Линклар

logo-print

Бағдоддаги портлашни иорданиялик Зарқавий уюштиргани тахмин қилинмоқда


Фарангис Саид Пайшанба куни Бағдоддаги Иордания элчихонаси ёнида бомба ўрнатилган бир автомашина портлади. Натижада камида 17 одам, шу жумладан 5 ироқлик полициячи нобуд бўлди. Ўнлаб одам яраланди.

Ҳозирга қадар автомашинага ўрнатилган бомба узоқдан бошқарилгани аниқланди. Унинг портлаши натижасида элчихона деворида 9 метрлик тешик қолган. Қўшни бинолар ҳам вайрон бўлган. Элчихона яқинида турган автомашина уч қаватли қўшни бино томига учиб тушган.

- Цивилизациялашган дунё бирлашиб, терроризмнинг барча кўринишларига қарши курашиши лозим. Бағдоддаги портлаш каби ҳодисалар рўй беришда давом этса, биз 21-асрда олға юра олмаймиз, - деди ҳодиса юзасидан АҚШ Давлат котиби Колин Пауэлл.

Президент Жорж Буш маъмурияти ишни ўрганиб чиққанидан сўнг, портлашни Абу Мусаб Зарқавий уюштирганлигини тахмин қилаётганини маълум қилди. Асл иорданиялик Зарқавий Ал-Қоида террор тармоғи раҳбари Усама бен Ладенга яқин одамлардан биридир. Буш маъмурияти маълумотларига кўра, у 2002 йил май ойида касалхонада даволаниш мақсадида Афғонистондан Ироққа борган, сўнг террорчилик актларини тайёрлаш учун у ерда қолиб, Ал-Қоиданинг 20дан зиёд террочисига бошчилик қилган.

Буш маъмурияти томонидан жума куни тарқатилган маълумотларга кўра, Зарқавий Ансар ал-Ислом - Ироқ шимолидаги тренинг лагерига эга бўлган, коалиция қўшинлари бостириб кирганларидан сўнг тарқатиб юборилган гуруҳ билан яқин алоқада бўлган. Оқ Уй тарқатган маълумотномада айтилишича, “Ал-Қоида аъзоси бўлмиш Ансар ал-Ислом гуруҳи ҳамон Ироқда фаолият олиб бормоқда. У АҚШ қўшинларига қарши хуруж уюштиришга тайёргарлик кўраётир”.

Бағдоддаги портлашни ўрганиш мақсадида АҚШ Федерал разведка бюроси ўз ходимларини Ироққа юборди.

АҚШ Давлат котиби Колин Пауэлл террорчиларга улар мағлубиятга учрашларини намойиш қилиш лозимлигини таъкидлади:

- Террорчилар биз қўрқмаслигимиз, чекинмаслигимизни яхши билишлари лозим. Биз олға юришга ва уларни қўлга тушуриб, терроризм йўқ қилинмагунича, уларга қарши курашишга тайёрмиз.

Ироқнинг АҚШлик маъмури Пол Бремер Вашингтон террорчилик хуружини уюштирган одамларни топишда Ироқ раҳбариятига кўмаклашишга тайёрлигини билдирди. Пентагон ҳарбийлари эса Ансар ал-Ислом аъзоларини қидира бошлаганларини маълум қилдилар.

Тергов иши давом этар экан, Зарқавийнинг Эронда экани тахмин қилинмоқда.

Унинг портлашни уюштирганликда гумон қилинишининг биринчи сабаби шундан иборат-ки, икки йил олдин Иордания суди Зарқавийни сиртдан суд қилиб, террорчилик ҳаракатлари учун ўлим жазосига ҳукм этган эди. У, шунингдек, ўтган йил октябр ойида Иордания пойтахти Амманда АҚШ дипломати Лоуренс Фоули ҳаётига суиқасд қилганликда гумон қилиняпти.

Иордания АҚШ ҳамкори бўлиб, аксилтеррор коалицияда фаол иштирок этмоқда.
XS
SM
MD
LG