Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:14

ҚАРҒАЛАР УЧСА ҚАРАЙЛИК..(20 аср бошида Россияга бориб мардикорлик қилган ўзбекларнинг қўшиғи 21 аср бошида ҳам долзарб бўлиб қолди)


Сарвар УСМОН Бундан бир йил аввал, 2002 йилнинг июлида Россия Давлат Думаси "Чет эл фуқароларининг Россия Федерациясидаги ҳуқуқий мақоми тўғрисида" қонун қабул қилган эди. Ўша ҳужжатга кўра, бу мамлакатга бориб ишловчи чет эл фуқаролари мамлакат чегарасини кесиб ўтаётганларида миграция варақчаси тўлдиришлари лозим эди. Мамлакатда қолиб ишлаш учун эса махсус рухсатномалари бўлиши лозимлиги белгилаб қўйилганди ўша қонунда. Москва шаҳар ҳукумати яқинда қабул қилган бир қарор миграция тўғрисидаги федерал қонундан ҳам ўтиб тушди. Қарорга кўра, бундан буёғига Москва учун нафақат кавказлик ёки марказийосиёлик, балки Москва вилояти аҳолиси ҳам - чет элликдир.

Москва шаҳар ҳукумати қабул қилган қарорда Россия пойтахтига келиб ишлаш учун москвалик бўлмаганлар қаерлардан, қандай ва қанча қоғоз йиғиб келиши, Россия пойтахтида ишлашни ҳавас қилган подмосковьелик ёки ўзбекистонлик рухсатнома олиш учун қаерларга учраши ва ҳоказолар белгилаб қўйилган. Бу тафсилотларга тўхталиб ўтиришга вақт йўқ. Бир четдан тушунтирганимизда ҳам, москвалик кузатувчиларнинг фикрича, бу талабларни тўла бажаришнинг сира иложи йўқ.

Гап, бошқа нарса ҳақда. Ўша асосий фикрга кейинроқ тўхталамиз. Ҳозир эса масаланинг яна бир жиҳатига этибор берайлик.

Москва шаҳар ҳукуматининг гапираётганимиз қарори Россия пойтахтида тартибни ўнглаш, жиноятчиликни камайтириш каби ниятлардан келиб чиқиб қабул қилингани айтилаётган бўлсада, бундай қарор қабул қилинишидан билвосита бошқа хулоса ҳам чиқиши мумкин. Яъни, гўё Москванинг сув қувурларидан сут оқадию кўча-кўйда пуллар оёқ остида ётибди, эринмасдан энгашсангиз бўлди. Шунинг учун Юрий Лужковнинг идораси шаҳар дарвозаларини қишлоқилар келмасин, деб тамбалаб олмоқчи.

Хўш чиндан ҳам шундайми?

Москвада ишлаётган чет элликлар, хусусан, ўзбекистонликлар қандай яшамоқдалар, уларнинг тирикчилиги қандай ўтмоқда, бир ойда улар қанча пул туширадилар?

Ўзбекистонлик Меҳрош деган йигит Москвадаги қурилишлардан бирида ишлайди. У самарқандлик. Бир-икки йил ишлаб, пул тўплайману, ватанга қайтиб уй сотиб оламан, уйланаман, деб ният қилиб келган Москвага.

Озодликнинг Москвадаги мухбири саволларига жавоб берар экан, Меҳрош иш куни қандай ўтиши тўғрисида ҳикоя қилади:

- Эрталаб, азонда, соат тўрт, тўрт яримларда турамиз. Беш яримда автобусга чиқамиз. Соат 7 да қурилишда бўламиз. Биз бу ерда итдаймиз. Итдай ишлаймиз. Ойликни вақтида беришмайди. 2 3 ойга кечикиб кетади. Оёғимга ғишт тушиб кетувди, прорабга айтдим. "Ҳа, қон оқибдида, оқса нима қипти, пул керак бўлса ишла, бўлмаса, кетавер", деди. Сал ёқмайдиган гап қилсанг бўлди, соқчиларини чақириб, кетингга тепишади. Ўзи, умуман, хато қипман, келиб.

Москвадаги қурилишларда нафақат марказийосиёликлар, балки Россиянинг бошқа вилоятларидан келганлар ҳам кўпчиликни ташкил қилади. Москвадаги мухбиримиз ўшандайлардан бири, волгоградлик Галина деган аёл билан ҳам суҳбатлашган.

- Иш куним эрталаб 8 дан кечки 8 гача, деб ҳикоя қилади Галина, - соат бирдан иккигача тушлик. Бироқ, одатда, бу вақт ичида одамлар овқатланишга улгурмайдилар. Ошхонада одам жуда кўп бўлади. Идиш-товоқ етарли эмас. Қанақа овқатлар дейсизми? Баландада, нима бўларди. Кўпчилик еёлмайди уни, кўпчилик заҳарланиб ҳам қолаяпти бу овқатдан. Икки йигит ўлиб кетди. Биттаси объектда, битовкада яшарди. Иккинчиси ётоқхонада ўлди. Ўрта Осиёданийди улар. Тез ёрдам чақиришга ҳаракат қилишган. Бироқ, қоровуллар чернийларга телефон йўқ, деб доктор чақириб беришмаган.

Бу аёл ишлаб топадиган пул ҳам бир тутам. Март ойида дам олмасдан кунига 12 соатдан ишлаб 1500 рубль, апрелда 4 700 рубль пул олган. Самарқандлик Мехрош топадиган пул ҳам ойига 100 доллар атрофида, холос.

Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига қараганда, шу кунда Россия бўйлаб 4 миллион нафар атрофида мигрант ишчи бор. Қонунга кўра, 2003 йили 530 минг кишига, шу жумладан 90 минг кишигагина Россияда ишлашга рухсат берилиши лозим. Демак, қолганлар, яъни 3 ярим миллиондан ортиқ киши, жумладан, лавҳамиз қаҳрамонлари ҳам қонундан ташқарида қолган кишилардир. Демак, уларни қулдай ишлатишга, иш ҳақларини вақтида бермасликка қулай шароит яратилган. Мана шундай вазиятда Москва шаҳар ҳукумати ташқаридан келувчилар учун рухсат бериш шартларини янада чигаллаштирмоқда. Хўш, бундан нима фойда, кимга фойда?

Бу саволга жавобан москвалик журналист Сергей Биец мана бундай фикрни билдирди:

- Бу ҳолат корхона-ташкилотларнинг эгалари бўлган иш берувчилар ва ҳокимият вакилларига катта фойда келтиради. Масалан, Москвадаги йирик қурилиш ташкилотлари Москва шаҳар мэри Лужков ва Ресиннинг мулкидир. Қурилиш корхоналарида бу шахсларнинг катта улуши бор. Шунинг учун ҳам улар четдан ишчи кучи жалб этишдан манфаатдордирлар.

Қонун қоидалар қанчалик чигал, уларга амал қилиш қанчалик мушкул бўлса, шунча яхши. Четдан барибир иш излаб келаверадилар. Қонуний ишга жойлашишнинг иложи бўлмагач, улар ноқонуний ишлайдилар. Бундайларни эса, қулдай ишлатиш имконияти кенгаяверади, дейди Сергей Биец.
XS
SM
MD
LG