Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:56

Жаҳон диктаторлари


Фарангис Саид Уганда собиқ диктатори Иди Аминнинг 16 август куни Саудия Арабистони касалхоналарининг бирида вафот этгани ҳақидаги хабар бугунги мавзуга туртки бўлди. Ўз халқига зулм ўтказган, сўнг ҳокимиятдан четлаштирилган Иди Амин диктаторларнинг энг ашаддийси бўлган, десак муболаға бўлмас.

70-йилларда Угандани бошқарган Иди Амин ўзини “Ер юзидаги ҳайвонлар ва денгиздаги балиқлар султони”, деб атаган эди. Жаҳлдор, қаҳри қаттиқ, тўсатдан ғазабланадиган, кутилмаган йўсинда ҳаракат қиладиган, параноик Амин 1979 йили ҳокимиятдан четлаштирилгунига қадар, ўн минглаб одамларни йўқ қилди. Айни вақтда у ўзининг ғалати ва қўрқинчли ҳазиллари билан яхши танилган эди.

“Шайтон билан суҳбат: етти диктатор билан учрашув”, деб номланган китоб муаллифи, италиялик журналист Риккардо Оризио Аминни мана бундай эслайди:


- Кўпчилик ёдида бўлса керак, Иди Амин Африканинг тентак раҳбарларидан бири бўлган. Ундан “Каннибалмисиз, одам гўштини еганмисиз?”, - деб сўраганларида у: “Йўқ, мен одам гўштини яхши кўрмайман. Бир марта еб кўрганман, лекин менга ёқмаган, менимча, одам гўшти жуда шўр”, - деб жавоб берган эди.

Ҳокимиятдан ағдарилган Амин Ливияда, сўнг Саудия Арабистонида қўним топди. Саудия ҳукумати Ислом динига мансуб Иди Аминга нафақат бошпана берди, балки хонадон билан таъминлади ва каттагина нафақа ҳам белгилади.

Яқинда касалхонага ётқизилишидан аввал Уганда собиқ раҳбари Жиддада яшади. У одамлар қатори масжидга бориш, бозор-учор қилишга одатланган, фарзандлари билан денгиз бўйи айланишни ёқтирганди.

Касалхонага тушишидан олдин Амин билан суҳбатлашган Риккардо Оризио “собиқ диктаторнинг ҳазилкашлиги ҳали ҳам қолмаган”, дейди.

- Унинг ҳаёти жуда оддий бўлиб, мен Аминнинг уйига борганимда, болалар йиғисини эшитдим, ошхонада пиширилаётган овқатлар ҳидини сездим. Гаражда икки автомашина турарди. Хуллас, бошқаларникидан фарқ қилмайдиган оддий ҳаёт. Лекин мен ундан “Қилмишларингиз учун виждонингиз қийналадими?”, - деб сўраганимда, у: “Йўқ, фақат ўкинч бор, холос”, - деб жавоб берди.

Италиялик журналистнинг “Одамлар сизни қандай эслашларини хоҳлардингиз?”, - деган саволига собиқ диктатор ўзига ҳос ғайриоддий ҳазилкашлик билан: “Мени буюк спортчи сифатида эслашларини истардим”, - деб жавоб беради.

Халқ қотилига айланишдан олдин Иди Амин боксчи бўлган. Кейин ўзини президентликка лойиқ деб ҳисоблаб, ҳокимиятни қўлга киритган. Ўзини умрбод президент этиб белгилаганидан сўнг у яна боксга қизиқиш кўрсатади ва ўзида Уганданинг Олимпия командасига қўшилиш иштиёқини сезади. Ёши қирқдан ошган, тайёргарлик жиҳатидан бошқа боксчилардан устун кела олмайдиган Амин рингда бирин-кетин ғалаба қозона бошлайди. Бунинг сабаби жуда содда: спортчилар учун у рақиб эмас, балки давлатнинг даҳшатли раҳбари эди.

Лекин Олимпия командасига танланишига оз қолганида, Амин боксга қизиқишини йўқотади, бунинг ўринга яна ўз сиёсий рақибларини йўқ қилиш фаолиятини давом эттиради.

Уганда собиқ раҳбари дунёнинг энг яхши танилган диктаторларидан бири эди. Лекин жаҳон диктаторлари рўйхати ҳозирда Иди Амин билан тугамайди.

Уганда собиқ президенти Иди Амин, Ҳаити собиқ президенти, ҳозирда Францияда муҳожиратда яшаётган Дювале, Эфиопия собиқ раҳбари, ҳозирда Зимбабведа яхшигина нафақа олаётган полковник Менгисту Хайле Мариам, Полша собиқ раҳбари, ўз мамлакатида яшаётган нафақахўр-генерал Войцех Ярузелски. Рўйхатини яна давом эттириш мумкин бўлган бу диктаторларнинг барига хос бўлган бир сифат бор: уларнинг ҳеч бири ўз қилмишларидан афсусланмайди, уларни виждон азоби қийнамайди.

