Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:37

Бағдодда БМТ идорасига ҳужум уюштирилганидан сўнг халқаро ташкилотлар ўз хавфсизлиги ҳақида ўйлай бошлади. .


Ўтган ҳафта Бағдоддаги БМТ Бош қароргоҳига террор ҳужуми уюштирилгани, шунингдек, коалиция кучларига қарши қуролли ҳужумлар уюштирилаётгани, халқаро ташкилотларни бундан буён Ироқдаги ўз фаолиятини қандай давом эттириш ҳақида ўйлашга мажбур қилмоқда.

БМТ идорасига ҳужум уюштирилганидан сўнг, ташкилот ўз ходимларининг аксарини Бағдоддан олиб чиқди. Бу ҳақда ҳозирча аниқ рақамлар эълон қилинмади. Бироқ БМТ расмийсининг ахборот агентликларига билдиришича, тез орада БМТ ўзининг 250дан ортиқ вакили, бошқача айтганда хорижлик ходимларининг 70 фоизини Иордания ва Қибрисга жойлаштириши мумкин.

Бағдодда қолган БМТ ходимларининг аксари, бомба ҳужумидан вайрон бўлган идора биноси яқинида чодирларда яшамоқдалар. БМТ расмийлари эса, бомба ҳужуми уларни қўрқита олмаслиги ва Ироқдаги фаолият давом этишини айтмоқдалар.

Айни пайтда, Ироқдаги бошқа халқаро ташкилотлар ҳам ўз фаолиятларини қандай давом эттириши ҳақида ўйлай бошладилар. Хусусан, Халқаро қизил хоч қўмитаси матбуот котиби Нада Доумани мухбирларга, турли тахдидлар туфайли ташкилот эҳтиёт чоралари кўришга мажбур эканини таъкидлади: “Биз ҳужум нишони бўлишимиз мумкинлиги ҳақида маълумот олдик ва буни жиддий қабул қилдик. Қалтис муҳитда фаолият олиб бораётганимиз, шунингдек, пойтахтда ҳамон зўравонликлар кўп учраётганини ҳисобга олсак, тегишли чора кўришдан бошқа иложимиз йўқ”.

Халқаро қизил хоч ташкилоти ўз идоралари хавфсизлигини қайта кўриб чиқмоқда. Матбуот котиби Нада Доумани, ташкилоти айрим ходимларни бошқа ерга жойлаштираётган бир пайтда, бошқалари Ироқда фаолиятни давом эттираётганини айтади: “Биз ходимларимизни Ироқдан эвакуация қилаётганимиз йўқ, аксинча Ироқда қолишга қарор қилганмиз. Ҳозирда айрим хорижлик ходимларни Бағдоддан шимол томонга ва қўшни давлатларга қайта жойлаштиряпмиз”.

БМТ идорасига қарши уюштирилган ҳужум катта-ю кичик халқаро хайрия ташкилотларини бундан буён Ироқдаги фаолиятини давом эттириш-эттирмаслик ҳақида жиддий бош қотиришга мажбур қилди. “Save the children” номли ташкилот ана шундай ташкилотлардан бири. Ироққа 10 миллион долларлик ёрдам дастури билан келган мазкур ташкилот мактаб ва касалхоналарни таъмирлаш, шунингдек, етимхона ва қамоқларда болалар ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш ишлари билан шуғулланади. “Save the children” ташкилоти матбуот котиби Брендан Падди Бағдоддаги БМТ қароргоҳига уюштирилган террор ҳужумидан кейинги воқеликка шундай муносабат билдирди: “Save the children” ва бошқа ташкилотлар хавфсизлик чораларини кучайтирмоқда. Айни пайтда, келгусида Ироқдаги фаолиятни давом эттириш учун нималар қилиш кераклиги масаласини ҳам кўриб чиқмоқдалар”.

Ироқликларга инсонпарварлик ёрдами етказиб бераётган халқаро ташкилотларнинг келгуси фаолиятлари ҳақида қандай қарор қабул қилиши, АҚШ етакчилигидаги коалиция кучлари ва БМТнинг Ироқдаги хавфсизлик вазиятини қанчалар яхшилай олишига боғлиқ бўлиши мумкин.

Жамоатчилик орасида хавфсизлик борасидаги мунозаралар кучайиб бораётган бир пайтда, 26 август куни Ироққа белгиланган биринчи тижорат парвози хавфсизлик сабабларига кўра кечиктирилди. Полшанинг ЛОТ ҳаво йўллари кампанияси Басра шаҳрига белгиланган бу парвоз бир ҳафтадан сўнг амалга оширилиши мумкинлигини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG