шундан сўнг Қулиевнинг сафдошларидан бири Муҳаммад Бердиевни 29 июль куни икки йигит ўласи қилиб калтаклаб кетган эди. Қулиев Бердиев билан Россияда "Озод Туркманистон" деган ном билан журнал чиқарадилар.

Ўша воқеадан бироз олдин Туркманистон президенти чиқишларидан бирида бу икки шахс ҳақида гапирган, унинг гапларидаги Қулиев ва Бердиевнинг ҳаётига таҳдидни сезмаслик мумкин эмас эди. Бу ҳақда журналистларга айтар экан, Татьяна Қулиева "Сапармурод Ниёзовнинг бундай гаплари махсус хизматлар ходимлари учун тўғридан-тўғри кўрсатмадир, мана энди ўша кўрсатмани бажара бошладилар", деди.
XS
SM
MD
LG