“Шайтон билан суҳбат: етти диктатор билан учрашув”, деб номланган китоб муаллифи, италиялик журналист Риккардо Оризио бу ҳақда шундай дейди:

- Уларнинг бари ўзларига собиқ сиёсий-мафкуравий хўжайинлари, собиқ колонизаторлар хиёнат қилган, деб ҳисоблашади. Диктаторлар фикрича, Ғарб улардан фойдаланган, зарурат йўқолганида эса, уларни эски ковушдек ташлаб юборган. Албатта, диктаторлар бундан аччиқланадилар, лекин ҳеч қачон виждон азобларини ҳис этмайдилар.

Ўз фожиавий хатоларини тан олмайдиган дикторларнинг барида яна бир умумий жиҳат бор. Оризионинг айтишича, уларнинг бари замонавий “Макиавелли” бўлиб, мақсад унга эришиш учун қўлланилган воситаларни оқлайди, деб ҳисоблашади. Диктаторлар ҳаракати натижасида одамлар азият чеккан, ўлдирилган, қон тўкилган бўлса, улар буни барибир тўғри деб ҳисоблайдилар, “акс ҳолда вазият янада ёмонроқ бўларди, менинг қарорларим, мен танлаган йўлга муқобил йўл йўқ эди”, - деб таъкидлашда давом этадилар.

Ўтмишни эслаётганда эса улар, Уганда собиқ раҳбари Иди Амин боксни ёдга олгани каби, ҳаётларининг нисбатан яхши даврини эслашга ҳаракат қиладилар.

- Улар ҳаётларини турли даврларга, қисмларга бўлишга, ёки бўлмаса, ўзлари ва воқеълик ўртасида девор ўрнатишга жуда усталар. Амин халқ хотирасида буюк спортчи сифатида қолишни хоҳлайди. Худди миллионлаб одамларнинг азоб-уқубатлари, ўн минглаб одамларнинг ўлдириб юборилиши тарих саҳифаларидан ўчириб ташлангандек. Диктаторлар фактларни инкор этишда ҳақиқий экспертлардир.

Диктаторлар ўтмишни тарих саҳифаларидан ўчириб ташлашни истар эканлар, халқаро ҳамжамият нима қиляпти?

Югославия собиқ раҳбари Слободан Милошевичнинг Ҳаагада суд қилиниши, ўтган йили эса Халқаро жиноий суднинг таъсис этилиши собиқ диктаторлар ўз жиноятлари учун жавоб беришлари ва адолатли равишда суд қилинишлари мумкинлигини кўрсатмоқда. Бироқ, танганинг икки томони бўлганидек, бу масала юзасидан жаҳон ҳамжамиятида ягона ва қатъий бир фикр йўқ. АҚШ Халқаро жиноий суднинг тузилишига қарши чиқмоқда. Бундан ташқари, демократик давлатлар ҳисобланмиш АҚШ ҳам, Франция ва Британия ҳам ўз вақтида диктаторларни қўллаб-қувватлаганлар; Иди Амин каби раҳбарларнинг диктаторга айланишларига йўл берганлар.

- Инсоният тарихи давомида ҳали ҳеч бир қудратли давлат ўз ташқи сиёсатини умумбашарий қадриятларга асосланиб олиб бормаган. Сиёсат доимо Макиавелли қадриятларига асосланган.

Макиавелли қадриятлари эса, биринчи навбатда, миллий манфаатларни англатади.

“Дунёнинг у ёки бу қисмида диктаторлик тузуми вужудга келаётган бўлса, - деб давом этади Риккардо Оризио, - қудратли давлат раҳбари “бу раҳбар сиёсати бизнинг миллий маанфатларимизга зид эмас”, деган хулосага келиши мумкин”. Чунончи, Франция ҳукумати Марказий Африкани кўп йиллар давомида бошқарган, каннибал, ақли заиф бўлган генерал Жан-Бедел Бокассани “буюк ҳоким” сифатида эътироф этиб келди.

Эндиликда эса жаҳоннинг қудратли давлатлари томонидан Халқаро жиноий суднинг таъсис этилиши диктаторлар судга тортилиши ва ўз қилмишлари учун бир кун келиб жазоланишига умид уйғотди. Аммо ҳуқуқ тамойилларига кўра, суд ўтмишда содир этилган жиноятларни кўриб чиқмайди. Демак, Иди Амин каби, бошқа собиқ диктаторлар яхши нафақа олишда, тинч, фаровон ҳаёт кечиришда давом этаверадилар.
XS
SM
MD
LG