Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:12

АҚШ ва Шимолий Корея дипломатларининг Пекин учрашуви


А. Аррал Чоршанба куни Хитой пойтахти Пекинда иш бошлаб¸ жума кунга қадар давом этадиган олти томонлама музокараларда АҚШ расмийлари Пхеян дипломатлари билан юзма-юз учрашиб¸ Шимолий Кореяни ядровий қуроллар дастуридан воз кечишга ундашни мўлжалламоқда.

Бироқ Вашингтон расмийлари Хитой¸ Япония¸ Жанубий Корея ва Россия дипломатлари ҳам иштирок этадиган мазкур музокараларда жиддий прогресс бўлишига кўп ҳам умидвор эмаслар.

Гарчи АҚШ қуролсизланиш эвазига Шимолий Кореяга махсус бир мукофот ваъда этмаëтган бўлсада¸ бунгача Вашингтон Пхенян ядровий дастуридан воз кечса¸ икки давлат муносабатлари яхшиланишига ишорат қилган эди.

Ўтган йил октябрида Шимолий Корея ядровий қуроллар дастури устидаги ишни қайта бошлаганини тан олганидан буëн¸ АҚШ ва Пхенян ўртасидаги муносабатлар кескинлашиб бормоқда.

Ўтган куздан буëн эса¸ Пхенян Вашингтон билан тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориш ва уруш қилмаслик борасида махсус ҳужжат имзолашни талаб қилиб келмоқда. Бу талабни "ëмон хулқ" белгиси дея баҳолаган АҚШ¸ муаммо юзасидан кўп томонлама музокара ўтказилиши шартида қаттиқ турмоқда.

АҚШ Шимолий Кореянинг ўз ядровий дастуридан воз кечиши¸ барча ядровий материалларини ошкор қилиши¸ ҳамда кенг кўламли текширув ишлари олиб борилишига рухсат беришини истайди.

АҚШ Давлат департаменти матбуот вакили Филип Рикернинг айтишича¸ Давлат котиби ëрдамчиси Жеймс Келли бошчилигидаги АҚШ делегацияси музокараларнинг асосий масаладан чалғимаслигига ҳаракат қилади:

- "Музокаралар марказида Шимолий Корея ядровий қуроллар дастурига якун ясалиши масаласи бўлмоғи керак. Бизнинг бу борадаги позициямиз аниқ ва музокараларда ҳам айнан шу масалани муҳокама қилишни мўлжаллаяпмиз"¸ - деди Давлат департаменти матбуот вакили.

Шимолий Корея апрел ойида Пекинда бўлиб ўтган Хитой ва АҚШ иштирокидаги уч томонлама учрашувдан кейин¸ кўптомонлама музокараларда қатнашишга розилик билдирди. Чоршанба куни Пекинда иш бошлаган кўптомонлама музокаралар хусусида тўхталган АҚШ Давлат котиби ëрдамчиси Жеймс Келли:

"Мен Пекинга қайтганимдан жуда мамнунман. Биз¸ шунингдек¸ хитойлик дўстларимиз ушбу кўптомонлама музокараларни ташкил этиш учун узоқ вақт ишладик. Биз очиқ ва адолатли фикрлар алмашувига умид қилаяпмиз"¸ - деди Келли.

Пекин музокараларига муносабат билдираëтган мутахассислар унга давомли жараëндаги илк қадам сифатида қарашмоқда.

Шимолий Корея бўйича америкалик мутахассис Александр Мансуров ҳам айни фикрда.

- "Мен бу музокараларни "Пекин жараëни" деб атаган бўлардим. Умид шуки¸ сўзлашувлар тўхтаб қолмайди ва вақт ўтиши билан улар жиддийлашади. Муҳими эса¸ музокараларда бирор натижага элтувчи соғлом ақл етарлича бўлади"¸ - дейди Мансуров.

Ҳозирча АҚШ ва Шимолий Корея ўртасида дипломатик алоқалар йўқ. АҚШ юқори мартабали амалдорларидан бирининг мухбирларга айтишича¸ агар Шимолий Корея Америка талабларини амалга оширса¸ муносабатлар нормаллашуви мумкин.

Аммо Пекин музокаралари арафасида икки давлат ўртасида юзага чиққан аччиқ баëнотлар алмашинуви¸ бундай эҳтимолнинг реалликдан ҳали анча йироқлигини кўрсатди.
XS
SM
MD
LG