Линклар

Жаҳон савдо ташкилоти: одамлар ҳаётини сақлаб қоладиган ҳужжат имзоланди


Фарангис Саид “Жаҳон савдо ташкилоти учун бу тарихий аҳамиятга эга шартномадир”, - дея таърифлади шанба куни имзоланган ҳужжатни ташкилот раҳбари Супачай Паничпакди.

Айтилган шартнома камбағал мамлакатларга Жаҳон савдо ташкилоти ёрдамида, унинг интеллектуал мулкидан фойдаланган ҳолда дориларни паст нархда сотиб олиш ва бу билан миллионлаб одамлар ҳаётини олиб кетаётган касалликларга қарши курашиш имконини беради. Мазкур шартномани биринчи бор Кения илгари сура бошлаган эди. ОИТС ва бошқа юқумли касалликлар кенг тарқалган Африка мамлакатлари Жаҳон савдо ташкилоти қарорини қўллаб-қувватладилар.

Аммо шанба куни имзоланган шартномани танқид қилаётганлар ҳам йўқ эмас. “Оксфам” халқаро инсонпарварлик ташкилоти ва “Чегара билмас шифокорлар” аъзолари шанба куни эълон қилинган қўшма баёнотда шартнома матни аниқ эмаслиги ва муаммони ҳал этиш йўлларини таклиф этмаслигини қайд этдилар.

“Чегара билмас шифокорлар” раҳбари Эллен Тон фикрича, мазкур қарор АҚШ ва бошқа Ғарб давлатларининг фармацевтика саноати фойдасини кўзлаб қабул қилинган. “У камбағаллар манфаатлари ҳақида ўйламайди. Ишлаб чиқарилаётган дориларга патент бериш амалиёти ўша-ўшалигича қолар экан, дорилар нархи пасаймайди”, - дейди Эллен Тон.

Албатта, бу фикр “Глобаллашув жараёнининг фойдаси кўпроқми, зарарими?” деган мубоҳасанинг яна бир кўринишидир. Жаҳон савдо ташкилоти ривожланган, бой мамлакатлар манфаатларини кўзлайдиган тузилма, дея таъкидлайдиган аксил-глобалистлар учун шанба кунги шартноманинг салбий тарафлари кўпроқ кўринади. Ташкилот раҳбарияти эса ҳужжат тарихий аҳамиятга эгалигини таъкидлашда давом этмоқда.

“Чунки, - деб тушунтиришмоқда Жаҳон савдо ташкилоти расмийлари, - шартномага кўра, ўз фармацевтика саноатига эга бўлмаган камбағал мамлакатлар Ғарбда патентланган дориларнинг арзон нусҳаларини импорт қилиб, ОИТС, безгак, сил ва шу каби бошқа касалликларни даволаш имконига эга бўладилар”.

БМТ маълумотларига кўра, жаҳон бўйлаб 42 миллион одам ОИТСга чалинган. Улардан 30 миллиони Африка мамлакатларида яшайди. Айнан шу 30 миллион одам учун шанба куни имзоланган шартнома устидаги мубоҳасалар ҳаёт ва мамот масаласига айланди.

Чоршанба куни баҳслашаётган томонлар АҚШ таянчи туфайли муросага эришгандек кўриндилар, аммо Филиппин ва айрим бошқа мамлакатлар вакиллари шартноманинг амалда қўлланиши юзасидан шубҳа билдиришди. Жума куни Африка давлатлари учрашувнинг қолган иштирокчиларига қитъадаги ОИТС муаммоси ҳақида яна бир бор маълумот берганларидан сўнг, қатнашчилар якдилликка эришдилар.

Ўтган йил 16 декабр куни шартнома лойиҳаси илк бор таклиф этилганидан буён Африкада 2,18 миллион одам ОИТСдан вафот этди. Шартноманинг имзоланиши оқибатида бу суръат сал бўлса-да сустлашса, Жаҳон савдо ташкилоти мувваффақиятга эришган бўлади.
XS
SM
MD
LG