Линклар

Исроил ҳукумати Қуддусда уюштирилган бомба ҳужумига чора кўриш масаласини муҳокама қилмоқда.

  • Ҳасанжон

19 август куни Қуддус шаҳрида худкуш террорчи автобусда бомба портлатгани оқибатида 18 одам нобуд бўлди, юзга яқин исроиллик тан жароҳати олди. Нобуд бўлганлар орасида болалар ҳам бор.

Мазкур ҳужумдан сўнг, Исроил ҳукумати сешанба куни кечқурун Фаластин расмийлари билан хавфсизлик борасида ўтказилиши режалаштирилган музокараларни бекор қилди. Сўзлашувлар чоғида Исроил қўшинларини Ғарбий соҳилдаги Жерико ва Қалқилия шаҳарларидан олиб чиқиш ва шаҳарни фаластинликлар назоратига ўтказиш масаласининг муҳокама этилиши кўзда тутилган эди.

Фаластин Бош вазири Маҳмуд Аббос Қуддус шаҳрида амалга оширилган террор ҳужумини қоралади: “Мен бу ҳужумни қоралайман. Бу террор акти ва у Фаластин халқи манфаатига қаршидир. Мен Хавфсизлик вазирига воқеани ўрганиб чиқиш ва уни амалга оширган шахсларга қарши тегишли чораларни қўллаш ҳақида буйруқ бердим. Мазкур жиноят оқибатида азият чеккан оилаларга ҳамдардлик билдираман” - деди Фаластин Бош вазири.

Автобусда портлатилган бомба ҳужуми масъулиятини Хамас радикал исломий гуруҳи ўз зиммасига олди.

Исроил Ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили Гидеон Меир сешанба кунги террор ҳужумини шундай шарҳлади: “Биз бугун тунда гувоҳ бўлган воқеани, афсуски фаластинликлар содир этди. Америка вакили минтақада тинчлик ўрнатиш учун келса, ёки Исроил яхши ният билдирса, бизга террор, кўпроқ террор ва яна террор ҳужумлари орқали жавоб бўлмоқда”.

АҚШ ҳукумати Қуддус шаҳрида амалга оширилган худкуш террор ҳужумини қоралади ва Фаластин раҳбарларини террор тармоғини йўқ қилишга чақирди.

Фаластин Ахборот вазири Набил Амр Рамаллоҳда бўлиб ўтган матбуот конференциясида фаластинликлар тинчлик дастурининг амалга оширилиши тарафдори бўлиб қолишини, чунки шу йўл орқали Исроил ва фаластинликлар хавфсизлиги таъминланишини айтди: “Биз фаластинликлар ўт очишни тўхтатиш келишувига амал қиламиз; вазиятни юмшатишга ҳаракат қиламиз. Сиёсий йўл, ҳамда тинчлик сари Йўл харитаси номини олган дастур талабларини изчиллик билан амалга ошириш - Исроил ва фаластинликлар хавфсизлигини таъминлашига имонимиз комил”.

Исроил Бош вазири Ариел Шарон эса, мазкур ҳужумга қандай жавоб қайтариш масаласини муҳокама этиш учун Исроил хавфсизлик кучларининг юқори лавозимли раҳбарлари билан йиғилиш ўтказди.

Қуддусдаги мазкур террор билан айни пайтда 19 август куни Бағдодда БМТ қароргоҳига қарши уюштирилган бомба ҳужуми халқаро жамоатчиликни жумбушга солди. Бу фожиа жаҳон оммавий ахборот воситалари диққат марказида турибди. Шу муносабат билан Бағдод ва Қуддус шаҳрида бир кунда кетма-кет уюштирилган бомба ҳужумлари ўзаро боғлиқми? - деган савол тилга тушди. Озод Европа – Озодлик радиосининг Яқин Шарқ бўйича мутахассиси Чарлз Рекнегел Яқин Шарқ можароси анча вақтдан бери давом этаётганини, шу сабабли Ироқдаги воқеалар Исроил ва Фаластин можаросига дахлдор эмаслигини айтади: “Менимча, мазкур икки воқеани бир-бири билан боғлаш, мушоҳадага асосланмаган гап бўлиб қолади. Бу тасодифан кетма-кет содир бўлган воқеалардир. Чунки ҳар икки можаро ўз тарихига эга ва уларни осонликча бир-бири билан боғлаб бўлмайди”.

20 август куни Фаластин Бош вазири Маҳмуд Аббос бомба ҳужуми масъулиятини ўз зиммасига олган жангари гуруҳлар билан олиб бораётган сўзлашувларини тўхтатди. Айни пайтда, Аббос Фаластин Хавфсизлик хизматига Қуддус шаҳрида ҳужум уюштирган шахсларни қўлга олиш ҳақида буйруқ берди.
XS
SM
MD
LG