Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:35

Буш “йўл харитаси”ни сақлаб қола оладими?


Фарангис Саид Сўнгги бир неча ҳафта давомида Исроил ва Фаластин ўзаро тинчлик ўрнатишга қарата қадам ташлаётгандек кўринди.

29 июн куни Фаластиннинг радикал исломий гуруҳлари оташкесин эълон қилдилар. Бу эса 2000 йилдан буён минглаб одамлар ҳаётига зомин бўлган зўравонликларга чек қўйилишига умид уйғотди. Аммо 14 август куни Исроил ҳарбийлари Фаластиннинг “Исломий жиҳод” гуруҳи раҳбарини ўлдирдилар. Бунга жавобан бир фаластинлик худкуш-террорчи пайшанба куни Қуддусда ўзини портлатди. Террорчилик акти натижасида 20 одам нобуд бўлди.

(ОВОЗ) Пайшанба куни Исроил армиясига қарашли вертолёт бир автомашинага ракета отганини фаластинликлар айнан шундай қабул қилдилар.

Бу ҳужум оқибатида “Ҳамас” гуруҳи раҳбари Исмоил Абу Шанабнинг ўлдирилгани эса фаластинликлар ғазабини янада кучайтирди. “Ҳамас” ва “Исломий жиҳод” гуруҳлари оташкесинга чек қўйилганини эълон қилдилар. Жума куни Исроил ҳарбийлари Иордан дарёсининг ғарбий соҳилидаги Наблус шаҳрида “Ал-Ақса мазлумлари” гуруҳи аъзосини отиб ўлдирган, яна иккисини яралаганларидан сўнг, мазкур гуруҳ ҳам Исроилга қарши курашишини баён этди.

Абу Шанабнинг дафн этилиши маросимида қатнашган минглаб фаластинликлар уни ўлдирганлардан қасос олишни талаб қилдилар, кўплар эса Фаластин мухторияти Бош вазири Маҳмуд Аббос фаолиятидан норозилик билдирдилар. Баъзилар уни Исроил билан ҳамкорлик қилаётганликда айблаб, истеъфосини талаб қилишди.

“Ҳамас” гуруҳи расмийси Исмоил ал-Ҳанийя дафн этиш маросимида мана бундай деди:

- Исроил ҳали бундан афсусланади. Биз жаҳон ҳамжамиятига Исроил фақат куч ва қаршилик тилини тушунишини исботлаймиз.

Уччала гуруҳ Исроилга қарши “ғалабагача курашиш ёки шаҳид бўлиш”ни мақсад қилиб олганларини маълум қилдилар.

Исроил ҳукумати эса “террор инфратузилмасига қарши жиддий кураш олиб бориш” ниятини билдирди.

Икки тараф ўртасидаги вазият кескинлашар экан, АҚШ президенти Жорж Буш маъмурияти “йўл харитаси” номини олган тинчлик режасини амалга ошириш мумкинми?”, деган саволга жавоб изламоқда.

АҚШ Давлат котиби Колин Пауэлл бу хусусида ҳамон оптимистик фикрда:

- Бу “йўл харитаси”га чек қўйилганини англатмайди. Ҳар иккала тараф ҳозирги вазиятда ечим топиш зарурлигини тушунаётганига ишонаман. Хўш, мақбул йўл қандай бўлиши мумкин? Яна ўлим ва вайронгарчиликми? Террорчилар ютиб чиқсинларми? Фаластин давлатининг барпо этилишига қаршилар ғалаба қозонсинларми? Бегуноҳ одамларни ўлдиришдан бошқа нарсани билмайдиганлар ғалаба қозонсинми? Йўқ. Бизга бу йўл тўғри келмайди.

Айни вақтда Колин Пауэлл Фаластин мухторияти раҳбари Ясир Арафатдан Маҳмуд Аббосга ўз соқчилари хизматидан фойдаланиш имконини беришни сўради.

Айрим кузатувчилар фикрича, Исроил ҳукумати вазиятни янада кескинлаштиришга ҳаракат қилмоқда. Террорчилик ҳаракатлари кўпаяр, бегуноҳ одамлар нобуд бўлишда давом этар экан, бу билан ҳозирда фаластинликлар орасида катта обрўга эга бўлган “Ҳамас” гуруҳига путур етказилади. “Ҳамас” тарафдорлари сонининг камайиши эса уни батамом йўқ қилиш имконини беради. Исроил ҳукумати, мутахассисларга кўра, айнан шуни кўзламоқда.

АҚШнинг Яқин Шарқ институти вице-президенти Дэвид Мэк шундай мутахассислардан бири:

- Исроил Фаластин мухторияти “Ҳамас” ва “Исломий жиҳод” гуруҳларига қарши фуқаровий уруш бошлашини истайди. Лекин, у бунинг уддасидан чиқишига мен ишонмайман.

Исроил ҳукумати Наблус ва босиб олинган бошқа шаҳарларда фаластинликилар шароитини бироз енгиллатганидан сўнг, яна қидирув ва ҳибслар тактикасига қайтди. “Ҳамас” ва “Исломий жиҳод” гуруҳлари тарафдорлари кўп бўлган шаҳарларда эса комендант соати жорий этилди.

Айни вақтда Жорж Буш “Ҳамас” раҳбарларининг банк ҳисоблари “музлатилганини” эълон қилиб, ушбу гуруҳларга кўмаклашаётганликда гумон қилинаётган қолган беш ташкилот текширилишини айтди.

Баъзи таҳлилчилар фикрича, бу билан АҚШ раҳбари Яқин Шарқдаги зўравонликларга чек қўйишга уринмоқда. “Аммо, агар Буш ҳақиқатан ҳам тинчлик ўрнатилишини истаса, - дейди Дэвид Мэк, - у, биринчи навбатда, Исроилга босим кўрсатар эди”. Айни вақтда, мутахассис фикрича, Араб давлатларига ҳам босим кўрсатилиши лозим.
XS
SM
MD
LG