Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:35

Тожикистон: "Привет" ўрнига "Hello"


Совет даврида Тожикистоннинг катта шаҳарларида асосан рус тили сўзлашув тили бўлган. Ўша пайтда ота-оналар болаларини русча боғча, мактабларга беришган. Чунки рус тилини билганлар Совет даврида осон иш топарди, билмаганлар эса бесовод саналарди. Айниқса, тожик зиёлилари орасида тожикчага русча сўзларни, қўшиб гапириш мода эди ўша пайтда. 24 яшар Муҳайё исмли талабанинг айтишича, энди тожик ёшлари орасида инглизча ибораларни ҳам қўшиб гапириш модага айланган.

"Янги авлод вакиллари ҳозир уч тилни аралаштириб гапиришади. Яъни, тожик, рус ва инглиз тилларини. Масалан, тожикистонлик ёшлар бир-бирлари билан саломлашсалар, "привет", айримлари эса "Hello", "Hi" каби инглизча сўзларни ишлатишади. Инглиз тилининг ашаддий ишқибозлари орасида "I m'sorry" деювчилар ҳам топилади", - дейди Муҳайё.

Тожикистонда Ғарб тиллари, айниқса инглиз тилига қизиқиш ортар экан, сўнгги йилларда рус мактаблари ва боғчалари сони камайиб, улар ўрнини хусусий инглиз тили ўқитиш марказлари эгалламоқда. Аҳолининг ўртача ойлик маоши 5-30 доллар оралиғида бўлган Тожикистонда болаларини ойига 30 доллар бериб бўлса ҳам инглиз тилини ўргатадиган махсус мактабларга берувчилар кам эмас.

Нигина ана шундай марказлардан бирида ёшларга инглиз тилидан сабоқ беради. Унинг айтишича, янги тожиклар, яъни янги бойлар орасида катта тўловлар эвазига болаларини инглиз тилини махсус ўргатадиган боғчаларга берадиганлар анчагина. Уларнинг кўпчилиги иқтисодий мақсадларни кўзлаб буни қилишади. Янги бойлар таъбири билан айтганда бу ўзига хос сармоя. Чунки, олдинлари Тожикистонда рус тилини билганлар учун иш топиш осон бўлган бўлса, ҳозир инглиз тилини билганлар учун ҳамма ерда йўл очиқ. Масалан, Нигинанинг ўзи инглиз тилини яҳши билгани учун бошқа ўқитувчиларга қараганда яҳши пул топишини айтади.

"Мен инглиз тилини ўқитиш давомида компютер, замонавий китоблар, видеоускуналар ва бошқа кўргазмали қуроллардан фойдаланаман. Ўқиётган ҳар бир ўқувчи ойига менга 10 доллардан пул тўлайди. Индивидуал дарслар учун эса ойига ҳар бир ўқувчидан 20 доллар оламан", - дейди тожикистонлик инглиз тили ўқитувчиси.

Нигинанинг айтишича, Тожикистонда бошқа ўқитувчиларнинг ойлик маоши ойига ўртача 5 долларни ташкил этса, уники бир неча юз долларга тенг. Айни пайтда, Тожикистонда инглиз тилида равон сўзлайдиганлар сони ортар экан, бу ўзига хос рақобатни юзага чиқарган кўринади. Оқибатда, халқаро ташкилот, хориж ширкатларига ишга кириш учун талаб ҳам ошган. Масалан, тожикистонлик Муҳайё, инглиз тилини яхши биламан деб ҳисоблайди. Лекин ҳалигача у яхши маош тўланадиган иш тополгани йўқ.

"Мен етти йил давомида инглиз тилини ўргандим. Мана ҳозир халқаро ташкилотлар, хориж ширкатларидан иш қидиряпман, ҳалигача дурустроқ иш тополганим йўқ. Менимча, халқаро ташкилотларда ҳам ўзара таниш-билишчилик бўлса керак."

Тожикистон ёшлари орасида Инглиз тилига қизиқиш ортаётганига қарамай, бир вақтлар мамлакатда асосий сўзлашув тили бўлган рус тили ўз аҳамиятини йўқотди деб бўлмайди. Рус тили ҳозир ҳам кўпчилик тожиклар учун қўшни собиқ Совет давлатлари фуқаролари билан суҳбат қуришда муҳим бўлиб қолмоқда. Чунки йилига 700 минг тожикистонлик ишчи мигрант Россияга иш излаб кетмоқда. Рус тилини билмаганлар учун у ерда ишлаш анча мураккаб. Бироқ, кўпчилик тожиклар учун бу қийинчиликлар ўткинчи. Тожикистоннинг Ғарб билан алоқалари ривожланар экан, келажакада бари бир инглиз тили приоритет бўлади, дейишмоқда улар. Мана бу жажжи тожикистонлик қизчанинг инглиз тилида қандай шеър айтиши эса шундан дарак бераётир.

"My dear, dear Mummy,
"I love you very much,
"I want you to be happy...
"Oops..."
XS
SM
MD
LG