Линклар

logo-print

Жакарта портлашларида Жамоаи Исломия қўли бор


Фарангис Саид Индонезия пойтахти Жакарта марказида жойлашган Марриот меҳмонхонасида сешанба куни рўй берган портлаш камида 10 одам ҳаётига зомин бўлди. 100 дан зиёд киши яраланди.

Жакарта ҳодисаси билан ўтган йил октябр ойида 202 одам ҳаётини олиб кетган Бали оролидаги портлаш ўртасида алоқа борлиги тахмин қилинмоқда. Ҳар иккала террорчилик акти Ал-Қоида тармоғининг бир қисми бўлмиш Жамоаи Исломия гуруҳи томонидан уюштирилганлигини исботловчи далиллар мавжуд.

Суд экспертларига кўра, Марриотдаги портлаш жойида калий хлорит моддаси қолдиқлари топилган. Бали портлашларида ҳам айнан шу модда ишлатилган эди.

Индонезия полициясининг жума куни маълум қилишича, портлаш жойида бошқа қолдиқлар орасида бир бош топилган. Бош сурати Жамоаи Исломия гуруҳининг ҳозирда қамоқда сақланаётган икки аъзосига кўрсатилган. Ҳар иккала маҳбус бошнинг улар шериги бўлмиш 28 ёшлик Асман Латин Санига тегишли эканини тасдиқлаган.

Эндиликда полиция Латин Сани бомба ўрнатилган автомашинани меҳмонхонагача ҳайдаб бориб, кириш яқинида портлатганини тахмин қилмоқда.

Индонезия президенти Мегавати Сукарнопутри жума куни Жакартада АСЕАН - Жанубий-Шарқий Осиё давлатлари ассоциациясининг 36 йиллигига бағишланган анжуманда чиқиш қилиб, жумладан мана бундай деди:

- Индонезия нуқтаи назаридан (ва бу фикрга АСЕАНга аъзо бошқа давлатлар ҳам қўшилишади), терроризмга қарши курашда жаҳоннинг барча давлатларидан таркиб топган глобал коалиция, барча жамиятлар, барча дин ва маданиятлар иштирок этишлари керак.

Президент Сукарнопутрининг маълум қилишича, унинг маъмурияти парламентдан террорчиликка қарши кураш учун қўшимча маблағ сўрайди. Айни вақтда Жакарта расмийлари полиция ишини юқори баҳолаб, шу вақтгача Бали портлашларини уюштирганликда гумон қилинаётган 30 одам ҳибсга олингани, улардан бири - Амрозий бин Нурҳасям устидан суд жараёни пайшанба куни ўлим жазосига ҳукм этиш билан якунланганини қайд этмоқдалар.

Марриот меҳмонхонаси эгаси - АҚШ ширкатидир. Бу эса террор ҳужуми айнан Америка фуқароларига қарши қаратилганини тахмин қилишга асос бўлди. Шу сабабдан АҚШ ҳукумати жума куни барча америкаликларни Индонезияга сафар қилмасликка чақирди.

“АҚШнинг Индонезиядаги манфаатлари хавф остида. Асосий таҳдид АҚШ ҳукумат идоралари ходимлари ва биноларига қаратилган”, - дейилади огоҳлантирув баёнотида ва АҚШ расмий идораларида жиддий хавфсизлик чоралари кўрилгани туфайли террорчилар оддий фуқаролар ва хусусий ширкатларга ҳужум қилишлари мумкинлиги билдирилади.

“Улар орасига америкалик ва ғарбликлар яшайдиган ёки йиғиладиган, ташриф буюрадиган ва савдо қиладиган жойлар, шу жумладан меҳмонхоналар, клублар, ресторанлар, савдо марказлари, хонадонлар, транспорт тизими, черков ва ибодат қилишнинг бошқа жойлари, мактаблар ва бошқалар киради”, - дейилади баёнотда.

АҚШ маъмурияти билан бир вақтда Австралия ҳукумати ҳам Индонезия миллий байрами – 17 август арафасида мамлакат бўйлаб террор ҳужумлари уюштирилишидан огоҳлантирди. Австралия Бош вазири Жон Ховард Жанубий-шарқий Осиёнинг барча ҳудудлари таҳдид остида эканини яна бир бор таъкидлаб ўтди.
XS
SM
MD
LG