Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 21:56

МУРДАФУРУШЛАР


3 май куни Қирғизистон республикаси парламенти - Жогорку Кенешнинг Қонунчилик палатаси Иқтисодий сиёсат ва тадбиркорлик қўмитасида одамлар жасадлари ва органларини ғайриқонуний равишда экспорт қилиш ҳамда қотиллик ҳодисаларини яшириш тўғрисидаги масала кўрилди.

Қўмита мажлисида, асосан, Гюнтер фон Хагенс деган шахснинг Германиядаги клиника-музейига Қирғизистондан 500 та жасад юборилгани ва бу ишни амалга ошириш жараёнида йўл қўйилган қонун бузиш ҳолатлари суриштирилди.

2000 йили инглиз тилида чиқадиган "Арт" журнали Гюнтер фон Хагенсни "йилнинг энг катта қизиқиш уйғотган рассоми", деб тан олган эди. Хагенснинг ўз музей-клиникаси бор. Хагенснинг музейи - одам музейи. Дунё бўйлаб кўчиб юрувчи музейнинг экспонатлари этни жунжиктиради. Одам организми мучаларининг қандайлигини билмоқчи бўлган одам, Хагенснинг музейига кираверсин.

Бишкекдан олинган маълумотларга қараганда, Гюнтер фон Хагенс 1996 йили Қирғизистон Тиббиёт академияси билан шартнома тузган. Ҳужжатга биноан, Тиббиёт академияси республикадан одам жасадларини Хагенснинг клиникасига етказиб берадиган, клиника эса ўша жасадларнинг мучаларидан қирғизистонлик бўлғуси врачлар - талабаларга кўргазма қуроллар ясаб берадиган бўлган. Медицина академияси бундай шартномани имзолар экан, бу иш "ғайриаҳлоқий эмас, ўликлар тириклар учун хизмат қилиши керак," деган баёнот билан чиққан эди, деб хабар беради Бишкекдаги мухбиримиз.

Бироқ, Жогорку Кенеш депутати Ақбўқўн Таштанбековнинг фикрича, бу бизнес соясида миллионлаб доллар хуфя пул айланган.

Шартнома имзоланганидан сўнг Қирғизистондан Германияга жасадлар жўнатила бошлайди. Тиббиёт академияси раҳбарияти бу ишни қилар экан, "Соғликни сақлаш тўғрисида"ги қонуннинг "Анатомик тортиқ" деган моддасига асосан иш кўрганини билдирган. Қонуннинг мазкур моддасига кўра, агар тиббиёт муассасасида сақланаётган жасаднинг эгаси 30 кун ичида чиқмаса, жасад анатомик тортиқ сифатида Тиббиёт академиясига ўтказиб берилиши мумкин.

Бироқ, Жогорку Кенеш қўмитасининг 3 сентябр куни бўлиб ўтган мажлисида бедарак йўқолган, аммо йўқолганлиги жамоатчиликка оммавий ахборот воситалари орқали билдирилган, суратлари телевизорларда кўрсатилиб, газеталарда босилган кишилар жасадлари ҳам Тиббиёт академиясининг пластинация марказига ўтказиб берилгани маълум бўлиб қолди.

Ўшандайлардан бири - 1931 йилда туғилган Жаналиев фамилияли киши. Бедарак йўқолганига 3 йилу 8 ой бўлганида унинг дараги топилади. Оила аъзолари Жаналиевнинг жасади Тиббиёт академиясида эканлигини билиб қоладилар. Бу ишга депутат Таштанбеков ҳам аралашади.

- Жасадни олиш учун Тиббиёт академиясига бордик. Проректор Кудайбергенова майли, эртага совуқхонадан чиқариб, муздан тушириб берамиз, деди. Эртасига бордик. Жуда қўпол муомала қилди. Совуқхонага икки укам кирган эди, 200 дан зиёд мурдани кўрсатиб, ўзларинг топиб олинглар, дебди. Хуллас, охир-оқибат бизда Жаналиевнинг жасади йўқ, деб туриб олишди, - дейди марҳум Жаналиевнинг укаси.

Бироқ, депутат Таштанбековнинг аниқлашича, Тиббиёт академиясига ўтказиб берилганлар орасида Жаналиевнинг жасади ҳам бўлган. Касалхонага тушганида унинг чўнтагида пенсионерлик гувоҳномаси бўлган. Рўйхатда исм фамилияси, адреси аниқ ёзиб қўйилган. Бироқ, қазо қилганидан сўнг негадир яқинларига хабар етказилмаган. Жаналиевнинг жасади шу кунда Тиббиёт академиясидами ёки Германиядами, бу саволга Жогорку Кенеш палатаси мажлиси пайтида депутатлар Тиббиёт академияси вакилларидан жўяли жавоб ололмадилар, деб хабар беради Бишкекдаги мухбиримиз.

Жасадларни Германияга жўнатиш билан Валерий Габитов деган шахс шуғулланган. Қўмита мажлисида у депутатларнинг саволларига жавоб берди. Габитов жасадларни Жазони ўташ бошқармасидан, яъни қамоқхоналар бошқармасидан, ҳар бирини 400-500 сўмга (тахминан 10 АҚШ доллари) сотиб олар эдик, деган. Бироқ, бу гапни Жазони ўташ бошқармаси бошлиғи Владимир Носов тан олмаган.

Қўмита мажлисида бўлиб ўтган суриштирув давомида Валерий Габитов жасад экспорт қилишдан шахсан ўзи 300 минг марка фойда кўрганини тан олган. Можарога алоқаси бўлганлиги учун Қўмита мажлисига чақирилган бошқа амалдорлар ўзларининг айбсиз эканликларини таъкидлашдан нарига ўтмадилар.

Жогорку Кенеш қўмитаси жасадларни ғайриқонуний экспорт қилишга алоқадор кишиларни ишдан олиш, уларга нисбатан жиноий иш қўзғаш ва масалани палата муҳокамасига қўйиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Қўмита мажлиси пайтида Валерий Габитов, жасадлар экспорти билан шуғулланар экан, бу ишни ҳокимиятнинг энг юқори поғоналарида турувчи амалдорнинг ҳомийлиги остида бажарганини яширмади. Бироқ, ўша амалдорнинг исмини айтишдан бош тортди.
XS
SM
MD
LG