Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:30

БМТда Ироқ муҳокама қилинмоқда


Фарангис Саид Расмий Вашингтон БМТ Хавфсизлик кенгаши ўзининг янги резолюцияси билан Ироқнинг бир ой олдин тузилган ҳокимият кенгашини расман тан олади, деган умидда. АҚШ дипломатлари ҳисоб-китобларига кўра, бундай қарор шу ҳафта охиригача қабул қилиниши ва бу билан Ироқнинг АҚШ таянчида билан тузилган ҳукумати қонунийлиги тасдиқланиши керак.

Сешанба кечқурун Хавфсизлик кенгашига аъзо Британия, Франция, Россия, Хитой ва АҚШ вакиллари ушбу масалани муҳокама қила бошладилар. Одатда, Кенгашнинг доимий аъзолари муайян масала юзасидан муросага эришсалар, бошқа аъзолар ҳам улар фикрига қўшилишади.

Хўш, халқаро ҳамжамияти аъзолари мазкур масала юзасидан қандай фикр билдиришмоқда?

Россия Ташқи ишлар вазири Юрий Федотов Интерфакс ахборот агентлигига берган интервьюсида расмий Москва Ироқ янги ҳукумати тузилишини “қонуний ҳукуматнинг ўрнатилишига қараб қўйилган илк қадам”, дея баҳолади.

Бундан олдин БМТ Бош котиби Кофи Аннан Хавфсизлик кенгаши аъзоларини Ироқ ҳокимият кенгашини расман тан олишга даъват этган эди.

Бироқ, кўплаб араб давлатлари Ироқнинг АҚШ томонидан тайинланган раҳбарларини тан олмасликларини баён этдилар.

Айни вақтда АҚШ дипломати Озодлик радиоси мухбири билан суҳбатда резолюция лойиҳаси шу ҳафтада бир овоздан қабул қилинишига ишонч билдирди.

Мустақил кузатучилар, мутахассислар бу хусусида қандай фикрдалар? Қарор БМТ томонидан қабул қилинадими?

АҚШнинг Колумбия университети қошидаги Халқаро ташкилотлар маркази директори Эдвард Лак БМТнинг расмий позицияси бошқа давлатларнинг масалага муносабатини ўзгартиради, деб ҳисоблайди:

- Қарамақаршиликлар туфайли ҳамда АҚШ ва Британиянинг Ироққа қарши ҳарбий ҳаракатларига кўплаб мамлакатлар қарши бўлганлари сабабли, Ироқ ҳокимият кенгашининг қонунийлиги юзасидан шубҳа билдирилмоқда. Айнан шунинг учун АҚШ Ироқ кенгаши қонунийлигини БМТ резолюцияси билан таъминламоқчи. Ахир, резолюция қабул қилинган тақдирда, янги ҳукумат фақат АҚШ томонидан эмас, балки бутун халқаро ҳамжамият томонидан қабул қилинган бўлади.

Муҳокамаларнинг яна бир қисми, айтиб ўтганимиздек, БМТнинг Ироқдаги фаолиятини қайта тиклашга бағишланган. АҚШ таклифига кўра, янги миссияга янги ном берилади. Уни қисқа қилиб ЮНАМИ – БМТнинг Ироқ учун кўмаги миссияси, деб аташмоқда.

Кофи Аннанга кўра, миссия 300 ходимдан таркиб топган бўлиб, уларнинг аксарияти ироқликлар бўлиши кутилмоқда. Миссия фаолият доираси жуда кенг: унга адлия тизимини ислоҳ қилиш, полиция учун тренинглар ташкил этиш, аскарларни демобилизация қилишдан тортиб, то инсон ҳуқуқлари ҳимояси ва ҳокимият масалаларигача кирган.

БМТ матбуот котиби Фаран Ҳақ миссия орқали БМТнинг Ироқдаги роли янада ошишини айтади:

- Сўнгги ҳафталарда БМТнинг Ироқдаги роли ошиб бормоқда. Биз қарийб бир ҳафта олдин у ерга сайловлар бўйича мутахассисларимизни юбордик. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ишлар анчадан буён олиб бориляпти. “Нефт эвазига озиқ овқат” дастури ноябр ойигача давом этади, сўнг масъулият маҳаллий ҳокимият зиммасига юклатилади. Шундай қилиб, БМТ Ироқдаги фаолиятини аллақачон бошлаб юборган.

БМТ янги миссияси Вашингтонга қўл келади. Чунки АҚШ ҳукуматининг ўзи ҳам Ироқда халқаро ҳамжамият кўмагига муҳтожлигини тан олмоқда.
XS
SM
MD
LG