Линклар

МҲТ янги СССР деганими?


Сарвар УСМОН У ёқ-бу ёғи яна бир ойдан кейин, 18 сентябр куни Ялтада Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар раҳбарларининг норасмий учрашуви бўлиб ўтади. Мазкур саммитда постсовет мамлакатларидан тўрттаси яна бир ташкилот - Минтақавий ҳамкорлик ташкилотини (МҲТ) тузмоқчилар. Хўш, у қандай ташкилот бўлади? Қайси давлатлар аъзо бўлади бу ташкилотга?

Таркибига Белоруссия, Россия, Украина ва Қозоғистон кириши кутилаётган Минтақавий ҳамкорлик ташкилоти собиқ Совет Иттифоқи ҳудудида тузилаётган навбатдаги ташкилотдир.

МДҲнинг ўзидан тортиб, бошқа барча ташкилотларни кузатувчилар "улфатчиликнинг олий даражали кўриниши", деб баҳолайдилар. Бир сафар у президент меҳмон қилади ҳамкасбларини, бошқа сафар яна бири.

Шу туфайли ҳам, тузилиши кутилаётган янги ташкилотни эътиборсиз қолдириб қўяқолсак бўлаверар эди. "Олдин тузилсин, бирон-бир иш қилсин, ана унда кўрайлик", деган маънода.
Бироқ, тузилажак ташкилотга киришга тайёрланаётган мамлакатлар қаторида Украинанинг ҳам борлиги ўзига хос янгиликдир.

Чунки шу пайтгача, Украинанинг ҳатто МДҲда борлиги ҳам борми-йўқнинг орасида, Киев билан Москва бир-бири билан ўнг қўллари билан кўришсалар, чап қўлларини мушт тугиб чўнтакларида сақлардилар. Ҳатто Украина президенти Леонид Кучманинг яқинда чоп этилган "Украина - Россия эмас" деган китобида мана бундай гапларни ўқиш мумкин:

- Украина билан Россия моҳиятларига кўра, бир-бирига мутлақо ўхшамаган дунёлардир, уларни қанча яқинлаштиришга ҳаракат қилманг, бир-бирлари учун норационал бўлиб қолаверадилар.


Хўш, шундай деб ёзган одам бир ойдан сўнг Минтақавий ҳамкорлик ташкилотига Россия билан биргаликда қўшиладими? Қолаверса, маълумотларга қараганда, мазкур янги ташкилот алай-балай ташкилот эмас, Совет Иттифоқи ўрнини босадиган ташкилот бўлади.

Ҳар қалай, Россияда чиқадиган газеталар, жумладан "Российская газета" яқинда шу мавзудаги мақоласига худди шундай сарлавҳа қўйди.

Собиқ Иттифоқ ўрнига ўринбосар бўладиган ташкилотнинг 18 сентябрда президентлар имзолайдиган ҳужжатлари июлнинг ўрталарида тўрт давлат вакилларининг Қозоғистон пойтахтида бўлиб ўтган учрашувида тайёр ҳолатга келтирилди ҳам. Бироқ, Остона учрашуви иштирокчилари тайёрланган ҳужжатлар мазмунини жамоатчиликдан сир тутмоқдалар. Лекин, икки киши билган нарса учинчи одамга ҳам тезда ошкор бўла қолади. Ўша ошкор бўлган маълумотларга кўра, янги ташкилот
афтидан, чиндан ҳам собиқ иттифоқ ўрнини босадиган бўлади. Озодлик радиоси Украин хизмати бошлиғи Александр Народецкий Украинадаги қатор манбаларига таяниб шундай дейди:

- Қўлга киритилган маълумотлардан шу нарса аниқ бўлаяптики, Минтақавий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар учун ягона мудофаа тизими ва ягона пул бирлиги жорий қилинади,

Хўш, чиндан ҳам шундай бўлса ва президент Кучма мана шундай иттифоққа кирса, унинг қарорини Украина парламенти ва умуман жамоатчилиги қандай қарши олиши мумкин, деб сўрайман суҳбатдошимдан.

- Парламент бундай қарорни индамайгина маъқуллаб қўймайди, жуда жиддий қаршиликлар бўлади. Чунки президент томонидан қўйиладиган қадам мамлакат конституциясига ўзгартиришлар киритишни талаб қилади. Масалан, мамлакат пул бирлигини ўзгартириш тўғрисида тузатиш киритиш лозим бўлади. Бу масаланинг ҳуқуқий томони холос. Ғарбпараст сиёсий мухолифатнинг реакцияси қандай бўлишини ҳам тахмин қилсак бўлади, - дейди журналист Александр Народецкий.
Президент Кучма, мамлакатдаги сиёсий кучлар позицияларини, ўзи қўяётган ҳар бир қадамнинг қаерга олиб боришию қаерга олиб бормаслигини, албатта, яхши билади. Балки, шунинг учун ҳам, у кейинги йилларда ўзини Москвадан узоқроқда тутиб келгандир. Бас, шундай экан, нима учун бугунга келиб, Кучма Путин билан битта ташкилотга кирмоқчи?


"Бу савол украиналик сиёсатшуносларни ҳам жуда қизиқтираяпти, - дейди украин журналисти Александр Народецкий, - баъзи мутахассислар Украина президентлигига сайловлар яқинлашиб келаётганини таъкидлаб, афтидан Кучма Кремл билан муносабатларини бузмай туришни ўйлаётган кўринади, демоқдалар. Мақсад - сайловларда Кремл Украина президентлигига Кучма кўрсатадиган номзодни қўлласин, ёки ҳеч йўқ ҳалақит бермай турсин".

Ана шунақа ажаб савдолар.

Агар, украиналик сиёсатшуносларнинг гапларида жон бўлса, яъни Кучма сайловни ўтказиб олай, у ёғи - бир гап бўлар, деяётган бўлса, (ё эшшак ўлар, ё пошшо) унда 18 сентябр куни Ялтада Белоруссия, Россия, Украина ва Қозоғистон президентлари Минтақавий ҳамкорлик ташкилотини тузиш тўғрисидаги ҳужжатни имзолаш билан МДҲга ўхшаган яна бир чалажон болани йўргаклаган бўладилар.
XS
SM
MD
LG