Линклар

Бағдоддаги портлаш АҚШ ва БМТ муносабатларига қандай таъсир қилади?


Фарангис Саид Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўзининг энг таниқли ва юқори малакали ходимларидан бири Сержио Виейра де Мелёни йўқотди. У ниҳоятда истеъдодли, кўзга кўринган, энг яхши ходимларимиздан бири эди.

Сержио Виейра де Мелёнинг фожиали ўлимини шундай изоҳлаган БМТ Бош котиби Кофи Аннан, бу шахснинг уч ойлик фаолияти натижасида БМТнинг Ироқдаги роли анча фаоллашганини айтиб ўтди.

Де Мелё ўлими маълум бўлиши билан БМТ биноси олдидаги 191 давлат байроқлари, ҳамда ташкилотнинг мовий байроғи пастга туширилди.

Хўш, БМТнинг Бағдоддаги қароргоҳига қилинган ҳужум ташкилотнинг Ироқдаги фаолиятига қандай таъсир қилади?

Ўтган ҳафта БМТнинг Ироқ миссиясини қайта тиклаб, мамлакатга 300 ходимни юбориш ҳақидаги қарор БМТ Хавфсизлик Кенгашида муҳокама қилинган эди. Энди бу режаларга ўзгартириш киритиладими?

БМТ Бош котиби бу саволларга жавобан ташкилот Ироқдаги ишини давоми эттиражагини баён қилди:

- Ироқда кўплаб БМТ ходимлари бор. Биз ишимизни давом эттирамиз. Ниятимиз бу ваҳшиёна ҳужум билан ўзгармайди.

Кофи Аннан Сержио Виейра де Мелёни май ойида Ироқ бўйича махсус вакил этиб тайинлаган эди. Бу қисқа муддат ичида де Мельо БМТнинг Ироқдаги ролини анча кучайтиришга муваффақ бўлди. У ташкилот ва Вашингтон ўртасидаги Ироқ масаласидаги муносабатлар анча совуқлигига қарамай, Ироқнинг АҚШ томонидан тайинланган раҳбари Пол Бремер билан яхши алоқа ўрнатишга ҳам муваффақ бўлганди.

Де Мельо ўрнига ким тайинланиши ҳозирча номаълум. Шу ўринда “БМТ раҳбарияти Ироқ позициясини ўзгартирадими? Ўзининг АҚШ билан муносабатларини-чи?”, деган саволлар туғилиши табиий.

Вашингтонда жойлашган Яқин Шарқ сиёсати институти ходими Рэймонд Тантер БМТ қароргоҳига қилинган ҳужум АҚШ ва БМТ ўртасидаги муносабатларнинг яхшиланишига олиб келади, деб фикр билдиради. Айни вақтда Тантер, БМТни Ироқ сиёсати учун танқид қилган Россия ва Франция каби давлатлар ташкилотга таянч кўрсатишга мажбур бўладилар, деган фикрда:

- БМТнинг Ироқдаги ваколатхонасига янги мандат ва қурол берилади. Ҳа, қурол. Чунки Бош котиб вакили бўлган одамни ўлдириш осон бўлмаслиги керак. Сиз БМТ Бош котибини юмшоқ одам деб ўйлаяпсизми? У юмшоқ эмас, балки аксинча, кескин ваколатларга эга шахсдир. У осонликча орқага чекинмайди.

Бироқ сўнгги пайтда анча кўпайган ҳужумлар, шу жумладан икки ҳафта олдин Иордания элчихонасининг портлатилиши, мана эндиликда БМТ қароргоҳига ҳужум қилиниши АҚШнинг Ироқдаги сиёсати маҳсули бўлиб, БМТ ва Вашингтон ўртасидаги зиддиятларни чуқурлаштиргандек кўринмоқда. Зотан Бағдоддаги БМТ қароргоҳини қўриқлаш учун айнан АҚШ аскарлари масъулдирлар. Нима сабабдан улар БМТ ваколатхонасини тегишли хавфсизлик чоралари билан таъминлай олмадилар?

БМТ Бош котиби Кофи Аннан бу масалани ўзига хос дипломатик жавоб билан шарҳлади:

- Ироқда мавжуд ҳозирги вазиятда айнан оккупация кучлари мамлакатдаги қонун, тартиб ва хавфсизлик учун масъулдирлар. Аммо, бу каби террор ҳужумларига дуч келар экансиз, уларнинг қай томондан бўлажагини асло олдиндан билолмайсиз. Умуман бу каби ҳужумлар олдини олиш мумкинлигига шубҳам бор. Бироқ масалага кенгроқ қарайдиган бўлсак, хавфсизликни таъминлаш АҚШ етакчилигидаги коалиция зиммасидадир.

АҚШ етакчилигидаги коалиция ўз вазифасини бажара олмаётган экан, балки халқаро ҳамжамиятнинг Ироқ иштирокини ошириш вақти келгандир?

АҚШнинг Жонс Хопкинс университети профессори Рут Ведгвуд бу фикрга қўшилади. Ҳужум натижасида Ироқдаги вазиятга қўшилмаслик сиёсатини тутаётган айрим давлатлар бу билан БМТга зиён етказилишини англаб етишларига умид билдирар экан мутахассис, айни вақтда:

- Мен бунинг акси бўлмаслиги, яъни БМТдаги асабийлик ошмаслигига умид қиламан. Бу ниҳоятда қалтис вазифа. Гарчи очиқ айтмасалар-да, бундай ҳужумларнинг ўз ҳарбийларига нисбатан ҳам уюштирилишидан қўрқиб, Ироққа қўшин жўнатишга иштиёқ кўрсатмайдиган давлатлар топилади, деб ўйлайман.

АҚШ ва БМТ ўртасидаги муносабатлар қай тарафга ўзгариши мутахассислар мубоҳасаларига сабаб бўлаётган бир вақтда, жаҳон давлатлари АҚШ раҳбариятини танқидга тутмоқдалар. Чунончи, Мексиканинг БМТдаги элчиси Адолфо Зинзер: “Ироқ АҚШ оккупациясида қолишда давом этар экан, халқаро ҳамжамиятга аъзо давлатлар Ироққа ёрдам беришга мойиллик кўрсатмайди”, - деди жумладан.
XS
SM
MD
LG