Линклар

МУСТАҚИЛ МАТБУОТГА - МУСТАҚИЛ БОСМАХОНА


Сарвар УСМОН Қирғизистон матбуоти Марказий Осиёдаги бошқа мамлакатлар матбуотига нисбатан анчайин эркиндир. Биз "нисбатан" ва "анчайин" деган сўзларни ишлатаяпмиз. Чунки, ҳозирча, қирғиз матбуотини нисбатсиз, яъни тўла эркин дейишга, "анчайин" ўрнига "анча" эркин дейишга бир қатор мустақил газеталарга турли усуллар билан ўтказилаётган босимлар имкон бермайди.

Қирғизистондаги мустақил нашрларга босим ўтказилаётгани сабабини айрим кузатувчилар давлатдан мустақил босмахона йўқлиги билан изоҳласалар, айримлар судларнинг мустақил эмаслиги билан изоҳлайдилар.

1 миллион доллар эвазига очилажак босмахона, балки республикадаги мустақил нашрларнинг муаммоларини ҳал қилар? "Оммавий ахборот воситаларига ёрдам маркази" деган ном билан Қирғизистон Адлия вазирлиги рўйхатидан ўтган мазкур мустақил босмахона шу йилнинг октябрида очилиши режалаштирилган. Бу ҳақда ўтган ойнинг охирида матбуот ходимларининг Бишкекда бўлиб ўтган анжуманида маълум қилинган эди. Босмахонани очиш ташаббуси билан чиққан "Фридом Хаус" ("Озодлик уйи") вакили Майк Стоунга кўра, очилажак матбуот уйи республикадаги ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш билан бир қаторда, минтақа мамлакатларидаги нашрларга ҳам кўмак кўрсатади.

Мустақил босмахонага зарурат борлиги тўғрисида Қирғизистонда анчадан буён гапирилиб келаётган эди. Бундай гапларнинг пайдо бўлишига эса мустақил нашрларнинг Бишкекдаги йирик босмахона комлекси – "Учқун" концернининг турли туман инжиқликларидан зада бўлганлари асосий сабабдир. Октябрда очилажак босмахона тўғрисида илк бор ўтган йилнинг апрелида гапира бошлагандилар, "Фридом Хаус"нинг режасига кўра, -дейди "Журналистлар" деб аталувчи уюшма раҳбари Кубан Мамбеталиев - босмахона ўтган йилнинг октябрида ишга туширилиши лозим эди. Бироқ, айтилган муддатда у очилмади. Сўнгра, апрелда очилади, дейишди. Мана энди октябрда дейишаяпти. Тезроқ очилиб қолса яхши бўлар эди. Мустақил нашрлар бироз эркинроқ ишлай бошлардилар"

Хўш, мустақил босмахона очилишига республикадаги энг йирик босмахона комплекси - "Учқун концерни" раҳбарияти қандай муносабатда?

Концерн президенти Канибек Иманалиев Озодлик мухбирига берган интервьюсида мана бундай деган эди:

- "Фридом Хаус" ташкилоти олиб келаётган босмахона ишлаб чиқариш манфаатларидан келиб чиқиб эмас, сиёсий мақсадларда келтирилмоқда.

Жаноб Иманалиев бошқараётган концерн шу кунда Қирғизистон пойтахтида чиқадиган газеталарнинг мутлақ кўпчилигини босади. Айрим газеталар муҳаррирларининг гувоҳлик беришларича, деб хабар қилади Бишкекдаги мухбиримиз, "Учқун" концернида газеталар босилишидан аввал концерн мутасаддилари томонидан бир қатор кўздан кечириб чиқилади.

Агар мустақил босмахона тезроқ ишга тушса, биз "Учқун" концерни билан боғлиқ машаққатларимиздан қутулиб қолардик, дейди "Республика" газетаси Бош муҳаррири Замира Сиддиқова:

- Газетамизни "Учқун" вақтида босмай қийнайди, баъзида биносигаям киритмай қўяди, газета макетини ўқиб чиқади, турли хил баҳоналар топиб, ишни чўзишга, умуман босмасликка ҳаракат қилади. Янги босмахона ишга тушса, бундай бўлмайди, деб ишонаман.

Сиддиқова хонимга кўра, мустақил босмахона ташкил этилишига ҳокимият тўсқинлик қилиб келди. Бироқ, мана энди, ғишт қолипдан кўчганга ўхшайди. Маълумотларга қараганда, шу кунда мустақил босмахона жойлашадиган бино таъмирдан чиқарилмоқда, асбоб-ускуна ва дастгоҳлар тўла сотиб олинган, бино таъмирдан чиқиши биланоқ улар ўрнатилиб, ишга туширилади.
XS
SM
MD
LG