Линклар

Блэр матбуот котиби Кэмпбелл истеъфога чиқди


Фарангис Саид Мана бир неча ҳафтадан буён Британияда Ироқ оммавий қирғин қуроллари буйича эксперт Дэвид Келли ўлими туртки бўлган суд жараёни давом этмоқда. Жума куни халқаро ҳамжамият диққатини мазкур жараён билан бевосита боғлиқ бир ҳодиса ўзига қаратди: Британия Бош вазири Тони Блэрнинг алоқалар бўйича ёрдамчиси Элестер Кэмпбелл истеъфога чиқишини эълон қилди. Бу хабар дарҳол жаҳон оммавий ахброт воситалари орқали тарқатилди. Хўш, Элестер Кэмпбелл қандай шахс эди? Унинг истеъфога чиқиши Дэвид Келли ўлими билан боғлиқми? Мана шу масалаларни ўрганишга ҳаракат қилган ҳамкасбимиз Фарангис Саид матбуот саҳифаларга ҳам назар ташлайди.

Истеъфо беришинини тушунтирар экан, Британия Бош вазирининг алоқалар бўйича ёрдамчиси, матбуот котиби Элестер Кэмпбелл, оиласи ва шахсан ўзи шундай қарор қабул қилганини таъкидлади:

- Мен кетяпман, чунки оила аъзоларим ва шахсан ўзим айнан шу вақт кетишни тўғри деб ҳисобладик. Мен Даунинг Стритда, Бош вазир билан ишлаган давр ҳақида фақат яхши хотиралар олиб кетаман.

Хўш, оиласи ва шахсан ўзи қабул қилган қарор натижаси бўлмиш истеъфо нима сабабдан бундай катта шов-шувга олиб келди? Элестер Кэмпбелл ким ўзи, у қандай шахс?

Шанба кунги газеталарни бир кўздан кечириб, бу саволга жавоб топиш мумкин.

“Британиядаги энг қудратли шахс истеъфога чиқди”. Бу “Дейли Миррор” газетасининг 30 август сони бош сарлавҳаси. Бошқа газеталар ҳам ундан қолишмадилар ва бир овоздан Элестер Кэмпбелл Лейбористлар партияси ҳокимиятга келганидан буён мамлакатдаги сиёсатни белгилаб келган шахс бўлганини ёздилар. Баъзи газеталар унинг жамоатчилик ҳаётига таъсирини тан олган ҳолда, сиёсатчи фаолиятини ижобий баҳоласалар, бошқалари қораламоқдалар. Айни вақтда газеталарнинг бари бир овоздан Кэмпбелл Британияни сўнгги ярим аср давомида биринчи бор жаҳон ҳамжамити диққат доирасига олиб чиққан сиёсатчи эканини эътироф этмоқда.

Бундай
фикр билдирилишини кутган, ўзига бўлган муносабатни яхши билган бўлса керак-ки, Кэмпбелл жума кунги қарорини эълон қилганида, у турлича талқин қилинишини айтди:

- Бу каби қарорни эълон қилганингизда кўплар унинг ортидаги сабаблар қандай эканини тахмин қилиб, баъзи нарсаларни ўйлаб топадилар. Мен истеъфога чиқишни анчадан бери режалаштираётган эдим.

Бу қарорга апрел ойида келганини айтар экан, Элестер Кэмпбелл, Тони Блэрни ўз қароридан хабардор қилгани ва кетиши муддатини ёз, деб белгилаганини қайд этди.

“Файнэншл Таймс” газетаси Элестер Кэмпбеллни Лейбористлар партиясига иккинчи сайловларда ғалаба қозониш имконини берган шахс, дея таърифлади. “Дейли Экспресс” эса Кэмпбелл ҳукумат вакили сифатида ҳеч бир ножўя иш қилмаганини ёзди.

Газеталарнинг аксарияти Кэмпбеллнинг қудрати ва таъсири катта бўлганини эътироф этсалар, айримлар сиёсатчини қора бўёқларда тасвирлашга шошилдилар. “Дейли Мэйл” уни алдоқчи, урушқоқ, фирибгар ва иғвогар, деб атади. “Сиёсий доираларни коррупциялаштирган одам айнан Элестер Кэмпбеллдир”, - деб ёзди газета ўзининг шанба кунги сонида.

Шундай қилиб, сиёсатчига берилаётган баҳолар турли, баъзида бир-бирига зиддир. Лекин ҳеч бир газета Кэмпбеллнинг сиёсатдаги таъсири катта бўлганини инкор этмади. Ҳукуматда энг катта қудрат ва салоҳиятга эга ҳисобланган, ҳатто Бош вазир Тони Блэр қарорларига таъсир қилиш имконига эга бўлган сиёсатчига бошқача баҳо берилишини кутиш нотўғри бўлса керак.

Айни вақтда газеталарнинг кўпчилиги Кэмпбелл истеъфосига туртки бўлган жараён ҳақида ёзмади. Туртки бўлган жараён эса – Британия ҳукуматининг Ироқ оммавий қирғин қуроллари бўйича досьеси муаллифларидан бири, доктор Дэвид Келли ўлими ва ундан сўнг бошланган суд жараёни бўлди. Маълумотларга кўра, айнан Кэмпбелл ҳукумат досьесининг сўнгги варианти устида ишлаган. Лекин “Файнэншл Таймс” учун Кэмпбелл истеъфосига бошқа нарса сабаб бўлган. “Тони Блэр бош вазирликнинг иккинчи муддати давомида Кэмпбеллга муҳтож эмас. Даунинг Стритда Кэмпбелл даври ниҳоясига етди. Энди у эмас, балки Блэр сиёсатнинг ёрқин юлдузи сифатида кўзга ташланмоқда”, деб ёзди “Файнэншл Таймс”.

“Дейли Телеграф” эса судья Хаттон олиб бораётган тергов бошланиши Кэмпбелл сиёсий карьерасига чек қўйганини таъкидлади. Блэр судда матнини Кэмпбелл ёзиб берган баёнотларни ўқиди. Сўнг матбуот котиби унга “фойда келтириб бўлгани, эндиликда Элестердан воз кечиш мумкинлиги” ҳақидаги хулосага келди ва Кэмпбелл истеъфосини қабул қилди.

“Эндиликда сайловчиларга ёқадиган баёнотларни Блэр учун ким ёзади?”, деган савол билан тугатади мавзуга бағишланган мақолани Британиянинг “Дейли Телеграф” газетаси.
XS
SM
MD
LG