Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:20

Ироқ масаласи Европа Иттифоқи ва Шанхай гуруҳи учрашувларида муҳокама қилинди


Фарангис Саид Европа Иттифоқига аъзо-давлатлар ҳамда Иттифоққа қўшилишга номзод 10 мамлакат ташқи ишлар вазирлари жума куни Италиянинг Рива дел Гарден шаҳрида йиғилдилар. Икки кунлик учрашувдан мақсад Европа Иттифоқининг бўлажак конституциясини муҳокама қилиш, деб белгиланган бўлса-да, иштирокчилар асосий эътиборни Ироққа қаратдилар.

Ўткан пайшанба куни Дрезден шаҳрида учрашган Германия ва Франция раҳбарлари Герхард Шрёдер ва Жак Ширак АҚШ томонидан БМТ Хавфсизлик Кенгашига тақдим этилган янги резолюция лойиҳасини бир овоздан рад этган эдилар.

Жума куни Италиядаги учрашув давомида АҚШнинг Ироқ сиёсати бўйича шериги - Британия Ташқи ишлар вазири Жэк Стро янги резолюция лойиҳасига таянч билдирар экан, Европа Иттифоқи Вашингтон таклифини қўллаб-қувватлаш имконини топишига умид билдирди:
- Кеча БМТ Хавфсизлик Кенгашининг беш доимий аъзоси иштирокида конструктив муҳокамалар бўлиб ўтди. Бугун эса Европа Иттифоқининг 15 аъзоси билан маслаҳатлар олиб борилмоқда. Мен масаланинг ҳал этилишига оптимизм билан қараяпман. Баъзилар бу ўзгариш етарли эмас, демоқдалар. Аммо айни вақтда ҳамма мазкур ўзгариш БМТ ролини ошириш ва Ироқ суверенитетини ироқликларга қайтариб беришга қаратиб қўйилган тўғри қадам эканини эътироф этаётир.

Европа Иттифоқига аъзо айрим бошқа давлатлар Британия расмийси фикрига қўшилмадилар. Баъзи давлатлар намоёндалари Ироқ масаласи БМТ Хавфсизлик Кенгаши каби юқори доираларда ҳал этиладиган масала, дея таъкидладилар. Шу билан бирга учрашув иштирокчилари АҚШ таклиф этаётган резолюция лойиҳасида Ироқ суверенитетини тиклаш муддати аниқ кўрсатилганини ижобий баҳоладилар.

Муҳокамалар давом этар экан, Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ва номзод мамлакатлар орасида Ироқ масаласида якдиллик кўзатилмаяпти. Муросага тўғаноқ бўлаётган асосий муаммо – Ироқдаги ҳарбий ва сиёсий ҳокимиятнинг АҚШдан БМТга узатилиши, сўнг эса Ироқ халқи томонидан янги ҳукуматнинг танланиши йўлларидир.

Айни вақтда Тошкентда йиғилган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари ҳам муҳокамаларда эътиборни Ироқ масаласига қаратдилар.

Жума куни Россия президенти Владимир Путин Германия ва Франция фикрига қўшилиб, АҚШ тақдим этган резолюция лойиҳасини рад этган эди.

Россия Ташқи ишлар вазири Игор Иванов Тошкент учрашуви чоғида янги резолюцияда БМТга каттароқ рол берилаётганини эътироф этиб, бироқ у етарли эмас, дея таъкидлади. Резолюция лойиҳаси устидан яна ишлаш кераклигини айтар экан, Москва расмийси, “бу жуда жиддий иш бўлади”, деб айтди.

Игор Иванов, шунингдек, расмий Вашингтонни Ироқдаги бугунги вазият ниҳоятда оғир экани ва хавотирларга сабаб бўлаётганини тан олишга чақирди.

- Бу борада баъзи Вашингтон расмийларининг Ироқдаги ҳаёт нормаллашаётгани ҳақидаги баёнотлари одамни ҳайрон қолдиради, холос. Аслида Ироқдаги аҳвол яхшиланмай, аксинча кундан кунга оғирлашиб бормоқда, - деди Россия Ташқи ишлар вазири.

Сентябр охирида Путин Кэмп-Дэвидда АҚШ президенти Жорж Буш билан учрашади. Кузатувчилар фикрича, бу саммитда ҳам асосий эътибор Ироқ масаласига қаратилиши шубҳасиз.
XS
SM
MD
LG