Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 00:20

ҚОЗОҒИСТОНЛИК РУСЛАР


1950-йиллардан 80-йилларнинг ўрталаригача Қозоғистонда руслар қозоқлардан кўпроқ бўлиб келган.

Бироқ, Совет ҳокимиятининг сўнгги йилларига келиб, қозоқлар республика аҳолисининг 39,7 фоизини, руслар эса, 37,8 фоизини ташкил қилди.

1991 йили, Қозоғистон мустақилликка эришганидан сўнг эса, маҳаллий русларнинг каттагина қисми Россия Федерациясига кўча бошлади. Мамлакатни тарк этаётганлар ўз қарорларини миллий камситишга учраганлари ёки иш топишнинг қийинлиги билан изоҳладилар. 2002 йилга келиб руслар 14,8 миллион кишилик Қозоғистон аҳолисининг 4 ярим миллионини ташкил қилди.

Русларни Қозоғистонни тарк этишга ундаган омиллар орасида қозоқ тилига давлат тили мақоми берилиши ҳам бўлди, деган қараш мавжуд. Қозоқ тилига бундай мақом ҳали СССР тарқамай туриб, 1989 йилдаёқ берилган эди. Бироқ, 1995 йили Қозоғистон конституциясига ўзгартиш киритилиб, давлат ташкилотларида ҳамда маҳаллий давлат идораларида рус тилидан қозоқ тили билан бир қаторда фойдаланиш мумкин, деб белгилаб қўйилди.

Шунга қарамай кўплаб қозоғистонлик руслар воқеликдан норозилар. Улар эътиборни радио ва телестанциялар умумий эшиттиришларининг камида 50 фоизи давлат тилида берилиши кераклиги тўғрисида қонун борлигига қаратишади. Бу қонун талаби давлатга қарашли телерадиокомпанияларга ҳам, хусусий станцияларга ҳам бирдай тааллуқлидир.

Маҳаллий русларнинг аксарияти қозоқ тили ролини кучайтириш йўлида қилинаётган ҳаракатларни рус тилини камситиш учун, уни муомаладан сиқиб чиқариш учун қилинаётган ҳаракат сифатида қабул қилмоқдалар.

Қозоқ тилини билмаганлиги учун қозоғистонлик русларнинг ўқишга ва ишга жойлашиш имкониятлари чекланиб қолган, улар мамлакат парламенти ва давлат бошқаруви идораларида озчиликни ташкил қиладилар, дейдилар маҳаллий руслар ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчилар.

Қозоғистонлик руслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида тузилган икки партиядан бирининг аъзоси Юрий Швецов шундай дейди:

- Қозоғистонлик русларнинг ҳуқуқлари камситилаяпти, деб аниқ айта оламан. Мажлисда (Қозоғистон парламенти) ҳам, бошқа вакиллик органларида ҳам руслар жуда оздир. Биз республика аҳолисининг 32 фоизини ташкил қилсакда, ҳокимият органларида вакилларимиз ўта кам.

Қозоғистонлик руслар ҳуқуқлари ҳимоясига отланган иккала партия ҳам ўтган йили қайта рўйхатдан ўтиш учун республика Адлия вазирлиги талабларини бажара олмади. Вазирлик қайта рўйхатдан ўтказиш учун ҳар бир партиядан мамлакатнинг вилоятлари ҳамда катта шаҳарлари аҳолисидан имзо йиғиб топширишни талаб қилди. Бироқ, русларнинг миллий партиялари учун бу бажариб бўлмайдиган талаб эди. Чунки, бу миллат вакиллари, асосан, республиканинг шимолий ва шимоли-шарқий минтақаларида истиқомат қилиб, жанубий минтақаларда улар озчиликни ташкил этади.

Хуллас, қозоғистонлик русларнинг аксарияти бу мамлакатда ўз ҳуқуқларини камситилаяпти, деб билмоқда.

Хўш, бу масалага қозоқлар вакилларининг муносабати қандай?

Улардан бири, дипломат Бўлатхон Тайжан Озодлик мухбирига берган интервюсида мана бу фикрни билдирди:

- Россия матбуотида ёки Қозоғистонда рус тилида чиқадиган газеталарда рус тилида сўзлашувчи аҳолининг ҳуқуқлари маҳаллий халқ - қозоқларнинг фойдасига камситилаяпти, деган маънодаги гапларни кўп ўқиш мумкин. Менимча, бу ерда гап қозоғистонлик русларнинг ҳуқуқлари камситилаётгани ҳақида эмас, балки аксинча, қозоғистонлик қозоқлар ҳуқуқларини қайта тиклаш, уларни русларники билан ҳеч йўқ тенглаштириш тўғрисида бориши зарур. Қозоғистоннинг барча маъмурий органларида, барча хусусий компанияларда иш фақат рус тилида юритилади. Мамлакатнинг собиқ пойтахтида ҳам, янги пойтахтида ҳам, шимолий ва шарқий вилоятларни айтмай қўяқолайлик, асосан, рус тилидан фойдаланилаётганини кўриш мумкин. Иккала пойтахтда ҳам рус тилидаги мактаблар қозоқ мактабларидан бир неча маротаба кўп. Мактабгача тарбия муассасаларида ҳам, олий ўқув юртларида ҳам рус тили асосий тиллигича қолмоқда. Хўш, шундай шароитда яна қандай қилиб қозоғистонлик русларнинг ҳуқуқлари камситилаётгани ҳақида гапириш мумкин, - дейди қозоғистонлик дипломат Бўлатхон Тайжан.
XS
SM
MD
LG