Линклар

Ироқ шимолида бўлиб қайтган журналистлар у ердаги курдларнинг федерализм ғояларига содиқлиги ҳақида гапиришади. Курд маъмурияти биноси олдида икки байроқ, яъни Ироқ ва курд байроқлари ҳилпираб туриши бу фикрнинг яна бир тасдиғи бўлса керак.

Бироқ, шу кунларда Ироқда федератив бошқарув тизимини қарор топтириш ғояси расмий доираларда қизғин тортишувларга сабаб бўлмоқда. Айниқса, шу хафта Ироқ бошқарув кенгаши мамлакат конституцияси лойиҳаси устида ишга киришар экан, бу борадаги тортишувлар авжига чиқди. Ироқликлар учун уларни жипслаштира оладиган бошқарувнинг қандай тизими мақбул? Марказлашган унитар бошқарувми ёки маҳаллий хокимият тизимларига кенгроқ ваколатлар берадиган федерал бошқарувми? Айни савол шу кунларда кўплаб ироқликларни ўйлантирмоқда.

Яқинда Ироқ шимолида бўлиб қайтган Озод Ироқ радиоси мухбири Камрон Ал Қорадоғий бу борадаги курдлар фикрини ўрганиб қайтди. Унинг айтишича ҳозирда курдларнинг ироқликлар билан бирлашиш истаклари бироз сўнган. Ироқда Саддам Ҳусайн режими қулатилганининг дастлабки кунлари кўплаб курдлар ўз келажакларини Ироқ давлати билан кўрган бўлсалар, ҳозир улар бу фикридан қайтмоқда, дейди Қорадоғий. " Урушдан олдин, курдларнинг қарашлари, уларнинг кайфияти бошқача эди. Улар Саддам Ҳусайннинг тахтдан қулаши курдлар учун янги имконлар очади, араблар билан тенг сиёсий ҳуқуқларга эга бўлиш фурсатини беради, деб ўйлашган эди. Ҳозирга келиб уларнинг бу фикри ўзгармоқда".

Озод Ироқ радиоси мухбири Камрон Ал Қорадоғийнинг айтишича, Ироқда араб миллатчилигининг кучайгани, айниқса америкаликларга қарши содир этилаётган ҳужумлар уларнинг бошқа партиялар билан сиёсий ҳокимиятни бўлишишга иштиёқларини сўндирган бўлиши мумкин.

"Ироқдаги сўнгги вазият, америкаликларга қарши содир этилаётган ҳужумлар, мамлакатда исломий, шарият қонунлари жорий этилишига доир даъватлар, тобора кучаяётган араб миллатчилиги курдлар хафсаласини пир қилган кўринади. Бағдодга кўз тикиб ўтирмай, ўз ғамимизни ўзимиз кўришимиз керак, деган фикр ҳозир аксар курдлар орасида ҳукмрон."

Ироқ шимолидаги курдларнинг Ироқда кечаётган сиёсий жараёнлар ҳақидаги кайфияти ҳақида Озод Ироқ радиоси мухбири Камрон Ал Қорадоғий эди. Аммо, Курд расмийларининг Ироқ келажаги борасидаги қарашлари ҳозирча ўзгармаган. Ироқ бошқарув кенгашида курдлар вакили бўлган Маҳмуд Отман бу ҳақда гапиради.

"Биз ҳозир ҳам федератив, демократик Ироқ тўғрисидаги олдинги формулага кўз тикаяпмиз. Ўйлайманки бу борада ортга қайтиш бўлмайди ва мамлакат конституцияси ишлаб чиқилаётганида бу, албатта, инобатга олинади."

Маҳмуд Отманга кўра, федерация курдларнинг ягона истаги ва бу ғоянинг рўёбга чиқишига курдлар ишонч билан қарамоқдалар.

"Албатта, бу ҳал бўладиган масала ва биз бошқа гуруҳлар ҳам буни англаб етадилар деган умиддамиз. Федерализм ғояси аллақачон қабул қилинган. Мақсадимиз, федератив, демократик Ироқ қуриш эканини ҳамма билади. Аммо, у қандай кўринишда бўлиши, яъни унинг тафсилотлари устида тортишилмоқда".

Курдлар нима хоҳлаётганликларини очиқ айтаётган бўлсалар, Саддам даврида азият чеккан шиа аҳолиси янги конституция хокимиятдаги ўз ролини кучайтиришига умид қилмоқда. Ироқ аҳолиси камчилигини ташкил этувчи сунни араблар жамоаси эса иложи бор қадар ҳокимиятда бўлиниш юзага келиши олдини олишга ҳаракат қилмоқда.

Бу эса янги конституция лойиҳаси устида тортишувлар ҳали узоқ давом этишидан дарак бермоқда.
XS
SM
MD
LG