Линклар

ҚЎШТИРНОҚ (") - ВАТАНПАРВАРЛИК БЕЛГИСИМИ?


Сарвар УСМОН Беларусда нодавлат ташкилотлари ҳамда мустақил матбуотга қарши расмийлар босими тобора кучайиб бормоқда. Баъзи кузатувчилар бунинг сабабини Александр Лукашенконинг президентлик лавозимида учинчи муддатга қолишига имкон берувчи ўзгартишни мамлакат конституциясига киритиш бўйича кампания бошланаётганлиги билан изоҳламоқдалар.

Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи Беларус-Хелсинки қўмитаси раҳбари Татяна Протскаяга яқинда солиқ инспекциясидан қўнғироқ қилишиб, ҳужжатларингизни тайёр қилиб туринг, текширамиз, дейишди.

Эртасига солиқчилар Хелсинки қўмитасининг Минск бюроси ҳужжатларини текширишни бошладилар. Инспекциянинг бошқа ходимлари қўмитанинг республика бўйлаб фаолият кўрсатаётган 12 ваколатхонасини текшира бошлади.

Солиқчилар ҳар бир қоғозни синчиклаб ўргандилар. Бюро бухгалтерияси китоблари бир-бирма варақлаб чиқилди. Ва охир оқибат айб топилди:

- Ёзишмалар қоғозимизда "Беларус-Хелсинки қўмитаси республика жамоат бирлашмаси", деб ёзилган. Шу жумладаги Беларус-Хелсинки қўмитаси, деган сўзларни қўштирноқ ичида ёзишларинг керак эди, дейишди. Биз тирноқлар ичига олмаган эканмиз. Шунинг учун бизни расман огоҳлантиришди. Агар шундай огоҳлантирувлар уч мартага етса, ташкилотимизни ёпиб қўйишлари мумкин, - дейди Беларус-Хелсинки қўмитаси раҳбари Протская хоним.

Беларусдан ташқарида эшитганингиз воқеа куракда турмайдиган гап бўлиб туюлиши мумкин. Бироқ, Протская ва унинг ҳамкасблари расмийларининг бундай амалларига хайрон бўлмай қўйишган. Президент Александр Лукашенко ҳокимияти фуқаролар жамиятининг овозини ўчириб туриш учун вақти-вақти билан мана шундай кампаниялар ўтказиб туради. Протская шу кунда 20 дан зиёд нодавлат ташкилоти маъмурлар томонидан Хелсинки қўмитаси текширилгандай текширилаётганини айтади.

Ўтган ойда президент Лукашенко қўл остидаги амалдорлар билан ўтказган мажлисида давлат мафкурасини халқ онггига сингдириш бўйича топшириқлар берди, бу ишни амалга оширишнинг йўл-йўриқларини кўрсатди. Бундан буён республикадаги корхона, ташкилот ва муассасалар бошлиқларининг мафкура бўйича муовинлари бўлади. Улар республика аҳолиси онггини ёт унсурлардан ҳимоя қиладилар.

Беларусда совет даври қайтиб келаяпти эканда, деб ўйлаётгандирсиз. Бундай фикрга нафақат Сиз, беларусликларнинг ўзлари ҳам аллақачон келганлар.

Беларус журналистлари уюшмаси раиси Жанна Литвина шу кундаги вазият тўғрисида мана бу фикрни билдирди:

- Агар бундан атиги 8 йил муқаддам совет даври ташвиқот машинаси қайта созланади, дейишса, ишонмаган бўлардим. Коммунистик усулларни қайта тиклаш қанчалик осон ва қанчалик хавфли эканлигини Беларус мисолида кўраяпмиз.

Беларус журналистлари уюшмаси раисига кўра, сўнгги икки йил ичида мамлакатдаги мустақил газеталарнинг ярми ёпиб қўйилди. Шу муносабат билан уюшма раҳбарияти 19 сентябр куни бир тадбир ўтказишни режалаштирган. "Ёпилган газеталар куни бўлади 19 сентябр," - дейди Жанна Литвина.

Хўш, мустақил газеталар ва нодавлат ташкилотларини ёпишдан, давлат мафкураси, деб аталаётган, аслида эса, мамлакат президентининг шахсий қарашлари маҳсули бўлган мафкурани халқ онггига сингдиришга ҳаракат қилишдан мақсад нима?

Журналистлар уюшмаси Жанна Литвинанинг фикрича:

- Гап шундаки, жамоатчилик фикри, одамлар шуурини жиловлаб туриш президент учун муҳимдир. Ҳеч қандай ўзгача фикрга йўл қўйилмаслиги лозим, деб ҳисоблайди Лукашенко. Турли референдум ва сайловларда бу жуда қўл келади. Одамлар ёввош бўлишлари лозим. Информациядан маҳрум қилинган киши онгли равишда мустақил қарор қабул қила олмайди. Лукашенкога шу керак.

Мустақил матбуот ва нодавлат ташкилотларига қарши давом этаётган кампаниянинг асосий сабаби эса, маҳаллий кузатувчилар фикрича, президент Лукашенконинг учинчи муддатга ҳам қолишга ҳаракат қилаётганлиги билан изоҳланади.
XS
SM
MD
LG