Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:46

ДЕНГИЗСИЗ ДАВЛАТЛАР АНЖУМАНИ


Дунёнинг 60дан ортиқ мамлакати транспорт ва савдо вазирлари пайшанба куни Қозоғистоннинг собиқ пойтахти Олмаота шаҳрида йиғилиб, денгиз йўли бўлмаган мамлакатлар учун жаҳон бозорига чиқиш йўлларини излайдилар (лавҳа давомида "денгизсиз давлатлар", деган иборани қўллаймиз)

Қуруқлик халқаси ичида қамалган мамлакатлар ва ўтиш даврини кечираётган ривожланаётган давлатлар вакиллари иштирок этадиган мазкур анжуман ташаббускори БМТ дир.

Халқаро ҳамжамият ҳисоб-китобларига кўра, дунёнинг денгизсиз давлатлари (бундай давлатлар 30 та, Ўзбекистон ҳам денгизсиз мамлакатлар сафида) маҳсулотини экспорт қилишдан кўрадиган фойдасининг қарийб 15 фоизини транспорт учун сарфлайди.

Денгизсиз давлатлар, асосан, Африка қитъаси ҳамда Кавказ ва Марказий Осиё минтақаларида жойлашган.

Арманистоннинг БМТдаги вакили Николай Сааков ўз мамлакати денгизсиз давлатлардан бири эканлиги ва бундай ҳолатнинг оқибати тўғрисида Озодлик мухбирига берган интервюсида:

- Мамлакатнинг денгизсизлиги, жуғрофий тўсиқлар иқтисодият ривожига ҳам тўсиқ бўлаяпти. Чунки транспорт учун кўп ҳаражатлар қилишга тўғри келаяпти. Бу ҳолат саноат ривожига, мамлакатда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг жаҳон бозорида рақобатбардош бўла олишига имкон қолдирмаяпти", - деди.

Озарбайжон ва Туркия билан муносабатлари кескинлашиб кетгудек бўлса, Арманистоннинг чегаралари батамом ёпилиб қолиши ва бу мамлакат товарларини экспорт қилиш учун биргина Грузия йўли қолиши мумкин. Энди Арманистоннинг Грузия билан ҳам муносабатлари ёмонлашиб қолишини бир тасаввур қилиб кўринг...

Денгизсиз давлатларни жаҳон бозорларига олиб чиқадиган йўллар масаласи нақадар муҳимлигини биргина Арманистон мисолида кўриб чиқдик.

Олмаота конференциясида денгизсиз мамлакатларнинг денгизга чиқиш ҳуқуқи, бу мамлакатлар маҳсулотларини денгизга туташ давлатлар ҳудудидан олиб ўтишни осонлаштириш масалалари муҳокама қилинади. Анжуманда шунингдек, темир йўл, дарё транспорти, автомобил ва ҳаво йўллари ҳамда транспорт қувурларидан самаралироқ фойдаланиш бўйича муҳим таклифларнинг ўрганилиши кутилмоқда.

БМТ вакили Харриет Шмидт Олмаота конференцияси муваффақият билан ўтган тақдирда денгизсиз давлатлар учун хайрли истиқболлар очилади, деган ишонч билдирди:

- Донор мамлакатлар техникавий ва ҳуқуқий шарт-шароитлар очилишини кутиб турибдилар. Агар бу масалалар ҳал қилинса, улар денгизсиз давлатларга ёрдам уюштириш масалаларини муҳокама қилишни бошлашга ҳозирлар, - деди БМТ вакили Харриет Шмидт.

У Олмаота конференциясига АҚШ, Германия, Япония, Италия, Греция ва Канада каби донор давлатлар ҳам ўз вакилларини юборганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG