Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:33

Покистон мустақиллик кунига қилинган совға: Исроил Бош вазири Ҳиндистонга боради


Фарангис Саид 14 август – Покистон Мустақиллиги куни. Бу кунда расмий Исломобод учун ноҳуш бир хабар тарқалди: Исроил Бош вазири Ариэл Шароннинг сентябр бошида Ҳиндистонга ташриф буюриши маълум қилинди. Бу Исроил ва Ҳиндистон ўртасида 11 йил олдин дипломатик алоқалар ўрнатилганидан буён Исроил раҳбарининг Деҳлига қилаётган биринчи ташрифи бўлади. Маълумотларга кўра, Шароннинг Ҳиндистон расмийлари билан, жумладан, терроризмга қарши кураш ва мудофаа масалаларини муҳокама қилиши кутилмоқда. Хўш, ушбу ташриф Покистонга қандай таъсир қилиши мумкин?

2003 йил 9-11 сентябр кунлари Исроил Бош вазири Ариэл Шарон Ҳиндистонга сафар қилади. Хусусан, аксилтеррор уруши ва мудофаа масалаларига бағишланадиган ушбу ташриф катта аҳамиятга эга. Чунки у 1992 йилда Ҳиндистон ва Исроил ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилгани, Шароннинг бош вазир этиб сайланганига 2 йил тўлганидан буён бўлиб ўтадиган биринчи ташрифдир.

- Шарон ташрифи икки томонлама муносабатлардаги бурилиш нуқтасини ясайди. Совуқ уруш даврида Ҳиндистон ва Исроил бир-бирига қарама-қарши тарафда турганлар. Ҳиндистон Совет Иттифоқи шериги бўлган бўлса, Исроилни АҚШ қўллаб-қувватламоқда. Бундан ташқари, Ҳиндистон Араб давлатларидан сотиб олинаётган нефтга қарам бўлгани боис, Исроил билан алоқа ўрнатмаган. Ва ниҳоят, яна бир сабаб: Ҳиндистон мусулмон аҳолиси жиҳатидан Индонезиядан сўнг жаҳондаги иккинчи энг йирик мамлакатдир.

Ҳиндистоннинг Нойда шаҳрида жойлашган “Жанубий Осиё таҳлилий гуруҳи”, деб номланган тадқиқотлар маркази директори С.Чандрасекаран фикрича, айнан шу сабаблар Ҳиндистон ва Исроил муносабатларининг ривожланишида тўсиқ бўлиб келган.

Совуқ уруш тугаганидан сўнг Араб давлатлари орасида Ироқ, аксилтеррор уруши ва бошқа масалалар хусусида келишмовчиликлар юзага келди. Айни вақтда, Ҳиндистоннинг ўзида нефт ишлаб чиқариш ҳажми анча кўпайди. Бу эса Деҳлига Исроилга нисбатан ўз сиёсатини ўзгартириш имконини берди.

АҚШнинг собиқ дипломати, Вашингтонда жойлашган “Ҳеритэж” жамғармаси ходими Харви Фелдман Исроил ва Ҳиндистон умумий манфаатларга эгалигини айтади:

- Сўнгги бир неча йил ичида Исроил Ҳиндистонга қурол-аслаҳа сотаётган асосий давлатлардан бирига айланди. Менимча, ҳозирда Тел-Авив бу соҳада Россиядан сўнг иккинчи ўринда туради. Бундан ташқари, икки давлатни терроризмга қарши кураш ҳам бирлаштирмоқда.

Бунга қўшимча қилиб, сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги савдо-сотиқ ҳам ривожланаётганини айтиб ўтиш мумкин. Қурол-аслаҳадан ташқари, Ҳиндистон Исроилдан электроника жиҳозлари, оптика ва тиббиёт ускуналари ҳамда ишлов берилмаган олмос сотиб олади. Ишлов берилган олмос, кимёвий моддалар, чой ва кийим-кечак – Ҳиндистондан Исроилга экспорт қилинаётган асосий товарлардир.

Исроиллик таҳлилчи, Лондонда нашр этиладиган “Жейнс мудофаа ҳафталиги” мухбири Алон Бен Давид фикрича, Ариэл Шарон Деҳли расмийлари билан мудофаа соҳасига оид масалаларни муҳокама қилади:

- Ҳарбий ҳамкорлик икки давлат ўртасида тобора катта аҳамият касб этмоқда. Менимча, ташриф якунида Исроил Ҳиндистонга “Фалкон” радар тизимларини сотиш ҳақидаги шартномани ҳам имзоланиши мумкин.

Агар мутахассис башорати тўғри чиқса, бу Исроил томонидан Ҳиндистонга сотилаётган энг йирик қурол-аслаҳа партияси бўлади.

Покистон эътирозларига қарамай, Вашингтон шу ҳафта 1 миллиард долларлик шартнома имзоланишига розилик берди. (“Фалкон” Америка технологияси маҳсули бўлиб, АҚШ ҳукумати унинг савдосида вето ҳуқуқига эгадир).

Ушбу шартномага қарамай, Исроил Ҳиндистонга қурол сотиш соҳасида Россия ўрнини босолмайди, деб ҳисоблайди Чандрасекаран. Айни вақтда у Исроилдан қурол сотиб олаётган Деҳли келажакда Москва билан музокаралар олиб боришда қийналиши мумкинлигини айтади.

Мутахассислар, шунингдек, Исроил ва Ҳиндистон ўртасидаги алоқаларнинг чуқурлашаётгани Покистонга қандай таъсир қилишига эътибор қаратмоқдалар.

Бу, - дейишмоқда айрим кузатувчилар, - Покистон президенти Первез Мушаррафни, сиёсий партиялар қаршилигига қарамай, Исроилни тан олишга мажбур қилиши мумкин.

Ўтган ой Мушарраф, Исломобод Исроил билан дипломатик алоқалар ўрнатиши зарурлигини баён қилган эди.
XS
SM
MD
LG