Линклар

Блэр тергов комиссиясига кўрсатма беради

  • Ҳурмат Бобожон

Британия бош вазири Тони Блэр яқинда ёзги таътилдан қайтди. Чеҳрасидаги офтоб излари ҳали сўнмасданоқ Блэр жорий хафта Дэвид Келли ўлими юзасидан тергов комиссияси ҳузурида ҳозир бўлади. Эслатиб ўтамиз, Британия Мудофаа вазирининг қуролланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси доктор Келли жонга қасд қилиш белгиси билан ўтган ой дала ховлисида ўлик холда топилган ва воқеа ўз жонига қасд қилиш дея баҳоланган эди. Бир кун ўтиб эса Би-Би-Си мухбири Эндрю Гиллиган лавҳасига айнан Келли бош манбаа бўлгани ҳақида жамоатчилик хабар топди. Бунгача, Ироқдаги қуроллар хавфи бўрттирилгани ҳақидаги Гиллиган лавҳаси катта сиёсий жанжал марказига тушган эди.

Ҳозирда Лорд Хаттон раҳбарлигидаги мустақил терговчилар гуруҳи айни иш юзасидан терговни давом эттирмоқда. Шу пайтгача, доктор Келли ўлими юзасидан журналистлар, бош вазир Тони Блэр ёрдамчилари, жумладан, унинг матбуот вакили Аластаир Кэмпбэл кўрсатмалари тингланди. Ҳозирча, тергов хулосалари ҳақида гапиришга эрта. Бироқ, Дэвид Келли ўлими билан боғлиқ воқеалар Британия раҳбарияти обрўсига жиддий путур етказгани ҳозирданоқ равшан кўринмоқда.

Ўтган ҳафтадаги ижтимоий сўровлар давомида респондентларнинг учдан икки қисми Британия ҳукумати уруш сабаблари борасида жамоатчилик эътиборини чалғитди, дея фикр билдирган бўлса, сўровда иштирок этганларнинг учдан бир қисми Тони Блэр бугунги воқеалар силсиласида истеъфо бериши кераклигини таъкидлаганлар.

Вирвик университети профессори, сиёсатшунос Уин Грант, Тони Блэрнинг Кэлли иши юзасидан кўрсатмалари унинг учун аҳоли ишнчини қозонишдаги ягона фурсат эканини урғулайди.

- Бу Блэр учун аҳоли орасида тушиб бораётган обрўсини қайта тиклаб олишга бир имкониятдир. Балки, оммавий-ахборот воситаларида кетма-кет берилаётган мақолалар жамоатчиликни ҳукуматдан юз ўгиришга ундагандир. Шундай бўлса-да, воқеаларнинг айрим жиҳатлари ҳали қоронғулигича қолмоқда. Бу эса аҳоли орасида ҳукуматга нисбатан шубҳаларни пайдо қилмоқда, - дейди Грант.

Айни пайтда Лорд Хаттон бошлиқ тергов комиссиясига тақдим этилган минглаб ҳужжат жамоатчиликка очиқланди. Марҳум Келлининг электрон ёзишмаларидан тортиб, Британия ҳукуматидаги олий мартабали шахслар ҳисобот варақаларини ўз ичига олувчи мазкур ҳужжатлар 9000 саҳифа ҳолида жамланди.

Тақдим этилган ҳужжатларда бош вазир идорасида бўлган тортишувлар, жумладан, доктор Келлининг Би-Би-Си лавҳасига бош манбаа бўлгани ва у ҳақиқатан ҳам Би-Би-Си мухбири Гиллиган билан учрашганига иқрор бўлганини жамоатчиликка очиқлаш керакми, деган савол атрофидаги мубоҳасалар матни келтирилган. Жумладан, Британия разведка қўмитаси раиси Жон Скарлетга оид бир ҳужжатга, 8 июл куни Келли ва Би-Би-Си ўртасидаги муносабатлар ҳақида эртами-кеч жамоатчилик билиши кераклиги ҳақидаги қарор илова қилинган.

Дэвид Келли ўлими ва у атрофидаги жараёнларни Британияда чиқадиган "Independent" газетасида мунтазам ёритиб келаётган журналист Викрам Додд, янги маълумотлар Блэр учун катта фожиа бўлиши мумкинлигини айтади. Унинг фикрича, янги маълумотлар Келлининг Би-Би-Си мухбирига асосий манба бўлганини жамоатчликка фош қилинишини хоҳлаган шахс - айнан Тони Блэл бўлганини кўрсатмоқда. Шу пайтгача асосий гумон Британия Мудофаа вазири Жэф Хун зиммасига қўйилаётган эди. Додднинг айтишича, бундай ҳолат Блэр обрўси учун жиддий хатардир.

- Балки бу вазият унинг истеъфога кетишига сабаб бўлмас. Бу ҳақда ҳозирча бир нарса дейиш қийин. Ҳали Лорд Хаттон тергови бошланғич паллада эканини эсдан чиқармаслигимиз керак. Олдимизда ҳали терговнинг иккинчи босқичи турибди. Би-Би-Си ҳамда Келли оиласи адвокатлари гувоҳларни қайта сўроқдан ўтказишади. Бош вазир учун ҳам, ҳукумат учун ҳам энг катта хавф ана ўшанда юзага чиқади, - дейди Викрам Додд.

Британия разведка қўмитаси раиси Жон Скарлет кўрсатмалари сешанба куни тингланади. Мудофаа вазири Жэф Хун эса чоршанба куни комиссияга кўрсатма беради. Айнан шундан кейин, яъни пайшанба куни бош вазир Тони Блэрнинг тергов комиссияси олдида ҳозир бўлиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG