Линклар

logo-print

Путин Бушга “катта совға” қилди


Фарангис Саид Ироқда АҚШ етакчилигидаги коалиция қўшинларига ҳужумлар давом этиб, Америка ва Британия аскарлари ҳалок бўлар эканлар, Россия президенти ўзининг АҚШлик ҳамкасбига яхши совға қилди - Владимир Путин Ироқда тинчликни сақловчи халқаро қўшинларнинг жойлаштирилиши режасини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Шанба куни Россия раҳбари “бунинг ҳеч ёмон тарафи йўқ”, дер экан, халқаро қўшинларга АҚШ етакчилик қилишига ҳам қаршилик билдирмади. Айни вақтда, Владимир Путин тинчликни сақловчи қўшинлар жойлаштирилиши ҳақидаги қарор БМТ Хавфсизлик Кенгаши томонидан қабул қилиниши лозимлигини таъкидлаб ўтди.

Россия, Хавфсизлик Кенгашининг яна икки аъзоси – Франция ва Германия билан биргаликда Ироққа қарши уруш режасига бошдан қаршилик кўрсатиб келган эди. Хўш, Москва позициясидаги бу кескин ўзгаришга нима сабаб бўлди? АҚШнинг пост-Саддам Ироқига нисбатан сиёсати Россия ишончини қозона олдими?

Москвада жойлашган АҚШ ва Канада институти директори муовини Виктор Кременюк фикрича, Путин Бушга “катта совға” қилаётир, чунки БМТ томонидан тасдиқланган қўшинлар Вашингтоннинг Ироқда юз тутаётган қийинчиликларига чек қўйиши мумкин:

- Балки АҚШ ироқликлар қаршилиги камаяди, деб ҳисоблаётгандир. Чунки ироқликлар учун БМТ, Америка қўшинларидан фарқли ўлароқ, агрессия ва босқинчиликни англатмайди. Шу сабабдан талофатлар ва ҳужумлар камайиши мумкин. Ва (Буш учун сайловолди кампаниясида энг муҳим бўлган омил) АҚШ сиёсати камроқ танқид қилинади.

Путин баёноти икки давлат раҳбари учрашувидан бир неча ҳафта олдин эълон қилинди. Виктор Кременюк фикрича, саммитнинг муваффақиятли ўтишидан нафақат Буш, балки Путин ҳам манфаатдордир. “Чунки Россия раҳбари Давлат Думаси устидан назоратни кучайтириб, декабр ойидаги парламент сайловлари ва келаси йил март ойида бўлиб ўтадиган президентлик сайловлари натижаларига таъсир қилмоқчи”, - деб ҳисоблайди мутахассис. Шу билан бирга ҳар иккала давлат президенти – ҳам Путин, ҳам Буш Ироқ бўҳронини ҳал этиш муаммосига юз тутмоқда. “Шанба куни АҚШни қўллаб-қувватлаш ҳақидаги қарорини эълон қилиши билан Путин, - деб фикр билдиради москвалик таҳлилчи, - ўзининг Буш билан шахсий муносабатларини яхшиламоқчи”:

- Россия ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар имзоланган шартнома, тузилган орган ёки икки томонлама механизмлар эмас, балки дўстлик, икки президент орасидаги шахсий муносабатларга асосланади. Россиянинг Ироқ масаласидаги позицияси бу дўстликнинг йўқолиши хавфини туғдирди. Буш Путин танқидини жуда жиддий қабул қилди ва Путинни “кечирмади”.

Россия илгари ҳам Ироқ бўйича позициясини ўзгартирган эди. Урушдан олдин Москва расмийлари Россиянинг Ироқдаги молиявий манфаатларини таъминлашда Вашингтон таянчини қозонишга ҳаракат қилар эканлар, АҚШни танқид қилиш сиёсатидан воз кечган эдилар.

Урушдан аввал Россия Саддам Ҳусайн ҳукумати билан 6 миллиард долларлик нефт контрактини имзоламоқчи бўлган эди. Бундан ташқари совет давридан қолган 8 миллиард долларлик қарзни Бағдоддан ундириб олишга умид қилган Кремл, урушнинг биринчи кунларигача тилини тийиб турди. “Энди эса, - дейди Москвадаги АҚШ ва Канада институти директори муовини Виктор Кременюк, - Россия умидлари пучга чиққанини тушуниб етди”:

- Россия Ироқда ҳамма нарсасини – Ироқ режими қарзларини ҳам, контракт имзолаш имконларини ҳам, ҳаммасини йўқотди. Менимча, ҳеч ким Россияга буларни қайтара олмаса керак. Москва расмийлари буни яхши тушунишмоқда ва шу боис қарзларни тилга олмаяптилар.

Россиянинг Ироқ билан контрактларни қайта тиклашга шай турган консорциуми раҳбари - ЛУКойл ширкати мағлубиятга учраганини тан олишга тайёр. Ширкат вице-президенти Леонид Федуннинг айтишича, АҚШ Россияга нима сабабдан Ироқдаги Ғарбий Курна нефт конидаги ишлар олиб борилиши мумкин эмаслигини “тушунтирган”. Федуннинг қўшимча қилишича, Ғарбий Курна нефт конига оид контрактнинг форс-мажор – фавқулодда ҳолатлар ҳақидаги қисмида уруш эҳтимоли ҳам кўзда тутилган бўлган. Демак, уруш контрактнинг бекор қилинишига олиб келди.
XS
SM
MD
LG