Линклар

logo-print

Афғон наркотик моддаларининг терроризмга хизмат қилиши


А. Аррал БМТнинг наркотик моддалар ва жиноятчиликка қарши кураш олиб борувчи Венадаги идораси ижрочи директори Антонио Мария Костага кўра, Афғонистонда зўравонлик қилаëтган гуруҳ ва шахсларнинг ҳужумлари наркотик моддалар савдосидан келадиган даромад орқали молиялаштирилади. Шу боис, айрим жойларда улар маҳаллий деҳқонларни кўкнор етиштиришга ҳам мажбур қилишади.

"Террористлар билан наркотикфурушлар айни категориядаги одамлар. Наркотик фурушларга қарши чора кўрмасдан туриб, террорчиларга қарши курашиб бўлмайди", - дейди Афғонистондаги вазиятни бориб кўздан кечирган БМТ вакили Мария Коста.

Бундан олдинроқ эса, АҚШнинг БМТдаги элчиси Жон Негропонте ҳам Афғонистонда толибон ва ал-Қайда қолдиқларига қарши кураш билан биргаликда гиëҳванд моддалар етиштиришга қарши фаолият олиб бориш зарурлигини баëн этган эди.

"Афғонистонда кўкнор экишнинг қайта бошланиши мамлакат хавфсизлиги ва қайта қуриш ишларига рахна солади. Биз наркотик моддаларга қарши курашни жадаллаштиришимиз ва кенгайтиришимиз керак", - деган эди АҚШ нинг БМТдаги элчиси Негропонте.

Маълум бўлишича, БМТ вакили Коста АҚШ бошчилигидаги кучларга наркотикфурушлик масаласига жиддийроқ эътибор беришлари кераклигини сўраб, бир неча бор мурожаат қилганидан сўнг, ниҳоят натижанинг гувоҳи бўлган. Яқинда Афғонистондаги АҚШ ҳарбий кучлари мамлакатдаги наркотикфурушликни бартараф этиш мақсадида ноқонуний героин лабороторияларидан бирини бузиб ташладилар.

Ўтган 2002 йили Афғонистон дунëда энг кўп қорадори етиштирган мамлакат бўлган эди. БМТнинг наркотик моддалар ва жиноятчиликка қарши фаолият олиб борувчи идорасига кўра, ўша йили мамлакатда 3750 тонна қорадори етиштирилган. Бу йилги ҳосилдорлик ҳам тахминан шунча бўлиши мумкин, - дейди Коста.

Кузатувчиларнинг мулоҳазаларига кўра, Афғонистондаги бугунги вазият бундан икки йил олдинги вазиятга қараганда, яъни 2001 йилнинг ноябридаги Бонн келишуви асосида ҳокимият тепасига келган президент Ҳомид Карзай ҳукуматининг биринчи кунларига қараганда, анча мураккаблашган. Балки, моддий вазият бир оз яхшиланган бўлиши ва сиëсий мувозанат бир қадар ўз ўрнига тушган бўлиши мумкин. Бироқ, маҳаллий қўмондонларнинг вилоятларда ўз ҳукмронликларини қайта жорий қила бошлаганлари, уларни қуролсизлантириш ҳамда маҳаллий қўмондонларнинг марказий ҳукуматга содиқ сиëсатчилар билан алмаштириш мумкин эмаслигидан далолат бермоқда.

Мамлакатда турли соҳаларда ҳукм сураëтган вазиятни назарда тутиб, эртанги кунга баҳо берган Афғонистон Ташқи ишлар вазири Абдулло: - "Агарда биз мамлакатда давлатчилик асосларини қуришга, керакли муассасаларни ташкил этишга қодир бўлмасак, Афғонистоннинг келажаги нима бўлиши мумкин? Бу аҳволда мамлакат яна турли муаммоларга дуч келиши ва қайта берқарорлик майдонига айланиши мумкин", - дейди Ташқи ишлар вазири Абдулло.

Ўтган йили кўкнори экинларидан деҳқонлар ва наркотикфурушлар кўрган даромад 1.2 миллиард доллардан иборат бўлди. Бу эса, Афғонистон ҳукуматининг йиллик бюджетидан икки баробар кўпдир. "Кейинги пайтларда қорадори етиштириш анча эркинлашиб, жазосиз ишга айланиб қолгани учун, кўкнори экишга зўр бериб ҳаракат қилинмоқда", - дейди мамлакат ҳарбийларидан бири Гулистон.
XS
SM
MD
LG