Линклар

Қирғизистонда ОИТС курашига тўғаноқ бўлган китоб ҳақида


Фарангис Саид Қирғизистонда одам иммунитети тақчиллиги синдроми – ОИТС эпидемия тусини олган. Расмий маълумотларга кўра, бугунги кунда 425 қирғизистонлик ВИЧ вирусига, яна 13 одам ОИТС касаллигига чалинган. Улардан 10 нафари оламдан ўтган. Норасмий маълумотларга кўра, касаллар сони 7 минг одамдан кўп.

ОИТСга чалинганларнинг аксарияти Ўзбекистон билан чегарадош Ўш ҳудудида яшайди.

Республикада ОИТСга қарши кураш аллақачон бошлаб юборилган. Кураш кўринишларидан бири – ёшларга касалликдан сақланиш йўлларини тушунтиришдан иборат бўлиб, бу ҳақда “Соғлом ҳаёт тарзи”, номи остида бир китоб ҳам чиқарилган. У 2200 тираж билан 3 тилда – қирғиз, рус ва ўзбек тилларида чиқарилган бўлиб, 4 йилдан буён мактабларда дарслик сифатида ўқитиларди. Аммо яқинда бу китоб можарога сабаб бўлди.

Бир қирғизистонлик ота фарзандининг мактаб сумкасидан шу китобни топиб олади. Китобни ўқиган отанинг тепа сочи тикка бўлади:

- Бир куни қарасам, болам қўшни болалар билан бир китобни жуда қизиқиб, ўқиётган экан. Сумкасидан бу китобни олиб қарасам, муқовасига “Соғлом ҳаёт тарзи”, деб ёзилган, жуда чиройли китоб экан.

Чиройли муқовали китоб муаллифи – Борис Шапиро раҳбарлигидаги ОИТС марказидир.

Китобни ўқиган ота мактаб болаларига берилган бу дарсликни “хавфли вирус”, дея қабул қилди:

- Шапиро китоби, Қирғизистон халқи орасида вирусни, “одам вирус”ини тарқатмоқда. Фарзандлар билан ота-онани тенглаштириб, бу китоб ўзаро ҳурматни йўққа чиқаради. Ота-боболаримиздан қолган урф-одатларга шак келтиради.

Боласи дасрлигини ўқиган ота – Қирғиз халқи ор-номуси ҳимояси билан шуғулланувчи жамоатчилик кўмитаси раҳбари Акин Токталиевдир. У ОИТС марказини судга берди. Унга бошқа қирғизистонлик ота-оналар ҳам жўр бўлдилар.

Борис Шапиронинг ўзи китоб ҳақдаги фикрга қандай муносабат билдирди?

ОИТС маркази раҳбарининг таъкидлашича, баъзиларнинг китобга қарши чиқишлари ортида, аслида, унинг мазмунидан норозилик эмас, балки бошқа сабаблар бор:

- Биласизми, менимча, бундай йирик грантлар кўпларга тинчлик бермаяпти. Грант олувчилар орасида ОИТС маркази ҳам бор. Баъзи одамлар бундай жанжалларни келтириб чиқариш орқали грантларни ёки бўлмаса ҳокимиятни қўлга киритмоқчи.

Грантлар бунга сабаб бўлдими, китоб мазмуними ёки ундан норози бўлган ота-оналар соними, аммо Қирғизистон Таълим вазирлиги китобдан мактабларда дарслик сифатида фойдаланиш нотўғри, деган хулосага келди. Бундан буён, вазирлик тавсиясига кўра, “Соғлом ҳаёт тарзи” номли китоб олий ўқув юртлари талабаларига берилади.

Айни вақтда Қирғизистонда, айниқса республиканинг жанубий вилоятларида ОИТС касаллиги тарқалишда давом этмоқда. ОИТС маркази маълумотларига кўра, Ўшда ВИЧ вирусига чалинганлар сони 2000 одамдан кўп. Уларнинг деярли бари ёш ёки ўрта ёшдагилар бўлиб, вирусни наркотиклар қабул қилаётган пайтда игна орқали юқтирган.

Ўш - наркотрафикнинг асосий пунктларидан бири бўлгани боис, бу ерда наркоманлар ҳам, ВИЧ вирусига чалинганлар сони ҳам тезда кўпаймоқда.

Ўш ҳокимияти вилоят бўйлаб олтита ёрдам маркази очди. Марказларда наркотик қабул қилмоқчи бўлган кишига бепул янги игна берилади. У ердан, шунингдек, текин контрацептив моддаларни олиш мумкин. Чунки ОИТСни юқтиришнинг асосий йўлларидан бири, гиёҳвандлик билан бир қаторда, жинсий алоқалардир.

Бундан ташқари, Ўшда фоҳишалик ҳам “гуллаб-яшнамоқда”. Ҳар уч наркоман аёлдан бири гиёҳванд модданинг янги дозасини сотиб олиш учун жинсий хизмат кўрсатиш билан шуғулланади. Маълумотларга кўра, бу турдаги жинсий алоқаларнинг 90 фоизида контрацептивлардан фойдаланилмайди.

БМТнинг турли агентликлари ва бошқа халқаро ташкилотлар кўмагига қарамай, Қирғизистон ҳукумати ҳозирда гиёҳвандлик, фоҳишабозлик ва ОИТСга қарши курашда на етарли маблағ, на малакали ходимларга эга. Бундан ташқари, ОИТСга қарши кураш олиб боришга ҳаракат қилаётган нодавлат ташкилотлари фаолиятига одамлар менталитети ва эски урф-одатлар тўғаноқ бўлмоқда.
XS
SM
MD
LG