Линклар

АҚШ Туркманистонга жазо санкциялари қўлламоқчи.

  • Абдулла Искандар

Расмий Ашхобод эмиграцияга тўғаноқ бўлмоқда¸ деган гап сўзларга ўтишдан олдин Туркманистон расмий ахборот воситалари 8 август куни тарқатган бир хабарга эътиборингизни қаратсам. Чоржўйлик этикдўз Эркин Эрнапасов баландлиги бир ярим метр ¸узунлиги эса олти метр келадиган улкан этик тикибди. Бу улкан этикни тикишга 30 метр тери сарф бўлгани айтилмоқда.

Этикдўз Эркин Эрнапасов ўз маҳсулоти Олтин асрда шахдам қадамлар ташлаëтган туркманистонликлар тимсоли эканлигини айтади. Аммо оғирлиги 250 килограм келадиган бу этикни жойидан қимирлаши амри маҳол кўринади.

Шу йилнинг биринчи мартидан бошлаб Туркманистон ҳукумати четга сафар қилаëтганлар учун жорий қилган маҳсус ички виза тизими¸ туркманлар оëғига кийгизилган баҳайбат этик каби туюлмоқда. Туркманистонлик журналист Алламурат Раҳим бу ҳақда шундай гапиради.

Алламурат Раҳим:
"Ташқи ишлар вазирлиги тарафидан қўйиладиган бу визани олишнинг ҳеч иложи йўқ. Узоқ мамлакатлар тугул¸ҳатто Ўзбекистон¸ Россия каби қўшни давлатларга ҳам чиқишга изн берилмаяпти.Мамлакат улкан қамоқхонага айланди.Қаттиқ қийин бўлди."

Шу ўринда Туркманистон чиқиш визасини илгари бекор қилиб¸ Ғарб жамоатчилиги таҳсинига сазовор бўлганини ҳам эслаб ўтиш лозим. Аммо Ниëзовга суиқасд қилинди деган даъволар ўртага чиққандан кейин чиқиш визаси яна қайта жорий қилинди. 8 август куни АҚШ президенти Жорж Буш Конгресга йўллаган мактубида Туркманистонни эмиграцияга тўғаноқ бўлаëтган мамлакат сифатида таърифлади.

Туркманистонда эмиграция ҳуқуқлари поймол қилинаëтгани боис АҚШ жазо чоралари қўлламоқчи деган хабар Итар-ТАСС орқали тарқатилгач¸ Россия матбуотида шу мавзудаги мақолалар пайдо бўла бошлади. Ана шундай мақолалардан бири муаллифи Аркадий Дубнов кўрилаëтган чоралар нимадан иборатлигига эътибор қаратади.

Аркадий Дубнов:
"АҚШ президенти Жорж Буш конгресга йўллаган мактубида Туркманистонга қарши жазо чоралари қўллаймиз деганда 1974 йили сенатор Ҳенри Жексон ва Конгресмен Чарлз Веник томонидан савдо қонунига киритилган тузатишни назарда тутди.Жексон-Веник тузатиши деб ном олган бу хужжат¸ ўша пайтда яҳудийларни Исроилга чиқиб кетишига тўсқинлик қилган Совет Иттифоқига қарши қаратилганди".

АҚШ савдо қонунига киритилган тузатиш матнида жумладан шундай дейилади.
"Бозор иқтисодига эга бўлмаган ҳеч бир мамлакат АҚШ билан нормал савдо муносабатлари олиб бора олмайди¸тўғридан тўғри ëки билвосита АҚШ кредитлари дастурида қатнаша олмайди. АҚШ Президенти бу давлат эмиграция ҳуқуқини чеклаганлигини аниқлаган кундан бошлаб бундай мамлакат билан билан ҳеч қандай савдо шартномалари тузилмайди."

1992 йилдан бошлаб Мустақил Ҳамдўстлик мамлакатлари ушбу ҳужжат таъсир доирасига кирди.1995 йилда Грузия ва Қирғизистон эмиграция нормаларига риоя қиладиган мамлакат сифатида бу ҳужжат доирасидан чиқарилди.

1997 йил 5 декабрда АҚШ президенти Билл Клинтон қарори билан Туркманистон эмиграцияга монелик қилаëтган давлатлар сафидан ўчирилди. Бу ҳолат АҚШ ва Туркманистон ўртасида савдо муносабатларининг ривожланишига олиб келганди дейишмоқда кузатувчилар. Аммо кейинги пайтда Расмий Ашҳабаднинг инсон ҳуқуқлари борасидаги орқага қараб ташлаëтган шахдам қадамлари АҚШ президенти Жорж Буш қарорига асос бўлган кўринади. Бу чоралар савдо-сотиқ алоқаларининг асосий қисми МДХ давлатларига тўғри келдиган Туркманистон иқтисодига сезиларли таъсир кўрсатишига кўпчилик шубҳа билдирмоқда.

Туркманбоши витринасидан арзонгаров ўрин олган¸ лекин ҳалққа сотилмайдиган маҳсулотлар қаторига кийиб юришни имкони бўлмаган этик ҳам қўшилди. Бу зил-замбил этик бир пайтлар кўчманчи бўлган туркманларнинг бундан буëғига ҳеч қаерга кўчмасдан ўтроқ яшашга маҳкум этилганлигининг рамзидай кўринади.
XS
SM
MD
LG