Линклар

logo-print

Бағдодда аҳоли хавфсизлик вазияти ёмонлашиб бораётганидан шикоят қилмоқда.

  • Ҳасанжон

Ироқ пойтахти Бағдодда жиноятчилик сони ортаётган кўринади. Аҳоли хавфсизлик вазияти бундан бир неча ой аввалгига қараганда анча ёмонлашганидан шикоят қилмоқда. Буни тасдиқловчи статистик маълумотлар йўқ. Аммо содир бўлаётган воқеалар вазият қандайлигини ўз-ўзидан кўрсатиб турибди. 2 сентябр куни полиция идораси яқинида машинага ўрнатилган бомба портлади. Натижада бир нечта одам тан жароҳати олди. Улардан бири оғир аҳволда. Уюштирилган ҳужум сабаблари ўрганилмоқда. Бу воқеа жиноятчилар хоҳлаган пайтда яна ҳужум уюштириши мумкинлигидан далолат беради.

Бассим Саддун Бағдоддаги Американинг “Халқаро медицина корпуси” нодавлат ташкилотида таржимон бўлиб ишлайди. У Озод Европа – Озодлик радиосига берган интервюсида Америка аскарлари Бағдод кўчаларида кам кўринишини, хавфсизликни таъминлаш вазифаси Ироқ полицияси зиммасига юклатилганини айтди. Саддунга кўра, хавфсизлик масаласида Ироқ полицияси муҳим рол ўйнамоқда: “Кўчада полиция ва айрим жиноий тўдалар ўртасида тўқнашув юз берди. Полиция уларни тўхтатишга уринган эди. Натижада икки полициячи қурбон бўлди. Икки жиноятчи отиб ўлдирилди, бошқа бири полиция машинасига ўтириб ўша жойдан қочишга муваффақ бўлди” - деди Саддун.

У полиция ходимларига пора бериш орқали жиноятчилар осонликча қутулиб кетаётганини айтди. Унга кўра, ҳозир Бағдодда АҚШнинг ҳарбий текширув пунктлари йўқ. Барча текширув пунктларини Ироқ полицияси назорат қилмоқда: “Агар қуролингиз бўлса ёки ўғирланган машинани миниб кетаётган бўлсангиз полициячига пора бериб, бемалол ўтиб кетаверишингиз мумкин. Бу катта муаммо”, - деди Бассим Саддун. У сўзига қўшимча қилиб, жиноятлар асосан кундузи содир этилишини, кечқурун эса жиноятчилар маишат билан банд бўлишини айтди.

Мувафак ал-Рубаи Ироқ бошқарув кенгаши аъзоси. У Озод Европа – Озодлик радиосига берган интервюсида, Бағдодда жиноятлар сони ортиб бораётгани ҳақида аниқ гап айта олмаслигини, аммо пойтахтда жиноятчилик кўпайишида фақат коалиция кучларини айблаш нотўғри эканини таъкидлади. Ал-Рубаига кўра, Саддам Ҳусайн уруш арафасида барча қамоқхоналардаги маҳбусларни озодликка чиқариб юборгани жиноятчилик сонининг ортишига сабаб бўлган: “Саддам ўн минглаб жиноятчи, жумладан, жиноий тўдалар аъзолари, қотиллар, ўғри ва қуролли босқинчилик содир этган шахсларни қамоқдан қўйиб юборди. Уларнинг кўпи қатл ижросини кутиб ётган эди. Бир нечта одам ўлдирган қотиллар озодликка чиқариб юборилди” - деди ал-Рубаи.

Ироқда қуролни қўлга киритиш осон. АҚШ армияси лейтенанти Фил Томсон Ройтерс ахборот агентлиги мухбирига, бутун мамлакат қурол-аслаҳа ва ўқ-дори омборига айланганини, чунки қуроллар чўлларда ҳам беркитилганини айтади. Томсон бошлиқ бригада Саддам Ҳусайн туғилган Тикрит шаҳридан шимол томондаги 26 квадрат километр майдондаги қурол-аслаҳа омборларини қўриқламоқда. АҚШ ҳарбийси ўғрилар, жиноятчилар ва террорчилар қуролларни қўлга киритишга ҳаракат қилаётганини таъкидлади.

Бироқ, ал-Рубаи келажакка умид билан қарамоқда. Ҳозирда янги Ироқ полицияси кўнгилдагидек бўлмасада, кун сайин ўз мавқеига эга бўлиб бораётгани ҳамда яхшироқ тайёргарликдан ўтаётганини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG