Линклар

ЎЗ ПУЛИГА ЯШАЙ БОШЛАГАН МАМЛАКАТ


Сарвар УСМОН Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) Қозоғистоннинг иқтисодий маркази - Олмаота шаҳридаги ваколатхонасини жорий ойда ёпди. Ваколатхона икки йилга мўлжалланган лойиҳасини амалга ошириб бўлди. Халқаро валюта жамғармасига кўра, лойиҳани давом эттиришга ҳожат йўқ: Қозоғистоннинг қарз кўтаришга бундан буён эҳтиёжи йўқ, деб ёзди "Вашигтон Tаймс" газетаси ўзининг 19 август сонида.

Жамғарма вакили, канадалик Жеффри Ойстрикер халқаро молиявий институт вакиллари Қозоғистонга йилда икки-уч бор келиб туришларини, бундай ташрифлар чоғида мамлакат молиячилари билан маслаҳатлашувлар ўтказиб туришларини маълум қилди. ХВЖ вакилига кўра, жамғарманинг Олмаотадаги идораси ёпилиши бу мамлакат иқтисодиётининг соғломлашуви натижасидир.

Мустақилликка чиққан йили - 1991 йилда Қозоғистон маҳаллий саноати ишлаб чиқарадиган маҳсулот жон бошига бўлинганда, Россиядагига нисбатан икки баробарга оз, 1993 йилга келиб эса, бу мамлакатда инфляция 1 600 фоизни ташкил қилган эди.

Бироқ, сўнгги тўрт йил давомида инфляция 6 фоизнигина ташкил қилмоқда, иқтисодият эса 40 фоизга ўсди, деб ёзди, "Вашингтон Таймс", 19 август сонида.

Халқаро валюта жамғармасининг Олмаотадаги ваколатхонаси ёпилганини қозоғистонлик иқтисодчи- журналист Ержан Қарабек мана бундай шарҳлади:

- Бундан уч йил муқаддам Қозоғистон ҳукуматининг ўзи бундан буён Халқаро валюта жамғармаси ёки Жаҳон банкидан қарз олмаймиз, қарз кўтаришмизга зарурат йўқ, деб билдирган эди. Чиндан ҳам шундай. Чунки республикага жуда кўп хорижий сармоя ётқизилмоқда. Энг сўнгги ҳисоб-китоблар бўйича, Қозоғистон иқтисодиётига 22 миллиард доллар инвестиция ётқизилган.


Энди Россиянинг "Новости" ахборот агентлиги тарқатган мана бу хабарга эътиборингизни қаратмоқчиман.

"Новости"га кўра, жорий йилнинг июнида қозоғистонликларнинг пул даромадлари қарийб олти ярим фоизга ортган. Қозоғистон статистика агентлиги маълумотларига қараганда, июн ойида жон бошига 9 минг 631 тангадан даромад тўғри келди (тахминан 60 доллар). Бу кўрсаткич 2002 йилнинг июнидагидан 12 ярим фоиз кўпдир.

Хўш, бу рақам минтақадаги бошқа мамлакатлардагига қиёслаганда озми ё кўпми?

Қозоғистонлик иқтисодчи-журналист Ержан Қарабек бундай қиёслаш албатта, Қозоғистон фойдасига бўлади дейди:

- Марказий Осиё мамлакатлари билан қиёслаганда, албатта, бу кўп. Чунки Қирғизистонда ўртача иш ҳақи 20 доллар, Ўзбекистонда, расмий маълумотларга қараганда 10 доллар атрофида, Тожикистон ва Туркманистонни айтмаса ҳам бўлаверади.

"Бироқ, - дейди у сўзига қўшимча қилиб, - бу ўринда бир нарсага эътибор бериш лозим. Қозоғистонда жон бошига 60 доллардан дейилган. Бу ҳали пул топмаётган гўдаклару болалар ҳамда пенсия ёшидаги қарияларга ҳам шунчадан пул тўғри келаяпти, деганидир. Агар шундай ёндошилса, Қирғизистон ва Ўзбекистонга оид айтилган рақамлар бир неча баробарга озайиб кетиши мумкин".

Хўш, Қозоғистон иқтисодиётининг муваффақиятлари гарови нимада? Бу мамлакат иқтисодий ҳаёти билан яқиндан таниш бўлган кузатувчилар, жумладан, суҳбатдошимиз, иқтисодчи-журналист Ержан Қарабек ҳам, республиканинг оёққа тураётганини унинг жуда катта миқдорда нефт, қора ва рангли металл, буғдой экспорт қилаётгани билан боғлайдилар. Иқтисодиёт ривожининг хом ашё экспортидан тушадиган маблаққа боғлиқ бўлиб қолиши норационал бўлиш билан бирга, ўта хавфли ҳамдир, деган фикрни билдирадилар кузатувчилар. Чунки, масалан, шу бугун жаҳон бозорида нефтнинг нархи уни сотувчиларни қониқтирадиган, иқтисодиёт ривожини таъминлайдиган бўлса, эртага нарх тушиб кетиши ва натижада, эришилган ютуқлар саробга айланиб қолиши ҳеч гап эмас.

Суҳбатжошим Ержан Қарабек, расмий Остона буни тушунаётганини такидлайди:

- Қозоғистон ҳукумати бу масалани тушуна бошлади. Уч йил ичида дунё стандартларига мос маҳсулот ишлаб чиқаришни бошлашимиз лозим. Акс ҳолда биз ортда қоламиз, деган баёнотни қилаяпти.
XS
SM
MD
LG