Линклар

МЕДИАКЕНГАШ. РОЗИЛАР-НОРОЗИЛАР.


Сарвар УСМОН Бир пайтлар оммавий пропаганда воситаси бўлган Қирғизистон матбуоти секин-аста оммавий ахборот воситасига айлана бошлади. Кейинги йилларда бу жараённинг баъзи мевалари кўзга кўриниб ҳам қолди: мустақил газеталар пайдо бўлиб, халққа танилди, журналистлик касбининг обрўси ортди. Бироқ, ҳокимият иш юритишда, айниқса, оммавий ахборот воситалари билан қиладиган ўзаро муомалаларида, советча андозалардан воз кечолмаётганга ўхшайди. Матбуоти анчайин эркин бўлиб қолган Қирғизистонда шу кунларда бир янги ташкилот тузишга ҳаракат қилинаяптики, у, агар тузилгудек бўлса, маҳаллий журналистлар фикрича, сўз эркинлигини чеклаш қуролига айланади.

Қирғизистонлик журналистлардан бир гуруҳи яқинда оммавий ахборот воситалари кенгаши - Медиакенгаш тузиш ташаббуси билан чиққанди.

Ташаббусчиларга кўра, бундай ташкилот ахборот воситаларининг мустақиллигига, журналистлар профессионал маданиятининг шаклланишига, матбуот ходимлари ҳуқуқларининг бузилмаслигига хизмат қилади.

Бироқ, мазкур ташаббусга республикадаги журналистларнинг аксарияти эътиборсизлик билан қараяпти. Медиакенгаш тузиш ташаббусини кўтариб чиққан гуруҳ эса, масалани ҳал қилиш мақсадида ахборот воситалари вакилларини давра суҳбатига таклиф қилмоқда. Бу ташаббусни Қирғизистон президенти матбуот хизмати қўллаб-қувватламоқда.

Медиакенгаш тузиш ҳақидаги гап биринчи бор шу йил июл ойи охирида Бишкекда бўлиб ўтган бир анжуманда пайдо бўлган эди. Фридом Хаус - Озодлик Уйи ва бошқа бир қатор халқаро ташкилотлар ҳамда Қирғизистон республикаси президенти матбуот хизмати томонидан уюштирилган ўша анжуман мамлакат журналистларининг биринчи конференцияси эди. Конференцияда Медиакенгашнинг низоми лойиҳаси анжуман иштирокчиларига тарқатилган эди.

Мана энди, келаси ҳафтанинг бошида Медиакенгаш тузишни таклиф қилаётган гуруҳ Бишкекда шу масала юзасидан давра суҳбати ўтказмоқчи. Бироқ, Медиакенгаш тузиш ташаббусига журналистлар жамоатчилигининг катта қисми лоқайд қолмоқда.

Бишкекдаги пресс-клуб раҳбари Ирина Козлинская, "Российская газета"нинг Қирғизистондаги мухбирлик пункти муҳаррири Элла Тарановалар Медиакенгаш тузиш ташаббуси билан чиққанлардандир. Ирина Козлинская Озодлик мухбирига берган интервюсида журналистикага оид муаммоларни журналистларнинг ўзларидан бошқа ҳеч ким ҳал қила олмайди, деган фикрни билдирган:
- Ҳокимият газетаси бўладими, ўзини мухолифатчи, деб атайдими, ёки мустақилми, хуллас, газеталар ўзларини қандай атамасинлар, уларнинг муаммоларини биров ҳал қилиб бермайди. Медиакенгаш тузиш билан биз ўша проблемаларни ҳал қилиб берамиз, деб иддао қилаётганимиз йўқ. Кўпчилик шундай иддао бор, деб қўрқмоқда, - деди Ирина Козлинская.

Республикадаги мустақил журналистларнинг катта гуруҳи бундай ташкилотга қандай зарурат борлиги тўғрисида аввал чуқурроқ ўйлаб кўриш зарур, деган фикрни билдирмоқда. "Журналистлар" деб аталувчи жамоат ташкилоти лидери Кубан Мамбеталиевнинг фикрича, бу масала тор профессионал масала эмас, шунинг учун уни мамлакат жамоатчилигининг барча қатламлари муҳокамадан ўтказиши зарур.

Мустақил "Аалам" газетаси Бош муҳаррири Чўлпўнбек Абикеев эса, республикадаги ахборот воситаларининг бир қисми ҳокимиятни қўллаб, бошқа бир гуруҳи уни кескин танқид қилиб турган шароитда бундай ташкилотнинг мутлақо кераги йўқ, деб ҳисоблайди. Ҳар бир ахборот воситаси қандайдир медиакенгаш ўрнатадиган тартиб- қоидалар асосида эмас, балки қонун асосида иш юритиши лозим, дейди "Аалам"нинг Бош муҳаррири:

- "Аалам" менинг хусусий газетам, бас шундай экан, ўз фикрини менга зўрлаб ўтказишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Хўш, нима учун мен кенгашга қулоқ солиб, унинг кўрсатмаси билан ишлашим керак экан? - дейди мустақил "Аалам" газетаси Бош муҳаррири Чўлпўнбек Абикеев.

Медиакенгаш тузиш ташаббусини Қирғизистон президенти матбуот котиби Абдил Сегизбаев қўллаб-қувватламоқда. У мустақил журналистлар фикрларини инкор этади. Сегизбоевнинг фикрича, Mедиакенгашни тузишдан мақсад - газеталар билан боғлиқ можароларнинг олдини олишдан иборат:

- Кўп газеталар можаролар орқали машҳур бўлиб олишга ҳаракат қилишмоқда. Бундай можаролардан улар молиявий манфаат ҳам кўрадилар. Шунинг учун ҳам баъзи журналистлар Медиакенгаш тузилишига қарши чиқмоқдалар, - дейди мамлакат президенти матбот котиби Абдил Сегизбоев.

"Моя столица" газетаси Сиёсат бўлими мудири Рина Приживойтнинг фикрича, Mедиакенгаш тузиш ташаббуси аслида ҳокимиятдан чиққан бўлиб, бу иш оммавий ахборот воситалари эркинлигини чеклаш мақсадида қилинмоқда:

- Менимча, Медиакенгаш назорат органи бўлади ва у ҳокимиятга цензурани жорий қилиш учун керак. Низоми лойиҳасига қараганда, Медиакенгаш чексиз ҳуқуқларга эга бўлади. Бу ташкилот агар тузилиб қолса, редакциялар фаолиятига аралашиши мумкин, - дейди журналист Рина Приживойт.
XS
SM
MD
LG