Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:50

ЎЗБЕКИСТОН. 2003 ЙИЛ, МАЙ. ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ АҲВОЛИ.


Сарвар УСМОН Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи "Мемориал" маркази 2003 йил, май ойида инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистонда юз берган воқеа-ҳодисалар тўғрисидаги ҳисоботини яқинда эълон қилди. Қароргоҳи Москвада жойлашган мазкур ташкилот ўз ҳисоботини тайёрлашда Ўзбекистон, Россия ва ғарб давлатларидаги ҳуқуқ ҳимояси билан шуғулланувчи ташкилотлар ҳамда Ўзбекистон вилоятларидаги ҳамкорлари тақдим этган маълумотларга таянган.

"Мемориал" маркази ҳисоботи кенг қамровли бўлиб, унда жорий йилнинг май ойида Ўзбекистонда ўтказилган сиёсий судловлар, сиёсий сабабларга кўра ҳибсга олишлар, сиёсий маҳбусларнинг қамоқдан озод қилиниши, масжидлар ва черковлар ёпилиши, ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистларнинг қувғин қилиниши фактлари ва бошқа характердаги воқеа- ҳодисалар тўғрисида батафсил маълумотлар берилган.

Ҳисоботнинг "Сиёсий судлов жараёнлари", деган биринчи бобида 12 майдан 31 майга қадар Самарқанд вилояти судида Иштиҳон туманилик бир гуруҳ диндор устидан ўтказилган суд жараёни тўғрисида маълумот берилган. "2003 йил январидан апрелигача "Хизб ут-Таҳрир"га аъзоликда айбланиб ҳибсга олинган Тошмуҳаммад Обилов, Музаффар Сатторов, Илҳом Аннақулов, Ўткир Жўрақулов, Бахтиёр Зойиров, Рустам Каримов, Алихон Ўроқовлар суд ҳукми билан 17 йилданга озодликдан маҳрум этилдилар", деб ўқиймиз "Мемориал" маркази ҳисоботида.

Бундан ташқари 26 май куни Тошкент шаҳар Чилонзор тумани судида "Хизб ут-Таҳрир"га аъзолиги учун қамалган 4 маҳбуснинг турмуш ўртоқлари устидан, 28 май куни Андижон вилоят судида икки хизбчи устидан ҳамда 29 май куни Тошкент шаҳар судида 15 хизбчи устидан суд ишлари бошлангани тўғрисида маълумот беради "Мемориал" маркази ўз ҳисоботида.

Ҳужжатнинг иккинчи бобида жорий йилнинг май ойида сиёсий мотивлар билан ҳибсга олинган ўзбекистонликлар тўғрисида маълумотлар берилган. Ўша ойда ҳибсга олинганлар рўйхатида 1999 йили Тошкентда юз берган портлашларни уюштирганликда гумон қилинганлардан 5 киши, "Хизб ут-Таҳрир"га аъзоликда гумон қилинганлар, журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари бор.

Май ойида ҳибсга олинганлардан бири ҳуқуқ ҳимоячиси ва журналист Руслан Шариповдир. Дастурларимизни мунтазам эшитиб келаётган тингловчиларимиз 26 майда ҳибсга олинган Шарипов устидан бошланган суд жараёни ўтган ҳафтада якунига етганидан, судланувчи бесоқолбозликда айбланиб, беш ярим йилга озодликдан маҳрум этилганидан хабари бўлса керак. Руслан Шариповнинг озодликдан маҳрум этилишини ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва халқаро ташкилотлар вакиллари "профессионал фаолияти учун ундан ҳокимият олган ўч", деб билмоқдалар. Куни кеча Руслан Шариповни ҳимоя қилиш мақсадида бир гуруҳ ҳуқуқ ҳимоячилари Тошкентда конференция ва норозилик пикети уюштирдилар.

Умуман, кейинги пайтларда бундай пикетлар Ўзбекистонда тез-тез ўтказилаяпти.

Агар "Мемориал" маркази ҳисоботига қайтадиган бўлсак, ундан жорий йилнинг май ойида Ўзбекистон бўйлаб 10 мартадан зиёд пикет, норозилик намойишлари, митинглар бўлиб ўтгани тўғрисидаги маълумотларни ўқиш мумкин.

Мана уларнинг айримлари:

2 май. Самарқанд. 20 нафардан зиёд киши вилоят прокуратураси биноси олдида маҳаллий милиция ҳаракатларидан норозилик билдирган.

3 май. Тошкент. Ўзбекистон республикаси Олий суди биноси олдида пикет. Уни диний эътиқоди учун қамалган мусулмонларнинг қариндош-уруғлари уюштирдилар.

"Мемориал" маркази ҳисоботидан шу нарса маълум бўладики, норозилик чиқишлари нафақат Тошкент ва Самарқанд сингари катта шаҳарларда, балки чекка туманлар марказларида ҳам бўлиб турибди. Масалан, Фарғона вилоятининг Риштон туманида 21 май куни маҳаллий хотин-қизлардан 20 нафардан зиёди шаҳар ҳокимлиги биноси олдида пикет ўтказган. Аёллар болалари учун оладиган нафақа пулларидан коммунал хизматлар учун ҳақ ушлаб қолишни тўхтатишни талаб қилган. Норозилар вакилларини шаҳар ҳокими муовини қабул қилган ва уларнинг талабларини қондиришга ваъда берган.
XS
SM
MD
LG