Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:06

БЎЛАР ИШ БЎЛДИ. БУЁҒИ НИМА БЎЛАДИ?


Сарвар УСМОН 30 августга ўтар кечаси Россиянинг К-159 сув ости кемаси Баренц денгизида чўкиб кетгани тўғрисида ўз вақтида сизга хабар берган эдик. К-159 радиоактив ёнилғида ишлайдиган кема эди. Хўш, бортида бундай хавфли ёнилғи бўлган кема атроф-муҳитга таҳдид солмайдими?

К-159 нинг ҳалокати тўғрисидаги хабарларга қараганда, сув ости кемаси сўнгги 14 йил давомида ишламай турган. 28 август куни уни Полярний шаҳридаги кема таъмирлаш заводига етказиш тўғрисида қарор қабул қилинган. Заводда кемани биратўла бузиб ташлашлари лозим эди.

Баренц денгизида сузиб кетаётган кемага уланган тўрт понтондан бири 30 августга ўтар кечаси кутилмаганда кемадан ажралиб кетадида, кеманинг бир люки очилиб қолади. Дарчадан кирган сув тез орада кемани чўктириб юборади.

К-159 нинг бортида ҳаммаси бўлиб 10 нафар ҳарбий хизматчи бўлган. Улардан иккисининг жасади топилди, бир киши қутқариб қолинди. Қутқарувчилар қолган 7 кишининг қаерда эканлигини аниқлашга ҳаракат қилмоқдалар, дейилади сўнгги хабарларда.

Фожиа тўғрисидаги хабар Кремлга етиб борганидан сўнг президент Путин 30 август куни воқеа юзасидан текширув бошланишини билдирди.

Орадан бир кеча-кундуз ўтибоқ, сув ости кемасининг чўкиб кетишига асосий сабаб - ишни ўзибўларга ташлаб қўйиш ва бепарволик бўлганлиги тўғрисидаги фикрлар пайдо бўлди. Буни Россия Мудофаа вазири Сергей Ивановнинг ўзи ҳам тан олишга мажбур бўлди, деб хабар берди радиомиз мухбири Виктор Резунков. Денгизда кўтарилган 3-4 баллик тўлқинга кеманинг сим арқонлари дош беролмаган.

Бўлар иш бўлди. Маълумотларга қараганда, кема шу кунда сув остида 300 метр чуқурликда ётибди. Эндиги масала - кема бортидаги атом реакторлари атроф-муҳитга хавф солмайдими, деган саволнинг жавобини аниқ билиш ва ўша жавобга асосан иш кўришдир.

Мудофаа вазири Сергей Иванов кема чўкиб кетган зонада радиация даражаси меъёрдагидай, деб баёнот берган. Бироқ, Норвегиядаги "Беллуна" экологик ташкилотининг Санкт-Петербургдаги бўлими мудири Александр Никитин Озодлик мухбирига берган интервюсида шундай деган:

- Кемада ишлатилган ёнилғи билан тўлдирилган актив зонали икки реактор бор. Кема эски бўлгани учун реакторлар герметизациясига шикаст етиш эҳтимоли жуда катта. Агар шундай бўлган бўлса, радиация ташқарига чиқиб кетади. Кема денгиз тубига урилганлигини ҳисобга олсак, денгизга радиация чиқишни бошлади, дейиш мумкин.

Озодлик мухбирига интервю берган бошқа бир мутахассис, истеъфодаги биринчи ранг капитани Игор Курдинга кўра, чўкиб кетган атом сув ости кемаси атроф-муҳит учун потенциал хавфдир:

- К-159 чўкиб кетган зона кема қатнови тиғиз бўлган жойдир. Бу зонада кемаларда балиқ овланади. Шунинг учун хавфли ёнилғиси йўқ қилинмаган икки ядровий реакторли кеманинг денгиз тубида ётиши бу зонада кема қатнови ва балиқчилик учун потенциал катта хавфдир. Шунинг учун ҳам кема сувдан чиқариб олинса, яхши бўларди.

Сўнгги маълумотларга қараганда, чўкиб кетган кемани сувдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилинган. Бироқ, бу ишни уддалашнинг 2004 йилгача имкони йўқ. Буни душанба куни Россия Ҳарбий-денгиз флоти Бош штаби бошлиғи адмирал Виктор Кравченко маълум қилган. Адмиралга кўра, аввал, кемани сувдан чиқариш амалиётининг режаси ишлаб чиқилиши лозим. "Кемани сувдан чиқаришимиз шарт, чунки, реактордаги ёнилғини батамом чиқариб, зарарсизлантиришимиз керак," - деган адмирал Кравченко.
XS
SM
MD
LG