Линклар

Жануби-Шарқий Осиё Усама бин Ладини ҳибсга олинди


Фарангис Саид Ҳамбали лақаби билан танилган Ридуан Исомиддиннинг Таиланд полицияси томонидан уч кун олдин ҳибсга олиниши аксил-террор урушдаги энг йирик ғалабалардан бири сифатида эътироф этилмоқда.

Австралия Бош вазири Жон Ховард ҳодиса юзасидан мана бундай деди:

- Австралия ҳукумати Ҳамбалининг ҳибсга олинишидан ниҳоятда мамнун. Бу жуда катта аҳамиятга эга бўлган ҳодиса, чунки Ҳамбали Жануби-Шарқий Осиё Усама бин Ладини ҳисобланади.

Айни вақтда Австралия раҳбари америкаликларни бу ғалаба билан табриклаб, Ал-Қайда террор тармоғига катта зарба берилганини таъкидлади.

АҚШ президенти Жорж Буш ҳам террорчиларнинг энг катталаридан бўлган Ҳамбали ҳибсга олинганини олқишлади:

- Биз катта террорчи Ҳамбалини қўлга туширдик. У қотил сифатида ҳаммага яхши таниш. У 11 сентябр террор ҳужумларини уюштирган Халид Шайҳ Муҳаммадга яқин одамлардан биридир.

Албатта, Ҳамбалининг Таиландда ҳибсга олиниши ва сўнг АҚШнинг Марказий разведка бошқармасига топширилиши катта аҳамиятга эга ҳодисадир. У 2002 йил октябр ойида Бали оролидаги тунги клублар, ўтган ҳафтада эса Жакартадаги “Марриот” меҳмонхонасидаги портлашларни уюштирганликда гумон қилинмоқда. Бали фожиаси 200 дан зиёд, “Марриот” ҳодисаси эса 12 одам ҳаётига зомин бўлди. Полиция тахминларига кўра, Ҳамбали, шунингдек, 2001 йил 11 сентябр террор ҳужумларини Усама бин Ладин билан биргаликда уюштирган бўлиши мумкин.

Ҳозирда Ҳамбалининг қаердалиги номаълум. Тергов давом этмоқда. Берилаётган маълумотларга кўра, Ҳамбали шу йил октябр ойида Осиё-Тинч Океани Ассоциацияси саммити давомида портлашлар уюштиришни режалаштираётган эди. Демак, унинг ҳибсга олиниши ҳужумлар олди олинганини англатади.

Ҳақиқатан ҳам шундайми? Ал-Қайда террор тармоғининг бир қисми бўлмиш “Жамааи Исломия” ташкилотининг бир аъзоси ҳибсга олингани терроризмнинг тўхтаганини англатадими?

Мутахассислар фикрича, қарийб 10 йил аввал тузилган “Жамааи Исломия” ташкилотининг мақсадлари ва услублари бугунги кунда ўзгача. Унинг сафлари ҳам анча кенгайган. Ҳозирда унга 300дан 400 гача яхши тайёргарлик кўрган жангари киради. Сўнгги пайтда ташкилотнинг бир неча аъзоси ҳибсга олинганига қарамай, мутахассислар таъкидлашларича, “Жамааи Исломия” ўз террор фаолиятини давом эттираверади.

Бостондаги Симмонс коллежи профессори, яқинда чоп этилиши кутилаётган “Жануби-Шарқий Осиёда Ислом”, деб номланган китоб муаллифи Захари Абуза айтишича, сўнгги 7 йил давомида “Жамааи Исломия” сафларига кўплаб янги аъзолар жалб этилди, улар учун тренинглар ташкил қилинди, янги ширкатлар таъсис этилиб, террорчилик фаолияти учун қўшимча маблағ ажратилди.

Тренинг ўтган жангарилар сони кўпайганидан сўнг 2000 йил декабрида ташкилот Индонезия, сўнг Филиппин пойтахти Манила метросида қатор бомба портлашлари уюштирди. Ўтган октябр Бали, бу йил август ойи эса “Марриот” меҳмонхонасидаги хуруж ташкилотнинг кучаяётганини англатади, деб ҳисоблайди профессор Абуза. У, шунингдек, бундан сўнг АҚШнинг етти йирик компанияси, шу жумладан Халлибёртон, Экксон Мобил, Юнокал ширкатлари террорчилар нишонига айланганини таъкидлайди. “Бунинг натижасида Индонезия ва умуман Жанубий-Шарқий Осиё иқтисодига катта зарар етказилади. Террорчилар мақсади айнан шу”, - дейди профессор Абуза. Режа муаллифларидан бири, мутахассис фикрича, Ҳамбали бўлган.
XS
SM
MD
LG