Линклар

"ҚЎШНИМ МОЛ СЎЙГАН, МЕН ОТ СЎЯМАН..."


Сарвар УСМОН Эътиборингизга ҳавола қилинаётган лавҳа ўзбекларнинг энг яқин қўшниларидан бири - қирғиз халқининг миллий урф-одатлари тўғрисида Сизда бироз тасаввур пайдо қилиши мумкин. Бироқ, биз ҳикоя қилмоқчи бўлган одатларни қирғиз зиёлилари, сиёсатчилари халқ учун зарарли, бундай одатлардан қанчалик тез қутулсак, шунча яхши, демоқдалар. Балки, лавҳани ўқиш давомида ўзбекнинг ҳам эртанги кунга олиб ўтмаса бўлаверадиган, ислоҳ қилиши лозим бўлган одатлари борлиги тўғрисида ўйлаб кўрарсиз?

Қирғизистоннинг "Қабар" ахборот агентлиги яқинда республика жанубидаги туманларда дафн маросимларида йўл қўйилаётган исрофгарчиликларга чек қўйишга ҳаракат қилинаётганлиги тўғрисида хабар тарқатди.

Ўш вилоятининг Олой ва Қорасув туманларидаги баъзи қишлоқ ҳукуматларида дафн маросими ва ундан сўнг ўтказиладиган маросимларда исрофгарчиликка йўл қўйганларга 3000 сўм миқдорида жарима солиниши тўғрисида қарор чиқарилган. 3 минг сўм - тахминан 75 АҚШ долларига тенг ақча.

Дафн ва ундан кейинги маросимларнинг серчиқимлиги тўғрисида олойлик ва қорасувликлар биринчи бўлиб ўйлай бошлаганлари йўқ. Бу муаммо ҳақида Қирғизистонда вақти-вақти билан турли доира ва даражаларда гапирилади.

Хўш, марҳумни сўнгги йўлга кузатиш маросими оддий меҳнаткаш учун неча пулга тушади? Чиқим миқдори шу қадар кўпмики, бу ҳақда шу қадар жиддий гапирилса?

Биз бу саволни қирғизистонлик журналист Айданбекка бердик.

- Фожиа юз берган куниёқ, марҳумнинг танаси совуб совумаёқ, жонлиқ сўйилади, қирғизларда, - дейди у, - бештагача от сўйишади. Одам кўп келди, деб ундан ҳам кўп сўйишлари мумкин, - дейди Айданбек.

Битта отнинг неча пул туришини ҳар бир киши ўзи яшайдиган минтақадаги мол бозоридан билиб олиши мумкин. От билангина иш битмаслигини ҳам писанда қилди суҳбатдошим. Отларга қўшиб, бир- иккита қорамол, бир неча қўй сўйилади.

Албатта, бешта ва ундан ортиқроқ от, бошқа жонлиқ ўзига тўқ хонадонларда сўйилади. Бироқ, ҳеч вақоси йўқ, нон-чойга қаноат қилиб яшаётган оилалар ҳам фожиа юз берса, ҳеч йўқ битта от сўйишга мажбур:

- Чунки, от сўймаслик уят, марҳумни ҳурмат қилмаслик, кўпчиликдан ортда қолиш ҳисобланади ва қарз кўтариб бўлсада жонлиқ сўйишади, - дейди Айданбек.

Бу марҳумнинг жони узилган кундаги ташвишлар. Бундан ташқари учи, еттиси, қирқи ва йилида албатта биттадан мол сўйилади, дейди Айданбек:

- Бу бир аъзоси дафн қилинаётган оила ташвишлари. Марҳумнинг бошқа жойларда яшайдиган яқин қариндошлари ҳам таъзияга анча чиқим қилиб келадилар. Азадорларнинг ҳар бирига бош-оёқ сарупо кўтариб боришлари лозим.

Дафн ва ундан кейинги маросимлар билан боғлиқ бу ташвишлар ортиқчалигини ҳар бир қирғиз тушунади. Бироқ, ўз бошига тушганда, ўша сарф- ҳаражатларни кучи етсаям, етмасаям, қилишга мажбур. (Шу ўринда ўзбекларнинг ҳам тўй маъракаларни исрофгарчиликсиз ўтказайлик, деган мазмундаги охири кўринмайдиган баҳс- мунозараларини эсланг. Бу масалага ҳатто Ўзбекистон президенти ҳам бир-икки бор эътибор берувди)

Мазкур масала Қирғизистон парламентида ҳам кўтарилган, депутатлардан бири урф-одатларни тартибга солиш тўғрисидаги махсус қонун лойиҳасини ҳам ишлаб чиққан, бироқ, у ҳалигача қабул қилинган эмас.

Суҳбатдошим, қирғизистонлик журналист Айданбек эса бундай қонун қабул қилишнинг ҳожати ҳам йўқ:

- Чунки, бу одат асрлардан бери давом этиб келаётибди, шунинг учун бу масалани қонун билангина ечиб бўлмайди, бундай урф- одатлардан қутулиш учун халқнинг дунёқарашида ўзгариш юз бериши лозим, - дейди Айданбек.
XS
SM
MD
LG